Матёқуб Матчонов: “Ҳаётда ролларимдан буткул бошқачаман…”

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов билан бўлган интервьюдан олдин суҳбатдошим ҳақида бошқалардан сўраб-суриштирдим. Кимлардир роллари орқали унинг мухлисига айланганини ва ҳаётда қандай инсон экани билан қизиқди. Актёр билан илгари суҳбатлашган бир журналист эса мени огоғлантирди: «Интервьюга кеч қолмай боринг, жуда пунктуал инсон. Саволларни ҳам ўйлаб беринг, мулоҳазали ва ақлли, уялиб қолманг тағин…» Тўғриси, бу гапларни эшитиб, интервьюдан аввал бироз ҳаяжонландим.

— Матёқуб ака, сизни болалигимдан “бозор кўрмаган йигит” видеофильмидаги комик ролингиз билан таниганман. Ҳозир кўпинча талабчан ота образини яратмоқдасиз. Аммо барибир бу роллардаги уришиб беришингиз менда қўрқув эмас, табассум уйғотади.

— Буни уришиш эмас, оталарнинг пўписа қилиб тергаши деб атаса бўлади.

— Ҳаётда ҳам қаттиққўлмисиз?

— Ким билсин? Аммо жиддийлигим рост. Ҳаёт бошқа, саҳна бошқа. Биз ҳаётда ҳам ўйнаган образларимиз билан яшай олмаймиз-ку! Айтайлик, жарроҳ уйида бирор нарсани кесиб, жарроҳлик ўтказмайди. Ўқитувчи ҳам дарсни уйида, оила аъзоларига эмас, мактабдаги ўқувчиларига ўтади. Мен ҳаётда ўйнаган ролларимдан буткул бошқачаман. Шу пайтгача ўзимга ўхшаган образни ҳам яратмаганман.

— Тўғриси бугунги интервьюни уйингизда ўтишини истаганимизнинг сабаби, газета ўқувчиси сизни бува сифатида қандай эканингизни билиш эди.

— Бош устига. Келганингиздан жуда ҳурсандман.

Ҳаётда ҳам талабчан ота эканлигингизга шубҳам йўқ. Айтингчи, қандай бувасиз?

— Набираларимни жуда яхши кўраман. Жоним шуларни ичида туради.

— Данагидан мағзи ширин, дейишади. Бир пайтлар бизга талабчан бўлган оталаримиз негадир набираларига келганда кўнгли бўшлик қилишади.

— Инсон улғайгани сари ақли кирар экан. Набираларимнинг ҳозирги ширин даврини фарзандларимда ҳис қила олмаганман. Сабаби ўша пайтларда биз оила ташвишлари билан югуриб юрардик. Набирали бўлганда инсон ўтган умрини сарҳисоб қила бошларкан. Фарзандингизнинг кичиклигидаги ширин қилиқларини энди набирангизда кўра бошлайсиз. Бунинг қадри ҳам бошқача бўлади.

— Набираларингиз буваси пиширган қайси таомни яхши кўришади?

— Кўп ҳам ошхонага кириб овқат қилавермайман. Уйда жуда илтимос қилиб қўйишмаса, пишириб беришим мумкин. Кейин кетидан келинойингиздан гап ҳам эшитаман. «Бир ҳафта ишлатадиган масаллиғимизни қозонга солибсиз» деб, ёлғондан тергаб қўяди. Аслида мен ўзбегим аёлларининг «болам-чақам» деб куйинишларини, рўзғорда тежамкорликларини жуда қадрлайман. Ахир ҳар бир нарсанинг уволи бор! Мабодо улфатлар билан бирга йиғилишиб ўтирсак ҳам, ўз-ўзидан ўчоқ тепасига бормайман.

— Эркакларнинг чойхонада тўпланишиб мазза қилиб чойхўрлик қилиш удумининг келиб чиқиши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу удум қандай пайдо бўлган?

— Чойхона қадимдан маданият маркази бўлган. У ерда маҳаллада бўлаётган янгиликлар ўртоқлашилган. У пайтларда радио, телевизор каби ахборот марказлари бўлмаган-да. Энди ўйлаб қаранг, тўртта одам йиғилганда бир-бирига тикилиб ўтирмайди-ку. Албатта бир пиёладан чой ичади. Водий томонлардаги чойхоналарга борсангиз шу пайтгача ҳам илгаригидагидек кириб келган меҳмонга чой билан патнисда бир пиёла асалми, қаймоқми олиб келинади. Бир қанча вақтдан кейин улфатлар гурунги устига дастурхонга палов тортилади. Шу нарса удум бўлиб шу пайтга қадар ҳам сақланиб келмоқда.

