Кўзингизга иссиқ кўринган эълонларга ишонманг…

“18 ёшдан 30 ёшгача бўлган чиройли қизлар нуфузли ташкилотга катта маош тўланадиган ишга таклиф этилади”, “бахтли оила қуриш имконияти”. Эълонлар кўзингизга иссиқ кўринаяптими? Ҳа. Сабаби сиз бу каби эълонларни газеталар, интернет, пештахталарда кўп учратгансиз. Ҳеч қизиқиб кўрдингизми эътиборни жалб этадиган “кўп маош тўланадиган” жумласи билан боғлаб айтилган “иш” нимадан иборат экан ўзи? Турмушнинг бахтли кечаши нега бунчалик комил ишонч билан ёзилади? Айнан шу масала бизни газета эълонлари, улар орқали ишга жойлашиш, танишувлар мавзусини ёритишга ундади.

Мўмай даромадли ишга жойлашмоқчи бўлсангиз…

Яқинда қўлимга эълон чоп этиладиган газеталар бири тушиб қолди. Эълонлардан бирида официанткаларга катта даромадли иш таклиф қилинар эди: “На высокооплачиваемую работу требуются официантки привлекательной внешности.” Ундаги “привлекательной внешности” ва “на высокооплачиваемую работу” деган жойи бироз шубҳали туюлди. Бу шубҳам ассослими-йўқми, билиш учун эълонда кўрастилган телефон рақамларини тердим. Қўнғироққа ўзини Диана деб таништирган аёл жавоб берди. Иш официанткаликдангина иборат эмаслигини, балки массаж ва бошқа (нима назарда тутилганини ўшанда тушунмадим) хизматларни ҳам кўрсатиш кераклиги айтди. Сўнг шаҳар марказида жойлашган “Бибигон” қаҳвахонасининг олдида учрашув белгилади.

Эртасига учрашдик. У мени қаҳвахона ёнидаги кўп қаватли уйга бошлади. Бу ердаги хонадонларнинг бирига кираётганимизда эса, кўнглимдаги қўрқув ҳиссини кўрсатмасликка астойдил ҳаракат қилдим. Уйда кўринишидан хушрўйгина 4-5 та қиз бор эди. Катта столга кўзим тушди. Унинг устидаги қоғозда қизларнинг исми, “хизмат қилиш” соати ва пул миқдори ёзилган эди. Даҳшатга тушдим! Фикримни жамлаб улгурмасимдан, Диана менга тажрибасизлигим сабаб ҳозирча шу ерда иш ўрганиб туришимни, мижоз кўнглини овлашни ўргансам, кунига 500 АҚШ долларигача маош тўлашни гапира кетди. Яхшиямки, ўшанда қўл телефоним жиринглаб қолгани. Ишим чиқиб қолганини баҳона қилиб, эртадан келишимга ишонтириб, у ердан зўрға қутулиб чиқдим.

Бундай нохуш вазиятга тушганда Ички Ишлар Бошқармаларига 102 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин. Аммо бу каби вазиятлар юзага келишининг олдини олиш мумкин эдику? Маҳалла фуқаролар йиғини раиси ёки уй нозирининг куппа-кундуз куни бўлаётгапн воқеалардан хабари йўқлигига ишониш қийин. Булар хонадонда исловотхона очиб қўйиб, очиқ-ойдин “бизнес” қилиши камдек, пулга муҳтож бўлиб, иш қидириб юрган аёлларни фохишалик йўлига бошлашарди. “Официанткаларни ишга оламиз” деб берилган сохта эълонга содда қизлар алданмаслигига кафолат борми?! Наҳотки ишга таклиф эълонларини қабул қилиб олишда уни берувчи шахслардан бирор ҳужжат талаб этилмаса?

Пул ишлаш учун аввал уни сарфлаш керак (ми?)

Иш таклиф этилган эълонлар орасида “1 ҳафтада бойиб кетиш”, “1 кунда 1 миллион ишлаш” кабилар талайгина эди. Бир кўришдаёқ тармоқли маркетинг эканлиги маълум бўлса-да, шунчалик тез ва кўп пул топиш таклифи одамни шошириб қўйиши табиий. Фақат олмоқдан олдин бермоғини ҳам унутманг. Кунига 1 млн фойда келтирадиган даромадли ишни бошлаш учун бу бизнесга камида 2 млн бошланғич капитал тикишингиз керак бўлади. Топган-тутганингизни йиғибми, у-бу кимдан қарз кўтариб турибми бошлаволсангиз-ку бўлади, лекин фирибгарларга алданиб боридан ҳам қуруқ қолмаслигингизга ёки ишни эплаб кета олишингизга кўзингиз етадими? Фойда беришига ишончингиз комил бўлмаган ишга пул тикишга шошманг.

Танишиш хизмати текин-у, аммо… 

Эълонлар “дунёси”нинг бутун бошли “қитъа”ларини танишув хизматлари, никоҳ агентликларининг беминнат ёрдамлари ташкил этади. Шу сабаб, эълонларнинг бирига қўнғироқ қилишга қарор қилдим. Эълон шундай мазмунда ёзилган эди: “Девушки от 18 до 35 лет приглашаются для знакомства с серьёзными мужчинами из Южной Кореи. С целью заключения брака.”

