Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Миржалол Қосимов: «Ватан танланмайди!»

Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи.

Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди! Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби билан Осиё чемпионлар лигасининг чорак финалига қадар етиб борган Миржалол Қосимов эндиликда собиқ бош мураббий – Вадим Абрамовнинг вазифасини қабул қилиб олди. Унга жамоада Шуҳрат Мақсудов ёрдам беради.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012 чиптасини сўнгги дақиқаларда бой берганидан сўнг, футбол мухлисларининг умиди миллий терма жамоадан бўлиб турганди. Аҳамияти у қадар катта бўлмаган ўйинда Япония миллий терма жамоасини сафарда мағлуб этган Вадим Абрамов шогирдлари, IV саралаш босқичини муваффақиятсиз бошлашди. Худди олимпия терма жамоаси сингари, миллийчилар ҳам сўнгги дақиқада ўз дарвозаларидан гол ўтказиб юборишди. Мазкур сабабларни инобатга олган Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоалар маркази Вадим Абрамовни истеъфога чиқарди.

Қайд этиш керак, тўрт йил аввал Рауф Инилеев айнан шу босқични 2та мағлубият билан бошлагач, унинг ўрнини Миржалол Қосимов эгаллаганди. Дастлабки икки турда йўқотилган қимматли очколар терма жамоанинг кейинги тақдирига ҳам жиддий таъсир кўрсатгани сир эмас. Ҳозирга қадар саралашнинг фақатгина 1та тури ортда қолди. Қолган 7та ўйинда жамоани майдонга Миржалол Қосимов олиб тушади. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Миржалол Қосимов 2010 йилнинг 16 март куни постни Вадим Абрамовга топширганди. Осиё Кубоги-2011 саралашининг сўнгги турида БАА терма жамоаси Ўзбекистонни Тошкентда мағлуб этгач, шундай қарорга келинган. Ваҳоланки Миржалол Қосимов мураббийлигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси қитъа мамлакатлари орасида биринчи бўлиб саралашни муваффақиятли якунлаб бўлган, БААга қарши ўйин ҳеч қандай аҳамият касб этмасди.

Вадим Абрамов мураббийлигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда илк марта Осиё Кубогининг ярим финалига қадар етиб борди. Вадим Абрамов билан Ўзбекистон биринчи бор Японияни мағлубиятга учратди. Кечаги ўйинда Абрамов Эрон миллий терма жамоасини таслим қилган мураббийга ҳам айланиши мумкин эди. Бироқ бутун ўйин давомида ҳимояда ҳаракат қилган Карлуш Кейруш шогирдлари сўнгги дақиқадаги гол эвазига ғалабани илиб кетишди. Ўзбекистон футбол федерацияси миллий терма жамоани Осиё Кубогининг ярим финалига қадар етаклаб борган Вадим Абрамовга ўз миннатдорчилигини билдиради!

—————————————————————————————————————————————————

 

Миржалол Қосимов: «Ватан танланмайди!»

 Ўзбекистон миллий терма жамоасига бугун тонгда янги бош мураббий этиб тайинланган Миржалол Қосимов билан матбуот-анжумани ўз якунига етди. Эрта тонгда «Бунёдкор» билан машғулот ўтказаётган мутахассис, энди уни терма жамоа футболчилари билан машғулот кутиб тургани сабабли, матуот-анжумани узоқ давом этмади.

Терма жамоа постини Вадим Абрамовга топшириб, яна ундан қайта қабул қилиб олган Миржалол Қосимовни футбол журналистлари қарсаклар билан кутиб олишди. Унутмаслик керакки, Эрон билан ўйин олдидан ташкил этилган матбуот-анжуманида улар Вадим Абрамовни ҳам қарсаклар билан кузатиб қўйишганди. Ўз навбатида Эрон билан бўлиб ўтган ўйинга тўхталар экан Миржалол Қосимов, Ўзбекистон чиройли ва ҳужумкор футбол намойиш этганини қайд этиб ўтди: «Кеча миллий терма жамоа мағлубиятга ҳақли эмасди. Бутун ўйинни ҳимояда ўтказганига қарамай, Эрон ортга ғалаба билан қайтди. Бунда кимнидир айблаш ноўрин. Боиси терма жамоа қўлидан келган барча ишни амалга оширди».

Табиийки, ҳар қандай янги мутахассис жамоани қабул қилиб олиши билан мураббийлар штабига ўзгартириш киритади. Журналистларнинг бу борада берган саволларига Миржалол Қосимов қуйидагича жавоб қайтарди: «Мен бу ерга кимнингдир калласини олиш учун эмас, ишлаш учун келдим! Мураббийлар штаби ўзгармайди». Эронга қарши ўйинда Одил Аҳмедовнинг марказий ҳимояда ҳаракат қилгани футбол жамоатчилиги ўртасида турли ҳил бахс ва мунозараларга сабаб бўлди. Аҳмедовнинг позицияси ўзгариши мумкин ёки йўқлиги борасидаги саволга Қосимов қисқача «Ҳа» дея жавоб қайтарди.

