Чингиз АЙТМАТОВ. АХЛОҚ БИЛАН АХЛОҚСИЗЛИКНИНГ ФАРҚИ ҚОЛМАСА…

Чингиз Айтматов

Айрим кишиларнинг Ғарбга кўр–кўрона тақлид қилишлари,ғарбона турмушга онгсиз эргашишлари намоён бўлган фикрларини баён қилганларида мен уларга ўз муносабатимни билдириб келяпман. Аммо, улар бундай маъносиз фикрларни рад этишимни Ғарбни ёқтирмаслик деб талқин этишга уринмоқдалар. Тўғри, Ғарбнинг бугунги қиёфаси,айниқса, унинг халқаро майдонда юритган босқинчи (калониал) сиёсати, хусусан,демократияни тарқатиш ниқоби остида исломни заифлаштиришга,муқаддас қадриятларимизни қоралашга қаратилган хатти–ҳаракати менга мутлақо ёқмайди. Асрлар давомида инсон ҳаёти ва турмушининг асоси бўлиб келган жамоа,оила,ота–она, никоҳ тушунчаларини бутунлай рад этиш билан боғлиқ ғарбона ғайриинсоний ақидаларга ҳам тамоман қаршиман.
Аммо,буни Ғарбни мутлақо рад этиш деб тушунмаслик керак. Ғарбдан жуда кўп эзгу нарсаларни ўргандик,бундан кейин ҳам ўрганамиз.Қолаверса,Шарқда ,хусусан,ўзим яшаб турган юртда ҳам мен буткул рад этадиган нарсалар ҳар қадамда учрайди. Шарқда ҳам асрлар давомида жуда кўп халқларнинг,шу жумладан ўзбекларнинг миллий тараққиётига тўсиқ бўлиб келаётган иллатлар мавжуд. Менинг назаримда,жадид боболаримиз бошлаган маърифий ва маиший ислоҳотлар (уларнинг дастлабки амалга оширган ишларини ҳисобга олмаганда) вақт ўтиб тақа–тақ тўхтаган. 70 йиллик шўролар тузуми давридаги “На месте шагом марш” ҳамон давом этмоқда. Агар ҳали оёғимизга тушов бўлиб келаётган миллий-маҳаллий иллатлар ёнига Ғарбнинг ғарибона таъсири қўшилса, ўпкамизни чиритган сил миямизни қурита бошлашга ўтади деб ҳисоблайман.
Айни шу сабабдан Ғарбга кўр–кўрона тақлид қилиш,унга онгсиз равишда эргашишни кескин рад этаман ва айни шу йўлдаги ҳар қандай уринишларга ўз муносабатимни билдиришни зарур деб ҳисоблайман.Шу мақсадда нафақат ўзимнинг,балки миллатимиз манфаати, унинг тараққиёти учун хизмат қиладиган ғоялар ва муносабатлар акс этган фикрлар билан замондошу ватандошларимни.биринчи навбатда ёшларни таништириб боришни бурчим деб биламан.
Бу ишни кўпчилигимиз учун ибрат бўлиб қолган буюк сиймо – Чингиз Айтматовнинг кичик бир мақоласини тақдим этиш билан бошламоқчиман.Мақола ёзилганидан буён анча вақт ўтган бўлса-да,у бугунги кундаям ўз аҳамиятини йўқотмаган.Бугун адабиётимизга Ғарбнинг оммабоп ва сариқ адабиёти-ю матбуотига хос уятсизликларни олиб кираётган,чет элларга бориб “Ўзбекистонда эротик адабиёт” мавзуида маърузалар ўқиётган адибларимизга устоз ёзувчининг сўзлари таъсир қилар деган умиддаман.


Хуршид Даврон

Чингиз Айтматов

АХЛОҚ БИЛАН АХЛОҚСИЗЛИКНИНГ ФАРҚИ ҚОЛМАСА…

Ҳар-хил тилда сўзлашса ҳам,ҳар хил динга эътиқод қўйган бўлса ҳам инсоният умумий тутумларни,асосларни кўп асрлар давомида салмоқлаб,танлаб олди. Шундай эмасми? Худога беадад шукурлар бўлсинким,худди шундай! Агар кимдир орзиқиб кутилган озодликни қўлга киритгач,бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш учун ахлоқсизликни,бачканаликни тарғиб қила бошласа нима бўларди?

1993 йили менга Берлиндаги халқаро фестивалда жюри аъзоси бўлиб қатнашишни таклиф қилдилар. Фестивалда бутун дунёдан – Америкадан,Испаниядан,Англиядан келган кино ва адабиёт намоёндалари иштирок этдилар. Собиқ Совет Иттифоқидан каминани таклиф этдилар.
Бизнинг вазифамиз – фестивалга тавсия этилган фильмларни таҳлил қилишдан ва баҳолашдан иборат эди. Энг яхши янги кинолар намойиш қилинди.

