Нуқтаи назар: Пол Крейг Робертс: “Американинг “олабўжи” сиёсати”

Ўтган ўн йиллик ичида Вашингтон “террорчиликка қарши кураш”  баҳонасида  жаҳоннинг олти мамлакатида миллионлаб мусулмонларни ўлдирди, майиб қилди, ватанидан қувди, бева ва етимга айлантирди.

Вашингтоннинг турли мамлакатларга босқини очиқ-ойдин зўравонлик бўлиб, биринчи навбатда тинч аҳолига ва инфратузилмаларга зарба беради. Бу эса, қонун кучи билан жазоланадиган ҳарбий жиноятлар туркумига киради. Фашистларни айнан ҳозир Вашингтон қилаётганидай қилмишлар учун қатл қилишган эди. Бундан ташқари, урушлар ва ҳарбий амалиётлар америкалик солиқ тўловчиларга камида тўрт триллион АҚШ долларига тушяпти (яқин келажакда ҳам шунча сарф қилинади). Бу эса давлат жами қарзининг учдан бирига тенгдир. АҚШ бюджети тақчиллиги инқирозининг юзага келиши, бунинг жамоат хавфсизлигига ва миллий валюта барқарорлигига, долларнинг жаҳон валютаси сифатидаги аҳамияти тушиб кетишига жиддий хавф солаётгани ҳам шундандир. Айни пайтда ҳарбий-саноат мажмуалари, хавфсизлик хизматлари ва улар  гумашталарининг бутун тарих мобайнида мислсиз даражада бойиб кетишига ҳам сабаб бўлди. Эҳтимол, АҚШ “террорга қарши кураш”га АҚШ Конституцияси ва мамлакат фуқароларининг эркинлигини ҳам тўлов қилиб юборгандир?

Вашингтон у ёки бу жиноятда айблаган АҚШнинг ҳар қандай фуқароси барча қонуний ва конституциявий ҳуқуқларидан маҳрум этилади. Буш, Чейни ва Обама режимлари инсониятнинг энг катта муваффақияти саналган давлатнинг қонунга тобеълигини бузиб талқин қилишди. Атрофга назар ташлаб, полиция мамлакатининг гўё бизларни ҳимоя қилиш баҳонасида ўн йил давомида олиб бораётган урушлари сабаби бўлган террорни қидириб кўрадиган бўлсак, уни топиш амри маҳол экани маълум бўлади. Агар 11 сентябрни ҳисобга олмаганда, (давлатнинг фитна назарий жиҳатдан имконсизлиги ҳақидаги изоҳига ишонганимизда ҳам) АҚШга қарши ҳеч қандай террорчилик ҳужуми қилинмаган.

Дарҳақиқат, 2011 йилнинг 23 августида «Russia Today» телеканали хабар беришича, Калифорния университети ўтказган текширувларга кўра, оммавий ахборот воситалари тинмай такрорлаб келган мамлакат ичкарисидаги “террор фитнаси”ни ФҚБ (Федерал Қидирув бюроси, русчасига ФБР) агентлари тарафидан ташкиллаштирган экан. Ҳозирги пайтда ФҚБ ўн беш мингдан ошиқ махфий агентга эга, бу Вьетнамдаги урушга қарши фаол норозиликлар пайтидагидан ўн баробар кўпдир. Ўшанда ҳам ҳамма норозилардан коммунистларга мойилликда шубҳаланилган эди. Бу улкан куч фош этиши мумкин бўлган ҳеч қандай террорчилик фитнаси амалда мавжуд эмаслиги аён экан, ФҚБ террор хавфидан огоҳлантириш, Америка фуқаролари ичига киритиб юборилган душманни қидириш, “террор фитналари”ни ўйлаб топиш, йўлдан урилган одамларни тузоққа илинтиришлар билан сарфланган маблағларни оқлайди.

Масалан, Вашингтон ва Нью-Йорк метросидаги террор “ўйинлари”, шунингдек Чикагодаги осмонўпар Sears Tower биносини портлатиш мақсадидаги фитнани ФҚБ режалаштирган ва уларнинг агентлари бошқариб турган.

«Russia Today» хабар беришича, фақат уч террор хуружи ФҚБдан мустақил равишда режалаштирилган бўлиши мумкин. Аммо бу режаларнинг битортаси ҳам амалга ошмаганини эътиборга олсак, буларда “Ал-Қоида”га ўхшаш етук террорчи ташкилотларнинг қўли йўқлиги маълум бўлади.

Таймс Сквердаги машина ичидаги бомба портлагани йўқ, афтидан, у портлаши ҳам мумкин эмасди. Пентагон ва АҚШ Конгресси биносига радио орқали бошқариладиган “Cи-4”портлатгичи юкланган модел самолёт ёрдамида ҳужум уюштиришни режалаганликда айбланаётган бостонлик Ризвон Фирдавс  ФҚБ сўнгги фирибининг қурбонига айланди. Штат прокурори Кармен Ортис америкаликларни ишонтириб айтишича, улар ҳеч қачон хавф-хатарда бўлишмаган, пинҳона ишлаётган ФҚБ агентлари воқеаларни доим назорат қилиб туришганмиш.

