Бугун халқаро шоколад куни. Ҳар бир ўзбекистонлик йилига 4 плитка шоколад истеъмол қилади.

Бугун дунё ҳамжамияти Халқаро шоколад кунини нишонламоқда (World Chocolate Day).  Шоколад куни биринчи бор Францияда 1995 йили ўтказилган.

Ўзбекистондаги шоколад маҳсулотлари бозори ўрта муддатли истиқболда ушбу маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар учун анча жозибадор бўлиб қолади. Биринчи навбатда, талабнинг фаол ўсиб бориши ҳисобига. 

Охирги уч йил ичида республика шоколад маҳсулотлари бозори юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда: 2009 йили – 42%, 2010 йили – 41%, 2011 йили – 23%. 2011 йили бозорнинг умумий ҳажми 10,6 минг тонна шоколад маҳсулотларига етди. Ушбу кўрсаткич 2006 йили 4,7 минг тоннани ташкил этганди. Савдоларнинг аксарият ҳажми, яъни 90% импорт ҳисобидан таъминланмоқда.  Асосий импортчилар (84%) бу – Россия (42,3%) ва Украина (41,7%). Украина фақат охирги уч йил ичида етакчилар қаторига чиқиб олди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги улуши барқарор эмас. 2000 йили у 29% ни, 2005 йили 55% ни ташкил этган бўлса, 2010 йили ушбу кўрсаткич 12% га тушиб кетди. Бу импорт ҳажмининг ошиши билан ҳам, ишлаб чиқариш ҳажмларининг қисқариши билан ҳам боғлиқ.

Маҳаллий маҳсулотлар жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари бўлган Mars, Nestle, Cadbury маркалари билан рақобат қилиши қийин.

Кичикроқ маҳаллий корхоналарга логистика ва реклама учун тажриба ва захиралар етмайяпти. Асосий масаллиқлар импорт қилиниши туфайли улар божхона тарифидаги ўзгаришларга бўйсунади, бу эса маҳсулотнинг бевосита таннархига таъсир кўрсатади.

Бироқ истеъмолчилар ёмон маҳсулотга кам тўлаш ўрнига яхши маҳсулотга кўпроқ тўлашга мойилроқ бўлиб бормоқда. Туркияда ишлаб чиқарилган шоколад маҳсулотлари импорти ҳажмининг сезиларли даражада қисқарганини шу билан изоҳлаш мумкин. Охирги йилларда Латвиядан премиум синфига мансуб Ferrero Rocher шоколадининг импорт ҳажми (2010 йилда 12%) ортмоқда.

Ўзбекистондаги шоколад маҳсулоти бозорининг етакчиларига тўхталадиган бўлсак, шубҳасиз бу тортиб сотиладиган конфетларга тўғри келади. Бунга уларнинг нисбатан арзонлиги сабабчи. Тортиб сотиладиган конфетларнинг ўртача чакана нархи бошқа турдаги шоколад маҳсулотларининг нархидан деярли икки баравар арзон. Бу уларни оилавий истеъмол учун талаб катта бўлган маҳсулотга айлантиради.

Иккинчи ўринда — истеъмолчиларнинг “аёллар ва болалар” гуруҳига тўғри келадиган шоколад плиткалари. Учинчи ўринни эса истеъмолчиларнинг ёшлар гуруҳига тўғри келадиган батончиклар эгаллади. Уларнинг орасида Snikers етакчилик қилмоқда. Етакчилар тўртлигини ўрама қутиларда сотиладиган шоколадлар ёпади, уларни асосан бирор бир воқеа муносабати билан харид қилишади.

 Ўзбекистонда шоколад истеъмоли ҳар киши бошига 400 граммдан тўғри келади (стандарт шоколад плиткаси 100 гр ни ташкил этади – таҳ.изоҳи). Албатта, бу шоколадни севиб истеъмол қилувчи швейцарияликлар билан таққослаганда жуда ҳам кам. Улар йилига 13 кг шоколад истеъмол қилишади. Бироқ хитойликлар билан солиштирганда анча кўп, у ерда киши бошига 80-100 грамм шоколад тўғри келади.

Ҳар йиллик 20% ўсиш суръати сақланиб қолинганида, 5 йилдан сўнг аҳоли бошига 1 кг дан шоколад тўғри кела бошлайди. Бу камида 7 йилдан кейин юз бериши ҳақиқатга яқинроқ.

Манба: “Экономическое обозрение” журнали

SHARE