Обаманинг сайловолди “сурприз”и

АҚШда сайловолди кампанияси аста-секин қизғин тус олмоқда. Амалдаги президент бундан тўрт йил муқаддам берган ваъдаларини бажариш учун охирги саъй-ҳаракатларини амалга оширишга интилмоқда. Чунки Обама “шунчаки сўзамон номзод эмас, балки тили билан амали бир одам” эканлигини ҳам исботламоғи керак.

Жума куни АҚШ президенти маъмурияти мамлакатга болалигида келиб қолган, лекин ҳеч қанақа жиноий хатти-ҳаракатлар содир этмаган ноқонуний иммигрантларни депортация қилишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берган. Бу, айниқса, Америкадаги лотинамерикаликлар етакчиларининг олқишига сазовор бўлди. Оқ уй атрофи ва бошқа жойларда ушбу воқеа муносабати билан намойишлар бўлиб ўтди.

Барак Обама Оқ уйдан мурожаат қилар экан, унинг ушбу ташаббуси Америка иммиграция сиёсатини “анча адолатли, анча самарали” бўлишига хизмат қилишини айтиб ўтди. “Бу амнистия эмас. Бу дахлсизлик ҳам эмас. Бу фуқароликка йўл ҳам эмас. Бу вақтинчалик чорадир”, дея ўз фикрини баён этди Обама.

Хуллас, янги тартибга биноан, АҚШга 16 ёшга қадар келган ва айни пайтда 30дан ошмаган ноқонуний иммигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилмайди. Бунинг учун, албатта, жиноят содир этмаган, хавфсизликка таҳдид солмайдиган бўлмоғи лозим. Айни чоғда иқтидорли талабалар, АҚШ Қуролли кучларида хизмат қилганлар 2 йил давомида мамлакатдан чиқариб юборилмайди. Янги тартиб, шунингдек, ишлаш ҳуқуқини ҳам беради. Бунинг учун иштирокчилар АҚШда бўлмоғи ва сўнгги беш йил давомида шу ерда яшаётганини исботламоғи керак. АҚШ ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитанонинг айтишича, бу тартиб амалдаги қонунлар доирасида амалга оширилади.

Юқорида алоҳида қайд этилганидек, АҚШ президенти маъмуриятининг мазкур ташаббуси кўп сонли испан жамоатчилигининг Обамани қўллаб-қувватлашига туртки беради. Негаки, демократлар партияси Обама ҳокимиятга келгач, “DREAM” қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиб, уни қабул қилишни режалаштирган эди. Аммо конгресс, асосан республикачилар ушбу ҳужжатни маъқулламади.

Қолаверса, Обаманинг иммиграция бўйича айтаётган сўзлари амалиётга унчалик ҳам тўғри келмасди. Хусусан, Обама президентлиги даврида АҚШ ноқонуний иммигрантларни қўлга олиш ва депортация қилиш авж олди. Чунончи, биргина ўтган йили АҚШ иммиграция ва божхона идораси 400 мингга яқин нелегални мамлакатдан чиқариб юборди.

Оқ уй маъмурияти вакилларининг “CNN” телеканали айтишича, мазкур тартиб таъсир доирасига 800 минг нафардан ортиқ ноқонуний иммигрантлар тушади.

DREAM қонунини қабул қилишга қарши бўлган республикачилар партияси зудлик билан ушбу тартибга ўз муносабатини билдирди. Чунончи, Айовадан сайланган депутат ушбу тартиб “ноқонуний ва конституцияга зиддир”, шу боис улар Олий судга мурожаат қилишни кўзлаб туришибди. Конгресс вакиллар палатаси Қонунчилик қўмитаси раиси Ламар Смит эса ушбу саъй-ҳаракат миллионлаб ноқонуний иммигрантларни аманистия қилиш эканлиги билан огоҳлантирди. Бошқалар эса шундоқ ҳам оғир аҳволда бўлган меҳнат бозори ушбу тартибдан азият чекишини қайд этишмоқда.

Бир гуруҳ республикачилар Обаманинг мазкур қарори замирида бўлажак сайловларда кўпроқ овоз олишга интилиш ётибди, деб таъкидлашмоқда. Айни пайтда демократлар Обама бу ташаббуси учун маълум овозни йўқотади ҳам, деб айтишмоқда.