Тўрт йил аввал ҳам Миржалол Қосимов Ўзбекистон миллий терма жамоасини деярли худди шундай вазиятда қабул қилиб олганди. 2010 йилги мундиал йўлида кураш олиб бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги саралаш босқичининг дастлабки икки турини бой бергач, Қосимов катта саҳнага чиққан ва илк сафар ўйинида Японияни 2 очкодан маҳрум қилган. Бу сафар Қосимов 1та мағлубиятдан кейиноқ терма жамоага таклиф этилди. Бу сафар ҳам Миржалол Қосимовнинг илк расмий ўйини сафарга тўғри келади: 8 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Байрутда Ливан меҳмони бўлади. Қизиқ томони, тўрт йил аввал «Бунёдкор» Осиё чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар етиб борган бир паллада, Қосимов терма жамоага чақирилганди. Бу сафар «қалдирғочлар» чемпионлар лигасининг чорак финалида турган бир пайтда, мураббий терма жамоа чақирувига яна «лаббай» дея жавоб қайтарди.

«Терма жамоадаги фаолиятим билан бир қаторда «Бунёдкор»да ҳам ишлашда давом этаман», дейди Қосимов. Иккинчи сафар ҳам жамоани жуда қийин аҳволда қабул қилиб олаётгани ҳақидаги саволга мураббий қуйидагича жавоб қайтарди: «Ватан танланмайди! Мен унинг учун хизмат қилишга доим тайёрман!». «Очиғи терма жамоадан тушган таклиф мен учун кутилмаган бўлди. Ҳаммаси бир куннинг ичида ҳал этилди. Олдинда бизни Ливанга қарши ўйин кутиб турибди. Бу борада нимадир дейишим қийин. Таркибда ўзгариш бўлиши мумкин. Ихтиёримизда сариқ карточкалари туфайли Эронга қарши ўйнай олмаган футболчилар ҳам бўлади. Қолаверса Ливан иштирокидаги ўйинларни томоша қилиб, рақибни ўрганиб чиқишимиз керак».

«Миллий терма жамоа кимнингдир шахсий мулки эмас, у бутун ўзбек халқининг жамоасидир. Унинг нафақат хурсандчилик кунларида, балки мағлубиятларидан кейин ҳам бирга бўлишимиз керак», – дейди Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи.

 ———————————————————————————————————————————————————–

 Вадим Абрамов: Қўлимдан келган барча ишни қилдим

Эрон терма жамоасига қарши кечган омадсиз учрашувдан сўнг, кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш юз берганидан хабарингиз бор. Вадим Абрамов ўз лавозимидан озод этилди ва унинг ўрнига Миржалол Қосимов терма жамоа бош мураббийи этиб тайинланди. Вадим Карленович истеъфога чиқарилгач, бу борадаги фикрларини билиш мақсадида мураббий билан қисқача суҳбатлашдик.

– Вадим Карленович, кечаги учрашувдан кейин нима бўлди?

– Терма жамоани тарк этдим. Бор гап шу. Бошқа айтарли ҳеч нарса.

Ишдан бўшатиш ҳақидаги аризани ўз хоҳишингиз билан ёздингизми?

– Бу саволни Федерациядагиларга берганингиз маъқул. Мен ҳар доим, агар Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон Чемпионатига чиқарадиган мураббий топилса бош мураббийликни топширишимни айтганман. Федерациямиз бундай мураббийни топди ва мен ўрнимни бўшатдим.

 – Энди нима қилмоқчисиз?

– Миллий терма жамоамизга омад тилаб, чин дилдан мухлислик қиламан.

– Мухлисларга қарата айтар сўзларингиз ҳам бўлса керак…

– Барчаси учун раҳмат дейман. Кечаги мағлубият ва айниқса Олимпиадага чиқа олмаганлигимиз учун узр сўрайман. Мен ушбу фаолиятим давомида терма жамоа манфаати йўлида қўлимдан келган барча ишни қилдим. Гоҳида хурсандчилик, гоҳида омадсизлик. Бу футбол. Жамоамизни қўллаб-қувватлашдан тўхтаманг, деб қоламан. Уч йиллик давр ичида нима қилган бўлсам ҳам терма жамоа натижаси учун қилдим.

Манба: www.the-uff.com ;  www.uff.uz;  www.championat.uz.