Гулистонлик Гулнора опа ўз қариндошларини Нью-Йоркдан топди

Азалий ҳаёт ҳақиқати шу: тинчлик оилалар хотиржамлигини, мустаҳкамлигини таъминлайди. Уруш эса қачон ва қаерда бўлмасин, қайси миллатга мансублигидан қатъи назар, оила тинчлигини бузади, туғишганларни бир-биридан жудо қилади. “Ўзбекистон овози” газетаси уруш туфайли айрилган ҳамда сўнг бир-бирини топган инсонлар тўғрисида мақола чоп этди. Бу мақола эса шундай қисматни бошдан кечирган опа-сингиллар ҳақида…

Гулнора Жўраева «Такси плюс» корхонасида диспетчер бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи Ҳакимжон Саримсоқов билан Сирдарё вилоятидаги Дўстлик қўрғонида истиқомат қилади. Кўп йиллардан буён ширин ҳаёт кечиришади, ёлғиз қизи Турсунойни турмушга беришган. Икки нафар набираси бор.

Гулнора интернет тармоғига кириб, онасининг қариндошларини излаб кўрмоқчи бўлди. Онаси 1948 йилда эвакуация қилинган болалар орасида Ўзбекистонга келиб қолганини, у икки синглиси ва укаси қай юртларда эканидан бехабар оламдан кўз юмганини, улар поляк миллатига мансублигини, фамилияси Лансман бўлгани ҳақидаги хабар ва суратларни интернет сайтига жойлаштирди. Тасодифни қарангки, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида яшаётган 75 ёшли аёл — Стивинс Мерлин асли исмлари Малика ва Рут Лансман бўлган опа-сингиллар номидан интернет сайтига худди шундай фамилияли аёлни қидираётганликлари ҳақида хабар ташлаган экан.

Хабар ва суратларни кўрган қариндошлар, ҳеч шубҳасиз, опасининг қизини топишганига ишонч ҳосил қилишди. Мерлиннинг набираси Роберто Гулнорани Америкага таклиф қилиб, холалари билан учраштирди. Унинг таассуротлари бир олам, холасининг гапларини такрорлашдан чарчамайди:

— Опамни Ўзбекистондан излаш хаёлимга ҳам келмаган. Наҳотки, опам ўзбекларнинг тарбиясини олиб, вояга етган, ўзбек йигитига турмушга чиққан, фарзандлари ўзбек, бугунги кунда улар Гулистон шаҳрида яшайди. Оҳ, қандай ҳайратланарли…

Гулнора сафар таассуротлари билан ўртоқлашар экан, яна шундай ҳикоя қилди:
— Уларга ўзбекларнинг саховатпеша ва болажонлигини гапириб бердим. Қариндошларим худди ўзимиздай ували-жували бўлиб кетишган экан. Барчаси атрофимда парвона денг. Энди навбат уларга, мавридини топиб меҳмонга келишмоқчи. Ҳа, айтганча, менинг икки синглим Гулистонда яшайди, бола-чақали. Уларга ҳали бу учрашув ҳаяжонлари насиб этгани йўқ. Энтикиш билан учрашувни кутишаяпти.

Юракларни қанчалар ларзага келтирган бу дийдор кимларгадир оддий воқеадай туюлар, лекин буни уруш даҳшатларини кўрган, асоратларини бошидан кечирганлар жуда яхши ҳис қилишади.

Жанглиш ҲАСАНОВА

SHARE