Гўшакни бир аёл кўтарди, ўзини Наташа деб таништирди. У менга шу заҳотиёқ бир оз шубхали қатор саволлар бера бошлади. Ота онам ким бўлиб ишлаши? Менга чет элга чиқишга рухсат беришадими? Ҳаммасини аниқлаб бўлгандан сўнг, мен уларга тўғри келишимини айтди ва Корейс ресторанларининг бирида учрашишни таклиф қилди. Наташа белгиланган вақтда мени кутиб олди ва ресторанинг ичкари хоналаридан бирига олиб кириб кетдти. У ерда ёши 40 атрофида бўлган Жанубий Кореялик “куёв тўра” ўтирар эди. Унинг саволлари ҳам худди Наташа берган саволларга ўхшарди. Мен у киши билан бегона юртга кетишга қанчалик тайёрлигимни сўради. Биринчи учрашувнинг ўзидаёқ тўйни тезлатиш кераклиги тўғрисида гап очди. Наташа ҳам жавобини тезроқ айтишимин сўраб, шоширар, куёвнинг вақти чекланганлигини ва у бу ерда кўп вақт ушланиб қололмасилигини баҳона қиларди.

Айтишича у Жанубий Кореяда қурилиш фирмасидап ишлар, кун тартиба жуда зич экан. Тўйга тайёргарчилик кўп вақт олмаслигига ишонтиришга тушиб, индамасам, тўй кунини белгилаш ва у ерга фақат яқин одамларни таклиф қилишим кераклигини айтиб шарт қўя бошлади. У яна бирон ақлга сиғмайдиган гап айтмасидан, гапини бўлдим ва никоҳ шартномаси тузиш тўғрисида сўрадим. Жавобан фақат кулги эшитдим, гўёки бизнинг юртимизда бундай шартномаларни ҳеч ким тузмайди. Унда ўзга юртда ҳавфсизлигим қандай кафолатланади, деб яна савол бердим. Наташа жавобан: “Жанубий Кореяда бизнинг менеджеримиз бор. Бирон саволлар бўлса, муаммо туғилса, ўша киши билан боғланишингиз мумкин”, деб айтди. Буларнинг хаммаси менга жуда шубхали кўринди ва мен уларга таклифини ўйлаб кўриб, эртаси куни хуқуқшунос билан келишимни айтдим.

Эртаси куни мени Наташа у билан боғлаб турган ягона восита—унинг уяли телефони ўчирилган эди, кечагина ўзини у билан юз йиллик танишдек тутган ресторан ходимлари эса бунақа аёлни “умуман танишмасди”….

Ҳаққини билганнинг ҳуқуқи бузилмайди

Нахотки никоҳ агентликларида фуқароларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари тан олинмаса? Бу боради “Байкал” никоҳ агентлиги раҳбари Кулумбетова Дамира Юсуфовна шундай дейди:

—Ҳамма жойда бўлганидек, бизнинг соҳамизда ҳам ёлғиз инсонларнинг ҳаётига мазмун киритишдек савобли ишни виждонан бажарадиганлар ва бу ишга қўл учида, шунчаки джаромад манбаи сифатида қарайдиганлар бор. Биз мижозлар билан уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, соғлиғи ва руҳий ҳолати тўғрисидаги маълумотномасиз ишламаймиз. Никоҳ шартномаси тузилишига эса ўзимиз ташббус кўрсатамиз. Сабаби, бу оила қураётган ёшларга оилада келиб чиқиши мумкин бўлган тушунмовчиликлар, низолардан ўзларини ҳимоя қилиш имкониятини беради.

Фирибгарларга учраб қолмаслик учун биринчи бўлиб, сиз мурожаат қилган никоҳ гантлигининг қачондан бери ва қанақа корхона сифатида фаолият кўрсатаётганини аниқланг. Зеро никоҳ агентлиги ташкил этиш ва таништириш хизматларини кўрсатиш учун алоҳида лицензия талаб этилмайди. Агар ташкилотнинг телефон рақамлари ҳамда манзили тез-тез ўзгариб турса, демак бу ерда бир гап бор….

Хулоса

Қизиқ, бир ёқдан бутун дунё инсон ҳуқуқлари-ю, одам савдосига қарши бир ёқадан бош чиқариб курашса-ю, бир ёқдан фирибгарлару, диёнатсизлар замондошларининг соддалигидан фойдаланиб улар орқасидан мўмай даромад топиш пайида бўлишса…

Инсонларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ҳақида, бу борада қилинаётган ишлар хусусида кўп гапирамизу аммо… Ҳуқуқий онг ошириб бўлингунча огоҳликка суяниб иш кўрилса-да, ҳеч бўлмаганда ОАВ орқали халққа етказилаётган эълонларнинг мазмуни-ю, ҳаққонийлигига шубҳа уйғонмаслиги чоралари кўриб чиқилса яхши бўларди…

Муаллиф: Ширин Миррахимова

SHARE