Ўзбекистонда илмий иш билан шуғулланиш халқаро стандартлар асосида амалга оширилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармони эълон қилинди. Унда Ўзбекистонда олий таълимнинг замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган икки босқичли тизими — бакалавриат ва магистратура яратилгани, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар ва катта илмий ходим-изланувчилар институтлари жорий қилингани, уларни моддий рағбатлантириш шароитлари сезиларли даражада яхшилангани қайд этилади. Шунинг билан бирга, амалдаги олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида амалга оширилаётган таълим тизимидаги ўзгаришларнинг мантиқий давоми сифатида тубдан ислоҳ қилиш объектив зарурияти бугунги кунда яққол намоён бўлаётгани таъкидланган.

Илмий кадрларни аттестациядан ўтказишнинг амалдаги икки босқичли тизими (фан номзоди ва фан доктори) иқтисодий ривожланган демократик мамлакатларда қабул қилинган олий малакали илмий кадрлар тайёрлашнинг замонавий, халқаро тан олинган талабларига мос келмайди.
Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва фан номзоди илмий даражасини тасдиқловчи дипломни олиш кўп ҳолларда фан ва илмий-техникавий ривожланиш манфаатларидан йироқ бирдан-бир мақсад бўлиб қолган ҳамда диссертацияни тайёрлаш ва ҳимоя қилишнинг турли босқичларида суиистеъмолчилик ҳолатларига олиб келмоқда.

Бугунги кунда амал қилаётган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизими таълим жараёни бакалавриат ва магистратура стандартларига ўтказилгандан сўнг номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш моҳиятан ортиқча эканлигини кўрсатмоқда ҳамда фан доктори илмий даражасини олиш учун тўғридан-тўғри диссертацияни ҳимоя қилишни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг устувор вазифаларини ва мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ва демократик ислоҳотларни, илғор жаҳон тажрибаси ва илмий кадрларни аттестациядан ўтказишнинг халқаро стандартларини ҳисобга олган ҳолда олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, шунингдек, диссертация тадқиқотларининг сифатини, илмий ва амалий аҳамиятини ошириш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишига шароитлар яратиш мақсадида 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб
умум қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш кўрсатиб ўтилган.

Шунингдек, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтини бекор қилиш, унда таълим олаётган шахсларни олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимининг янги талабларига мувофиқ, уларни аттестациядан ўтказиш ва диссертация тадқиқотлари мавзуларини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида катта илмий ходим-изланувчилар институтига ўтказилади.

Фан доктори илмий даражаси “магистр” даражаси билан олий маълумотга эга бўлган, катта илмий ходим-изланувчилар институтида илмий изланишлар натижаларига кўра докторлик диссертациясини ҳимоя қилган шахсларга тегишли фан йўналиши бўйича фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар томонидан берилади.

Катта илмий ходим-изланувчилар институтига “магистр” даражаси бўлган, илмий ва илмий-педагогик фаолият стажига (2 йилдан кам бўлмаган), шунингдек, фан номзоди илмий даражасига эга бўлган, фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти асос бўлиши мумкин бўлган, маълум бир илмий натижаларни қўлга киритган (илмий мақолалар нашр этиш, илмий анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатларида иштирок этиш ва бошқалар) шахслар қабул қилинади.

Ўрнатилган тартибда мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, “бакалавр” ёки “магистр” даражаси билан олий маълумотга, 3 йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига эга бўлган, илмий изланишларга лаёқати мавжуд, белгиланган талабларга мос келадиган маълум бир илмий ютуқларга (ихтиро учун патентлар, илмий мақолалар, илмий-технологик ишланмаларда қатнашиш ва бошқалар) эга бўлган шахсларга ҳам докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади.

SHARE