Ниҳоят,америкалик бир режиссёрнинг киноасарига навбат келди. Ҳали овоз бериш бошланмасдан бутун жюри аъзолари фильмни мақтаб,бир овоздан,шу пайтгача кўрганларимизнинг энг яхшиси шу, деб таъкидлай бошладилар. Фильм сюжети Куба билан боғлиқ эди. Дастлаб ўйладимки,ярим яланғоч,оч-наҳор Кубанинг фожиали тақдири намойиш қилинса керак. Ростини айтсам,тезроқ фильмни тамоша қилишни истардим. Маълум бўлишича,фильмда кўтарилган энг асосий муаммо – америкалик баччабозларнинг(гомосексуалистлар) ўз ҳақ-ҳуқуқи ва эркинлиги учун курашишини кўрсатишдан иборат экан. Фильмнинг қисқача мазмуни бундай : Фидель Кастрога бутун қалби билан содиқ бўлган ёшгина партия ходими хизмат юзасидан ватандоши билан учрашади. У баччабоз бўлиб чиқади. Унинг эътиқоди ва майлидан хабар топган кастрочи-коммунист янги дўстидан юз ўгириш ўрнига,аксинча барча муносабатларга сирдош дўст тутинади. Охир-оқибат ўзининг сиёсий эътиқодидан ҳам воз кечиб юборади.

Муҳокама пайтида жюрининг мендан бошқа барча аъзолари ўша фильмни бир овоздан кўкларга кўтариб мақтадилар : “Ажойиб,гўзал!” деб баҳоладилар. Мен ёлғизланиб қолдим.
Сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизга қўшила олмайман. Боз устига,бу фильмни зарарли деб ҳисоблайман,-дедим ўрнимдан туриб, – Тўғри,инкор этмайман,ҳаётда шундай воқеа бўлиши мумкин. Дунёда нималар бўлмайди дейсиз! Лекин жазаваси тутган инсоннинг тубан,бузуқ қилиқларини экранда кўрсатиш,баччабозни ҳақиқий қаҳрамон сифатида талқин этиш,уни илоҳийлаштириш – миллионлаб томошабинларнинг ахлоқий бузилишига сабаб бўлади,одамларни ёмон йўлга бошлайди.

Ҳеч ким,ҳатто резидент ҳам инсонинг ҳақ-ҳуқуқларига, эркинлигига ғов бўла олмайди!
Ҳақиқий демократия шунақа бўлади,қандай қилиб Сиз демократияга қарши чиқасиз?
Хуллас, жюрининг бошқа аъзолари ҳар тамондан менга ташланиб қолишди. Мен ҳам уларга тик қараб айтдим: “Мен эмас, балки ўзларинг норасо ғояни тарғиб қилиб,одамларнинг ор-номусига,виждонига,инсонлик шаънига зўравонлик билан таъсир ўтказяпсизлар. Бироқ, нима бўлса ҳам, ифлослик ҳеч қачон эркинлик тимсоли бўла олмайди! Шак-шубҳасизки,сизларнинг аҳлоқсиз қарорларингга қарши қўйиладиган восита,йўлларингга ғов бўладиган кучлар ҳам мавжуд”.

Ростини айтсам,мен чинакамига ғазабланиб кетдим.Ўша ҳодисадан сўнг кўп ўйладим. Ҳамма томонни тарозга солиб кўрдим.Балки,мен ҳаётдан орқада қолаётгандирман? Янги русумларни тушунмаётган бўлсам-чи? Лекин,русум-бу ўткинчи,ўзгарувчан ҳодиса-ку!Агар бугун русум бизни баччабозлик томон бошласа,эртага қаёққа эргаштириб кетади? Охир-оқибат,ўша хунасанинг орқасидан юраверсак,биз инсон билан ҳайвоннинг фарқига бормай қоламиз-ку! Фақат миллий,халқона таълим-тарбия билан маънавият,ички маданият пайванд қилинсагина одамларни ҳар қандай пасткашликдан, тубанликдан асраб қолиш мумкин.Худди сохира каби асрайди.Агар инсонга чексиз озодлик берилса,ҳатто у аҳлоқдан ҳам озод қилинса,дунёқараши ва аҳлоқи шаклланиб улгурмаган ҳозирги ёшлар асрлар давомида тўпланган миллий қадриятларга тупуриб,анъаналар ва урф одатлардан юз ўгириб, маркиз де Сад тараннум этган тубан,ҳайвоний эхтиросларнинг қулига айланиб қолмайдиларми?

Билмадим,каминанинг қатъий эътирозим таъсир этдими,ҳар ҳолда,ўша фильмга бош совринни бермадилар.Шунга қарамасдан,совринли ўринлардан бири берилди.
Энг қизиғи шундаки,кейинчалик ўша фильм Нью-Йоркдаги кинофестивалга тавсия этилди-ю “Оскар”ни олди! Ишончим комил-ки,тушунчалар сохтаси билан алмаштирилса,ахлоқ билан аҳлоқсизликнинг фарқи қолмаса,қадриятлар қадрсизланса,ҳозирги тараққиётни ич-ичидан кемираётган қусурлар йўқолмайди.

Манба:www.kh-davron.uz/chingiz-aytmatov

SHARE