Руслан ШАРИПОВ: “Мени манманлик синдирди…”

 

Руслан Шарипов… У куйлаган қўшиқлар, яратган мусиқалар мухлислар юрагига чуқур кириб борган. Санъаткор айни дамда камнамо бўлса-да, ўз мухлислари соғинчини ҳис қилади. Буни қуйидаги дил сўзларидан ҳам билиб олишингиз мумкин.

 Биласизми, яна нимани истардим? Одамлар қўшиқларимни тинглашини, яна концерт дастурлари беришни… Гап пулда эмас. Мен мухлисларни соғиндим. Олқишларни соғиндим. Насиб қилса, уларимга аталган бир сюрпризим бор. Буни баҳорда ошкор қиламан. Айтишим мумкин бўлган нарса — ёзда Дилдора Ниёзова билан куйлаган “Чилла” номли дуэт қўшиғимиз ўша сюрпризнинг бошланиши эди. 

Тарихни эслаб… (ёки “Ташриф қоғозим”)
— 1987 йилларда ижодимни “Бай” гуруҳи билан бирга бошлаган эдим. Ўша вақтлари жуда кам бўладиган махсус аппаратуралар сотиб олганмиз. Жавоҳир Зокиров қўшиқ куйлаётган вақтимизда орқа тарафда бизни эшитиб ўтирарди. Шундан сўнг Жавоҳир студияга Ҳусан Содиқов, Тоҳир Содиқов ва Баҳодир Пўлатовларни олиб келди. Уларнинг “Эсингдами сени, қиш кунлари…”, “Гулим”, “Оҳ, менинг Маликам”, деб айтиладиган қўшиқлари бор эди. Тинглаб кўрсам, овозлари ҳам қўшиққа жуда мос келарди. Уларга атаб жами 10 та қўшиқ қилсак, кейин битта альбом чиқаришни режалаштирдик. Орадан бироз вақт ўтиб, альбом ҳам чиқди. Гуруҳга нима деб ном беришни жуда кўп ўйлаганмиз. “Болалар” деб қўйиш кераклигини айтганимда, Баҳодир жуда хурсанд бўлиб кетганди. Ҳатто “Болалар!” деб бақириб, ўрнидан туриб ҳам кетган. Шундан сўнг бу гуруҳга бадиий раҳбар бўлиб фаолият бошладим. Собиқ “Алпомиш” спорт саройидаги концертда иштирок этиб, ўз мухлисларига эга бўлишга улгурган “Болалар” ёшларнинг энг севимли гуруҳига айланганини ҳис этганман. Машҳурлик жуда тез келди. Вилоятларда ҳар куни 2-3 мартадан концерт беришдан чарчамаганмиз. (Узоқ хўрсиниш ва ширин энтикиш билан). Ўша вақтлари жуда омадли эдик.

Бироқ Баҳодир ҳуқуқшунослик соҳасида ўқиганлиги боис, орадан кўп ўтмай ўз йўналишини танлади. Жавоҳир эса актёрлик соҳасида ўқиш учун Москвага кетадиган бўлди. Натижада, Тоҳир гуруҳнинг яккахон хонандасига айланди. Бу гуруҳнинг ўзига хос шижоати менга ҳам ўтганди. Бир йилда учта альбом чиқарганмиз. Кейин мен ўзим ишлаётган “Бай” гуруҳидан кетдим. Уни устозимга топширдим. Шуни алоҳида айтишни истардимки, 1987 йилдаги “Наво” гуруҳи менинг бастакор сифатидаги “ташриф қоғозим” эди, десам, хато бўлмайди.