— Тўғри, буни эркак кишининг кун-бўйи қилган меҳнатидан дам олиши деб ҳам қабул қилиш мумкин. Аммо аёллар ҳам уй ишларидан чарчайди. Бувимнинг айтишича бувам бир пайтлар уларга «бугун уйга дугоналарингизни тўплаб дутор чертиб мазза қилмайсизми», — деб айтаркан.

— Илгари аёлларимиз гап ўйнаб кафэ ресторанларга боришмаган-да. Ҳозир пешин пайтида дуч келган кафэга кириб кўринг, албатта ўн беш йигирма чоғлик аёллар ўтирганининг гувоғи бўласиз. Баъзилари ҳатто кўнглига нима келса шуни қилаётган бўлади. Бунга қаршиман. Ахир аёл киши уйнинг фариштаси. Хонадоннинг эркаги чойхонага, аёл ресторанга кетса…Болалар тарбияси билан ким шуғулланади? Бир пайтлар оналаримиз ресторанларга боришмаган. Билсангиз аёл кишининг қорни арзимаган нарса билан тўяди. Сиз айтгандек дугоналар билан озгина мева-чева, ширинликни эрмак қилиб уйида мазза қилиб гурунглашганга нима етсин.

— Эркак киши ошхонада иш бошлашдан аввал масаллиқни арчиб, тайёр қилиб беришларини сўрайди. Мабодо туз, ёғ, пичоқнинг жойи қаердалигини кўрсатиб қўймасангиз, у ерда йўқолиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

— Мен ҳам худди шунақаман. Ошхона — аёл кишининг офиси-ку! Биз у ердаги тартибни билмасак…

— Аёлларимизнинг пазанда эканлигини тан олсак-да, негадир атоқли ошпазларимизнинг деярли барчаси эркаклар…

— Ўзбек халқи қадимдан аёлини ичкарида сақлашга одатланган. Катта-катта хизматларни аёл кишига аяганидан ишонишмаган. Катта қозоннинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Юз чоғлик кишига палов пишириш осонми? Бу ишни аёлларимизга эплай олмагани боис эмас, уларни авайлаганимиз учун ишонмаймиз.

— Набираларнинг шовқинидан толиққан пайтда бувилари билан биргаликда чарчоқни қандай чиқарасиз?

— Уйимиз ёнида ажойиб оқар сув бор, бир пас сувга тикилсангиз, чарчоқ чиқади. Қолаверса, ҳовлимиз этагидаги гулзорни томоша қилиб, бир пиёла чой ичиш ҳам дам олиш. Бунинг учун машинага ўтириб, шаҳардан 80-90 км узоқликдаги дам олиш масканида кабоб пишириб, «қара, мазза қилдик-а!» деганча худди шунча масофани босиб, уйга қайтиб келиш шарт эмас. Қалб яқинлиги бўлса бас, қолгани иккиламчи нарсага айланади.

— Демак, қалбан яқин инсонлар ҳовлининг бир бурчагида ҳам романтика ярата олар экан-да?!

— Романтика ўзи нима?! Ўзбекнинг романтикаси, бу — эр-хотиннинг самимий суҳбати, менимча.

Рафиқангиз билан қандай танишгансиз?

— Урф-одатларимизга доим таянаман. Рафиқамга ота-оналаримизнинг розилиги билан совчи қўйиб уйланганман. Биринчи учрашувимиз «Ганга»да ўтганди.

— Маза қилиб музқаймоқ еган экансиз-да?!

— Йўқ, ўша куни спектаклим бор эди. Шошганим учун «Юринг, сизни театрга олиб тушаман», дедим. Қарасам, соддагина қиз экан, «театр кўрар эканман» дея мен билан кетмоқчи. «Тўхтанг, сиз кетсангиз, бу ерда янгалар пойлаб қолади-ку», дедим (кулади). Кейин яна уч-тўрт марта учрашдик. Бир-биримизни яқиндан билиб олиб, сўнг турмуш қурдик.

— У кишидаги қайси хислатни ёқтиргандингиз?

— Санъаткор халқи кузатувчан бўлади. Самимийлиги, соддалигини дарров пайқагандим. Учрашганимизда мендан «уни, буни олиб беринг», деб талаб ҳам қилмаган.

— У пайтлар ҳам қиз боланинг рози экани совғани олишига қараб белгиланармиди?

