“Олтин девор” ёки бойлар қачон ухлайди?

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда солиқ қонунчилигининг ҳаддан ташқари қаттиқлиги, қолаверса, молиявий-иқтисодий инқироз шароитида бойлар даромадига солиқ ставкаларининг мунтазам ошириб борилаётгани дунёда офшор ҳудудларда ҳаддан ташқари кўп маблағларнинг яширилишига олиб келмоқда.

Солиқ тўлашдан бўйинтовлавчиларга қарши курашувчи Tax Justice Network ташкилоти буюртмасига биноан ўтказилган тадқиқотларга қараганда, 2010 йилнинг сўнггида офшор ҳудудларда супербойлар яширган маблағлар миқдори 21 триллион долларга етган. Буни тасаввур қилиш учун шуни айтиш мумкинки, ушбу маблағ АҚШ ва Япония ялпи ички маҳсулотидан ҳам кўпдир. Қизиғи, ушбу маблағларнинг қарийб ярми 95 минг нафардан ортиқ мультимиллионерлар ҳисобида сақланади.

McKinsey консалтинг фирмасининг собиқ бош иқтисодчиси Жеймс Генри томонидан ўтказилган мазкур тадқиқотда келтирилишича, бу сумма фақат маблағлар бўлиб, бошқа активларни, яъни кўчмас мулк, яхталарни қамраб олмаган деб айтди. Мутахассис ўз прогнозларини Халқаро ҳисоб-китоблар банки (Базель), Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ҳамда ҳукуматлар маълумотларига таянган ҳолда ишлаб чиққан.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бойларни янада кўпроқ солиққа тортиш ва бойларнинг солиқлардан қочишга бўлган иштиёқи инқироз шароитида тобора чуқурлашиб бормоқда. Чунки миллий ҳукуматлар давлат бюджетидаги тақчилликни бойларни янада кўпроқ солиққа тортиш орқали қоплашни ният қилишмоқда. Масалан, АҚШда “Баффет тартиби” асосида бойларни кўпроқ солиққа тортишга қаратилган ҳаракат бораётган бўлса-да, Конгресс бу қонунга қарши чиқмоқда. Францияда ҳокимият тепасига келган Франсуа Олланд эса йилига бир миллион евродан ортиқ даромад кўрадиганларга 75 фоиз солиқ тўлаш талабини қўймоқда. Германияда эса солиқ тўлашдан бўйин товлаганлар ҳақидаги маълумотлар учун мукофот пули эълон қилингани диққатга сазовордир.

Жеймс Генрининг ўз тадқиқотига асосланиб хулоса қилишича, бундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши курашишда давлатга хусусий банклар, инвестиция ва бухгалтерлик хизматларини кўрсатадиган ташкилотларнинг ҳалол ишлаши қўл келар экан.

Тадқиқотга қараганда, сўнгги йилларда ривожланаётган мамлакатларда ҳам офшорга ўз маблағини олиб чиқиб кетиш ҳолатлари жадаллашмоқда. Масалан, 1970 йилдан 2010 йилга қадар 139 та ривожланаётган мамлакатдан 10 триллион долларга яқин маблағ олиб чиқиб кетилган.

Tax Justice Network ташкилоти дунёда офшор ҳудудларини тугатишга чорлаб келади. АҚШ молия вазирлиги сўнгги йилларда офшор ҳудудларни қонун итоаткорлигига чақириш йўлида қатор чораларни кўрди. Улардан бири офшор ҳудудларга ўз мижозлари ҳақида ахборот беришга мажбур қилиш бўлиб, бу талабларни бажармаган давлатларга нисбатан “қора рўйхат” жазосини қўллаш кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов “Олтин девор” комедиясида ёзганидек, бугун бойларни тинчгина ухлашга беришмайди.

SHARE