“У билан ўтган вақтларинг…”

— Кўпчилик эркак хонандаларнинг мухлислари аёллар бўлиши маълум. Бироқ менда акси эди (кулади). Кўпинча, йигитлар тўйлар ёки тадбирларга таклиф қиларди. Боргач, бутун оиласи билан мухлисимиз эканлигига гувоҳ бўлардик. Мухлисаларим орасида энг ашаддийси озарбайжон миллатига мансуб бир қиз эди. Ҳозир у Бокуда…

Биласизми, шундай вақтлар бўладики, одам руҳан қийналади. Кимдир сен учун ҳамма нарсага тайёр, борини бериб бўлса ҳам ёнингда қолишни истайди. Бироқ билиб турасанки, у билан қололмайсан. Лекин у билан ўтган вақтларинг кишига ёқимли бўлади…

“Замон билан ҳамнафас бўлолмадим…”

— Инсон ҳаётида турли босқичлар бўларкан. Қўшиқ куйладим, мусиқа ҳам ёздим. Кимлардир мендан ёрдам сўраб келса, ёрдам беришга ҳаракат қилардим. Ҳамма ишим яхшидек кўринарди ўзимга. Бироқ аслида бундай бўлиб чиқмади. Қайсидир маънода ўзимга ва ҳаётимга беэътиборлик қилган эканман. Нуқул янги гуруҳ тузардим ва уни охиригача олиб бормай, гоҳ унга, гоҳ бунга бериб юборардим. Натижада эса ҳар сафар янгидан бошлашга тўғри келарди. Бунинг устига замон ўзгараётган, ҳамма нарса тезкор бўлиб бораётганди. Мен эса давр билан ҳамнафас бўлолмадим, шекилли. Чунки, рекламаларга, сайт очишга беэътиборлик қилдим. Бир қарашда оддий кўринса ҳам, булар муҳим нарсалар эканини анча кеч англаб етдим… Кимдир ниманидир бой берса, бунга фақатгина ўзи сабабчи бўлади. Унинг пешонасига шу ёзилган бўлади.

Хатолар…

— Бир қадамни нотўғри ташладим. Мана шу менинг энг катта хатоим бўлди, десам ҳам бўлади. Хориждан янги техникалар келтириб, бу ерда энг замонавий студияни очмоқчи бўлдим. Бунга ҳам бир йилга яқин вақт кетди. Келтирган жиҳозларимга мос жой ҳам керак эди. Жой топгандан сўнг эса уни таъмирлаш ишларига ҳам яна бир йилдан зиёд вақт сарфладим. Кейинчалик режаларим амалга ошмади. Натижада, келтирган техникаларимни ярим баҳосига сотишга мажбур бўлдим. Орадан 2-3 йил ўтиб кетганди. Қўлимда маблағим қолмади. Касод бўлгандим. Одамлар унутишди. Мана шу энг катта хатоим, десам адашмайман. Ўзимни тиклаб олишга кўп вақт сарфладим. Жуда яхши лойиҳаларим бор эди. Оригинал концертлар қилишни, ҳеч кимникига ўхшамаган дастурлар тайёрлашни ўйлаганман. Бироқ хатога йўл қўйганимни кеч тушундим.

“Топганларим, йўқотганларим…”

— Ақл топдим. Мана, 45 ёшимда шуни англаб етдим. Агар шу ақлим аввалроқ бўлганда, балки ҳаммаси бошқача бўлармиди, деб ўйлайман. Жуда кўп адашдим. 1999-2000 йилларда Худо мени жуда кўп сийлади. Қанча-қанча имкониятлар берди. Натижада машҳур бўлиб, атрофимдагиларнинг гапларига беписанд қарай бошладим. Манманлик юрагимни қамраб олди. Шунинг оқибатида кўп нарсаларни бой бердим. Манманлик одамнинг юрагига ўрнашиб, кўзларини кўрмас қилиб қўяётганлигини ўзинг ўша вақтда англамас экансан. “Сиз зўрсиз”, дейишганда қулоқни беркитиб қочишни ҳам билиш лозим экан. Шунда бу иллат инсон руҳиятига даҳл қилмайди. Машҳурликдан ўзимни ягона деб билардим. Худди буларнинг охири йўқдек… 2000 йилда Фарғона водийсида кўп кунлик концерт бергандим. Одамларнинг олқишлари, мақтовлар, “юлдузлик”… Мана шулардан гоҳида кўз юмиш ҳам фойда экан. Аслида инсон ўзига берилган имкониятларни вақтида англаб, тўғри фойдалана олиши, унга шукр қилиши лозим. Буларни энди англаганлигим учун ҳам айтяпман.

