Нуқтаи назар: Сурия инқирози… Миср сценарийси такрорланадими?

Бугун сиёсатга, халқаро миқёсда содир бўлаётган воқеаларга қизиқиш билан қарайдиганлар Сурия инқирозини жиддий кузатиб бораётган бўлса ажаб эмас. Қарийб икки йилдирки, бутун Сурияни қамраб олган тартибсизликлар бугун том маънодаги урушга айланиб улгурди. Бугун ҳар куни ушбу мамлакатда ўнлаб инсонлар қурбон бўлмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, мамлакатда қонли тўқнашувлар бошланганидан бери 17 минг нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган. Сурия ҳукуматининг кўзга кўринган вакиллари террор қурбони ҳам бўлди.

Сурия инқирозини чуқур таҳлил қилиб кўрганда, шу нарса аниқ бўладики, бу ерда вазиятни кескинлаштирувчи омил, шубҳасиз, ташки кучлар бўлди. Дунё оммавий ахборот воситаларида (аниқроғи, ғарб оммавий ахборот воситаларида) Башар Ассадга қарши аёвсиз ахборот кампанияси олиб борилди. Бу ахборот кампанияси шу даражага бориб етдики, аксарият ғарб мамлакатларида Ассад ҳақиқий ёвуз диктатор сифатида намоён бўлди. Аммо масаланинг нозик тарафи шундаки, Сурияда ҳукуматга қарши уруш олиб бораётган тараф аниқ бир етакчига, сиёсий платформага ва ҳақиқий қўллаб-қувватловга эга эмас. Ғарб гарчи уларни бевосита қўллаб-қувватлаётганини кўрсатмаётган бўлса-да, билвосита мухолифатни, таъбир жоиз бўлса, қуролланган тўдаларни молиялаштириб келаётгани кўпчиликка сир эмас.

Умуман, Сурия инқирозининг ҳаддан кўп чўзилаётгани диққатга сазовордир. Албатта, булар бежизга эмас. Аввало, Ироқ, Миср, Ливия ва бошқа давлатлар билан боғлиқ муносабатларда “тили куйган” Россия ва Хитойнинг ушбу масалани ҳал этишда ягона принципда турганидир. Россияни ҳам тушуниш керак. Негаки, Сурия Россия учун стратегик аҳамиятга эга мамлакат. Ушбу мамлакатда 100 минг нафардан ортиқ россиялик мутахассислар фаолият юритишади. Россия қурол-яроғ экспортида Сурия асосий роль эгаллайди.

Анлантика кенгаши тадқиқот маркази вакили Анна Боршчевскаянинг CNNга берган интервьюсида “Россия оммавий ахборот воситаларида Сурия инқирозининг бир томонлама ёритилиши Путинга босимнинг таъсирини камайтирмоқда”, деб айтади. Бизнингча, бу асоссиз хулоса. Чунки Россия ўз манфаатини ҳимоя қиляпти. У шунинг учун интилади.

Сурия инқирози ҳал этилиши керак. У қайси йўл билан бўлса-да, барҳам топиши лозим. Араб давлатлари лигаси бугун Башар Ассадни тинч йўл билан кетишга чақирди. Ғарб мамлакатлари аллақачон бу йўлдан бораётгани кўпчиликка сир эмас. Россиянинг Франциядаги элчиси Башар Ассад ўз шарти асосида ҳокимиятдан кетишга рози эканлигини маълум қилди. Умуман, бу фактларнинг барчаси Сурия тақдири ташқарида ҳал қилинаётганини кўрсатади. Бир нарса аниқки, Ассаднинг ҳокимиятда қолиш ёки қолмаслиги — Сурия халқининг қўлида эмас. Бу халқаро миқёсда “ўзаро тийиб туриш ва халқ хоҳиши” деган тушунчаларнинг емирилиб бораётганидан даракдир. Ғарб учун Ассад ҳокимиятдан кетиши керак. Россия ва Хитой учун уларнинг манфаати ёки таъсир доираси сақланиб қолиши керак. Демак, халқаро ҳамжамият Миср сценарийси асосида вазиятни бошқариши мумкин, яъни Ассад ҳокимиятдан кетади, лекин унинг режими айрим ўзгаришлар билан сақланиб қолади. Ғарб ҳам, қолган гегемон давлатлар ҳам бунга рози бўлиши мумкин.

Лекин минглаб одамлар қўлида қурол-яроғ сақланиб қолади, диний ва ҳудудий тарқоқлик, кескинлик авж олади. Башар Ассад кетгандан кейин ҳам ҳар куни бўлмаса — кун ора бирор бир кўргулик бўлиб туради. Яъни, Сурия халқи мана шу сиёсий ўйинлар қурбони бўлиб қолаверади.

Қуйида эътиборингизга машҳур рассом Тацуа Ишиманинг суратларини ҳавола этамиз. Хулоса сиздан.

SHARE