— Йўқ. Биз ҳозирги ёшлар каби гапни дангал айта олмасдик. (Ўйланиб) Биласизми, қандайдир ҳаё, ибо бўларди. Қиз ва йигитнинг розилиги янгалар орқали ота-онагабилдириларди. Шундан кейингина патир синдириларди. Катта-катта совға беришлар кейин пайдо бўлди. Келинга никоҳ пайтида биттагина узук тақиларди. Ҳозир эшитсам, алламбало совғалар қилинаркан. Ҳаттоки баъзиларда Европа тўйларида урф бўлган келиннинг орқага ўгирилган ҳолда дугоналарига гулдаста ирғитиш маросими ҳам ўтказилаётган экан. Ахир бизнинг ўзимизда бошқа халқлар ҳавас қилса арзийдиган чиройли удумларимиз бор! Шу удумларимиз йўқ бўлиб кетаётгани ачинарли. Ресторандаги тўйларимизни қаранг, қисқа фурсатда келган меҳмонлар либос ва тақинчоқларини кўз-кўз қилишади. Яна шу қисқа вақтда ўттиз-қирқта санъаткор ҳам келиб-кетиб улгуради. Мен санъаткорларни камситмоқчи эмасман. Бор-йўғи одамларимизнинг ҳаддан ташқари кибрга берилиб кетаётганларини айтиб ўтмоқчиман, холос. Яқинда биттасидан эшитиб қолдим. Ота-онасига «тўйим бу ер эмас, фалон жойда бўлиши керак, чунки дўстим манаман деган ресторанда тўй ўтказди, у ерга фалон санъаткорни чақирасиз», дейишини кимўзарга ўхшатса бўлади. Бундай оилалар сал ўтмай бузилиб кетаяпти. Одамларимизга уйланиш, ажрашиш жудаям осон бўлиб қолган.

Ёши улуғлар билан суҳбатлашганда уларнинг фалсафий мулоҳазаларини эшитиб, ҳайрон қоламан: бизга шундай тарбия бераётган ота-оналаримиздан нимани ўрганаяпмиз?

— Баъзи ота-оналар, балки бели оғриб пул топмаганигами, «менинг фарзандим ҳаммадан зўр бўлиши керак!» қабилида иш тутаяпти. Ақли, илм-заковати, ҳунари, меҳнати билан зўр бўлса-ку яхши, аммо ЗАГСга келган машинанинг сони, тўй дабдабаси, фалончига қуда бўлиши билан зўр бўлишга уринаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ота-оналар фарзандлари билан дастурхон устида яхшилик, эзгулик ҳақида эмас, бойлик ҳақида гаплашадиган бўлиб қолган. Мавзу нимани нимага уриштирса пул чиқади, ким қайси давлатга бориб дам олиб келди, ким қандай машина сотиб олди ва ҳоказо бўлганидан кейин бу нарса қолганларга ҳам таъсир ўтказади. Бу каби гаплар бизда гапирилмаган. Аслида инсон ҳаётда ўз олдига маълум мақсад қўйиши керак. Стол-стул менга нимага керак? Ўтириш учун. Пиёла-чи? Чой ичиш учун. (Қўлидаги чиройли пиёлани айлантириб томоша қилади). Мен буни йигирма хил қилиб териб қўйсам-у, ўзим стаканда чой ичиб ўтирсам яхшими? Ўзи пул ишлаб топишни ўйлаш ўрнига «Қайнотам машинасини менга берармикан», деб бошқадан нарса кутган йигитнинг аввало ота-онаси майдагап.

— Гапингизга қўшиламан. Суҳбатимиздан илгари бир мухлисингиз «Матёқуб Матчоновнинг ички дунёсини очиб берадиган интервьюни ҳали ўқимадим», деганди. Келинг, айнан сиз ҳақингизда гаплашамиз.

— Қаршилигим йўқ.

— Ҳарбий хизматга борганмисиз?

— Албатта. Бир ярим йил хизмат қилганман.

Ҳарбийларнинг қўлидан ҳамма иш келади, тўғрими? Шу қаторда, ҳатто узилган тугмани кўйлакка…

— (дарҳол жавоб беради) Бемалол қадай оламан. Келинойингиздан сўрашингиз мумкин, мен уйда у ёки бу иш қилинмабди, деб тергашни ёқтирмайман. Мабодо бажарилмаганини кўрсам, ўзим қилиб кетаверишим мумкин. Чунки биз ёшликдан шундай тарбияланганмиз. Оилада олти ака-ука эдик. Мен иккинчи ўғилман. Ҳаммамиз ўғил бола бўлишимизга қарамай, уйдаги ишларни қилиб кетаверардик. Овқат пишириш, кийимга дазмол босишлар бизга чўт бўлмаган. Онамга ҳамиша ёрдам берардик. Раҳматли отам жуда самимий инсон бўлган. Салгина қийналиб қолган пайтларида ҳам ҳеч қачон бизга «сенларни боқаман деб эзилиб кетдим», дея нолимаган. У киши бизни бирор марта ҳам уриб, сўкиб катта қилган эмас. Жаҳли чиққанда энг яхши кўрган гапи (қўлини мушт қилиб тугганча столга урмоқчи бўлади) «бўлди… гаплашмайман сен билан…» (муштумни столга урмай яширади) деб айтарди (кулги кўтарилди).