Ҳамкасбларга муносабат…

— Санъаткорлар ичида Насиба Абдуллаевани жуда ҳурмат қиламан. Муҳриддин Холиқовнинг ижоди, Лайлонинг қўшиқлари жуда ёқади. Бир эсланг-а: “Барибир сени севаман, осмонларга учиб кетсам ҳам…” Шу биргина қўшиқ уни қанчалар машҳур қилганди.

Ёшлардан Дилдора Ниёзовани, Зиёдани, “Божалар”ни ҳам алоҳида таъкидлашим мумкин. Улар ўз йўналишига ва мухлисларига эга.

Биласизми, бир тадбирда Сардор Раҳимхон ва Улуғбек Раҳматуллаев “Устоз” деб қилган муомаласидан сўнг жуда хурсанд бўлдим. Айрим ёшлар бугун умуман бошқа оламда яшаётганга ўхшайди. Халқ артистларини санаб беришни айтсангиз, бирортасини биладими, йўқми? Ўзингиз бирорта исмни айтсангиз, “У ким?” деб сўраши тайин. Бунда ҳамма айб ёшларда, дея олмайман. Сабаби, ёшларга катталарни ҳурмат қилишни, устозлар ижодига бефарқ бўлмасликни биз ўргатишимиз лозим. Ана шу нарса назаримда бироз эътиборсиз қолаётгандек…

Оила…

— Оиламизда ҳеч ким менинг қўшиқчи ёки бастакор бўлишимни истамаган. Сабаби, шифокорлар оиласидан эдим. Ҳамма “бирор жиддий касб” танлашимни тавсия қилганди. Бироқ мен қўшиқ ва мусиқа учун яратилгандек эдим. Бу соҳага киришимга қаршиликлар ҳам бўлган. Улар энди ортда қолган гаплар.

Ҳозир уч қизим бор. Катта қизим 22 ёшга кирди, ҳозир Америкада. Икки қизим: Камилла (12 ёш) ва Ясмина (7 ёш) Шариповалар математикага ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олишади. Бироқ уларнинг ҳам мусиқага қизиқиши баланд бўлганлиги ва иқтидори борлиги боис Успенский номли мусиқа мактабига ўтказишни ўйлаб юрибман. Рафиқам Гўзалхон уй бекаси.

Истак…

— Ҳаётимда тинчлик бўлишини хоҳлардим. Мана шу нарса менга етишмайди. Айрим санъаткорлар бор, тинчгина айтилган жойга бориб хизматни қилади-да, хотиржам уйига қайтади. Мени эса йўлда нималардир кутиб турган бўлади. Балки бунга мучалим “От” эканлиги сабабмикан? Хуллас пешонага тинчлик-хотиржамлик битилмаган бўлса, минг ҳаракат қилсанг ҳам зое кетади.

Биласизми, яна нимани истардим? Одамлар қўшиқларимни тинглашини, яна концерт дастурлари беришни… Гап пулда эмас. Мен мухлисларни соғиндим. Олқишларни соғиндим. Насиб қилса, уларимга аталган бир сюрпризим бор. Буни баҳорда ошкор қиламан. Айтишим мумкин бўлган нарса — ёзда Дилдора Ниёзова билан куйлаган “Чилла” номли дуэт қўшиғимиз ўша сюрпризнинг бошланиши эди.

Суҳбатдош: Муҳайё МУХТОРОВА.

 

1 FIKR

Фикрингизни билдиринг