“Carlsberg Uzbekistan” пиво заводи хом-ашё тақчиллиги сабаб тўхтади

Тошкентда Дания сармояси асосида ташкил этилган “Carlsberg Uzbekistan” пиво заводи¸ ширкат матбуот котибининг Озодликка билдиришича¸ хом-ашё етишмовчилиги сабабли Ўзбекистонда фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Дания ширкати Ўзбекистонда йилига 145 миллион литр пиво ишлаб чиқараëтган эди. – Пиво ишлаб чиқариш учун муҳим бўлган хом-ашё етишмаётгани сабабдан завод фаолиятини вақтинча тўхтатди, дейди «Carlsberg group»нинг Копенҳаген шаҳридаги бош қароргоҳи матбуот вакили Бен Мортон. Айни пайтда жаноб Мортон Ўзбекистондаги ширкат фаолияти учун муҳим бўлган қандай хом-ашё етишмаётгани ва завод фаолияти қачон тикланиши ҳақида маълумот бермади.

«Carlsberg Uzbekistan» сўнгги 6 йил давомида Ўзбекистон бозорида пиво ва бошқа салқин ичимликлари билан ўз ўрнини топган. Даниядаги «Carlsberg Group» таркибига кирувчи бу ширкат Ўзбекистонга 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя ётқизган ва расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 145 миллион литр пиво маҳсулотлари ишлаб чиқараётган эди. “Carlsberg Uzbekistan” ширкатининг Россия фуқароси бўлган раҳбари Евгений Шевченко ҳам Ўзбекистонни бутунлай тарк этган. Жаноб Мортонга кўра, Шевченко «Carlsberg group» таркибида бошқа лавозимга ўтказилгани сабаб Ўзбекистонни тарк этган:  – Жаноб Шевченко йил бошида унга гуруҳимиз доирасида бошқа лавозим таклиф этилганидан сўнг Ўзбекистондан чиқиб кетди, деди Озодликка Бен Мортон.

Манба:  12news.uz янгиликлар агентлиги.

SHARE