— Наҳотки сизни бирор марта ҳам жазолашмаган?!

— Йўқ. Фақат мени эмас, олти ўғил ҳаммамиз ҳам шундай тарбияланганмиз. Ўғил болани биласиз-ку, ҳали у ери, ҳали бу ери ёрилади. Биз ҳам ўзига яраша шўх бўлганмиз.

— Нима деб ўйлайсиз, не сабабдан бугун ота-оналаримиздан фарқли ўлароқ юрагимиз тор? Нега бир нарсани сўраган пайтда фарзандимизни «нари тур», «жим бўл», «ҳалал берма», деб уришамиз?

— Чунки биз бесабрмиз. Ота-оналаримиз борига шукр қилишган. Энг катта хатомиз ўтган кунимизнинг қадрига етмаймиз. Бирор кишини кўчада тўхтатиб, ҳол-аҳвол сўранг-чи, «Худога шукр, ҳаммаси жойида», дейдигани кам учрайди.

— Сизнингча, эр-хотин аҳиллигининг сири нимада?

— Бир-бирини кечира билишда. Ҳар иккаласи ҳам турмуш ўртоғини биринчи навбатда фарзандларининг онаси ва отаси деб қабул қилиши керак. Аёл уч-тўртта фарзандни дунёга келтирса-ю, ўзи билан ўзи овора бўлса, эркак кўчада маишатини қилиб юрса… Мен бундайларни эркак киши ўрнида қабул қилмайман. «Болаларни туғиб, ёшлигимни барбод қилдинг, ўйнаб-куладиган пайтим сенларни боқаяпман» деб миннат қиладиганлар ҳам бор. Боқмасдан туриб миннат қилишлари эса ундан-да ҳайратланарли. Менимча, инсон шукр қилиб яшаш керак.

Маълумот

· 1956 йил, Тошкент шаҳрида туғилган.
· Рафиқасинингн исми Мактуба, инженер-технолог. Ҳозир нафақада.
· Фарзандлари: Мастура, Мансур, Жасур.
· Актёр олти набиранинг буваси.

Актёрнинг «ЭНГ…»лари

· Энг ёмон кўргани: худбинлик.
· Энг қувонган куни: илк бор ота бўлган кун.
· Энг севимли роли йўқ. Ҳар бирининг замирида ўзига яраша маъно бор, деб ҳисоблайди
· Энг ёқтирадиган кўрсатувлари: спорт ҳақидаги дастурлар.
· Энг катта камчилиги: жаҳли тезлиги.

Интервью тугади! Саҳифа ортидаги гаплар

Суҳбат сўнгида Матёқуб Матчоновнинг рафиқаси Мактуба опадан актёрнинг феъл-атвори қандай экани ҳақида сўраб, баъзи маълумотларни билиб олдим.

— У киши уйим-жойим дейдиган, жуда болажон, меҳрибон инсон.Турмушимиз бошиданоқ қаттиққўллигини қўйган талабидан билиб олгандим. Уй тоза бўлса, овқат пиширилган бўлса бўлди, бемалол бошқа ишларингни қилаверишинг мумкин, деганди. Аммо бу ишлар ҳеч қачон тугамайди-ку (кулади)! Лекин ҳамма ишни мен билан теппа-тенг бажариб кетаверарди.

— Матёқуб акани қайнота сифатида ҳам таърифлаб беринг.

— Келинларига жуда меҳрибон. Уларни биринчи кундан ўз қизларидек кўриб, «сен»лаб мурожаат қила бошлаган. Ҳам қаҳри, ҳам меҳри бор десам, тўғрироқ бўлади.

— Қаҳрлари биринчи учрашувда билинмаганмиди?

— Йўқ. Чет элда ўқиб келганим сабаб мулойим гапларини эшитиб, соддаларча «эгиб» олсам керак», деб ўйлагандим. Тўйдан кейин аёл эркак кишидан бир поғона пастда юриши керак. «Аввало оила аъзоларим, кейин менинг ҳурматимни қилсанг, чиройли ҳаёт кечирамиз», деганида аслида роса талабчан эканини тушунгандим.

— Тортишиб қолган пайтларингизда ким биринчи бўлиб узр сўрайди?

— Матёқуб ака билан тортишиб бўлармиди (кулади)! Жаҳли чиққанида гап қайтармай «хўп» деб турсангиз, дарров юмшаб қолади-ю, аммо барибир ўз айтганини қилдиради.

Нигора СОЛИҲОВА суҳбатлашди
Манба: Sugdiyona gazetasi.

SHARE