1-сентябрдан тўлов-контракт асосида ўқиш қимматлашади

2012/2013-йилги ўқув йилидан бошлаб талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдори оширилади. Бу ҳақдаги тегишли буйруқни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Баҳодир Ходиев 2012-йилнинг 12-июл куни имзолаган.

Ушбу буйруқ 2012-йилнинг 1-сентабридан кучга киради. Буйруқда “абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари эътиборларига ҳавола этиш мақсадида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини бир кунлик муддатда олий таълим муассасаси ҳудудидаги эълонлар тахталарига жойлаштириш”, шунингдек, талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида “тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини ошиши сабаблари тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш” белгилаб қўйилган. Буйруқда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини ошиши сабаблари келтирилмаган.

Янги қийматларга кўра, бакалавр босқичида таълим олувчи талабалар учун, магистратура босқичи талабалари учун ҳам энг қиммат йўналишлар халқаро муносабатлар ва ҳуқуқ йўналишлари бўлиб турибди. Бу йўналишлардаги бакалавр бир йиллик таълими учун 5 миллион 300 минг сўм тўласа, магистратура талабалари 5 миллион 830 минг сўм тўлайди. Ундан кейинги ўринларда иқтисодиёт ва бизнес ҳамда соғлиқни сақлаш йўналишлари турибди.

Манба: www.anons.uz/

SHARE