ФҚБ ташкил қилган Капитолий ва Пентагонни портлатгич солинган модел самолёт ёрдамида портлатиш фитнасидан ташқари, Фирдавсга яна “террорчилар ташкилотига моддий ёрдам берганлик” ва федерал биноларни йўқ қилиш фитнасини уюштириш айблари ҳам қўйилган. Бу, ҳужум уюштирилмоқчи бўлган ҳар қайси бино учун алоҳида-алоҳида йигирма йилдан қамоқ  жазоси бериладиган энг жиддий айбловдир. Хўш, Фирдавс қайси террорчилик ташкилотига хизмат қилаётган эди? “Ал-Қоида”га эмаслиги аниқ, чунки у тахминан ўша тонгда, ўша пайтдаги бир соат ичида тўрт марта АҚШнинг 16 та разведка хизматини, Исроил ва барча иттифоқчиларининг разведка хизматларини,  НОРАД бошқармасини, Миллий хавфсизлик кенгашини, авиадиспетчерлик хизматларини, мудофаа вазири Дик Чейнини ва АҚШ аэропорти хавфсизлик хизматларини “чув туширибди”. Пентагонни модел самолёт воситасида портлатишдек бемаъни ишга бундай имкониятларга эга ташкилот ҳеч қачон қўл урмайди.

Бир неча йиллар давлат хизматида бўлган ва Конституция ҳимоясида туриб, фуқаролик бурчини ҳамиша адо этиб келган бир америкалик сифатида мен ҳатто ёнилғиси тўла Боинг 757 ҳам Пентагонни портлатишни уддалай олмай, бинога кичикроқ тешик очолгани ҳолда бу ишни миттигина модел самолёт қила олишига ишонишни бизлардан нега кутишаётгани борасида ўқувчи калласида савол туғилмасмикин, дея ишонишим керак бўлади.

Ватандошларим АҚШ ҳукумати  тўқиб чиқарган   тутуриқсиз “террорчилик фитналарига” гўлларча ишонишганини кўрганимда, қўрқув – ҳар қандай мамлакат ўз махфий мақсадларига етиш учун фойдаланадиган энг қудратли қурол эканини тушунаман. Агар Фирдавс маҳкамага тортиладиган бўлса, уни шубҳасиз Пентагон ва Конгресс биносини модел самолёт ёрдамида портлатишни режалаштиргани учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилишади.

Эҳтимол, уни қийноққа солишар ёки  бошқа услублар ёрдамида уни чин кўнгилдан айбига иқрор бўлишга мажбур этишар?

Америкаликлар қўрқув ҳиссидан шунчалик абгор бўлишганки, “уларнинг” мамлакати миллионлаб бегуноҳ одамларни ўлдираётганидан ва уларни ватанларидан бадарға қилаётганидан заррача виждон азоби чекишмаяпти. Америкалик онгида қириб ташланишга муносиб бир миллиард “саллали”  террорчилар тўдасига  айланмоқда, деган фикр ўрнашиб қолган. АҚШ қатли омга (холокостга) борадиган йўлда турибди, бунинг олдида яҳудийларнинг миллатчи-социалистлардан чеккан азобларини шунчаки ўзига хос “машқ тайёргарлиги”га айланиб қолади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ўн йилликдан сўнг (бу Иккинчи жаҳон уруши муддатидан икки ярим баравар ортиқ) олти мамлакатда миллионлаб мусулмонларнинг ўлдирилиши, оилаларининг барбод бўлиши ва келажакдаги истиқболидан мосуво этилишидан кейин АҚШда нега ҳақиқий террорчилик хуружлари бўлмаётганидан ҳайрон бўлмаяпсизми?

Агар террорчилар ҳақиқатан мавжуд бўлишса, уларнинг АҚШда ҳаракат қилишлари қанчалик осон бўлиши мумкинлиги ҳақида бир дақиқагина ўйлаб кўринг. “Ал-Қоида” террорчиси (Ғарб ҳам, устига-устак “дунёдаги ягона ҳоким давлат” ҳам ўз тарихида ҳозиргача кўрмаган энг шармандали мағлубият ҳисобланмиш 11 сентябр воқеаларига гўё жавобгар ташкилот аъзоси) шундан кейин энди ҳамманинг кўз ўнгида самолётни ўғирлаб, уни портлатишга ҳаракат қилардими?

Албатта, у бундай қилиб ўтирмас эди, чунки Американинг заиф жойлари бусиз ҳам жуда кўп. Агар ҳақиқатан ҳам, АҚШга “террор хавфи” таҳдид солганида эди, террорчи шунчаки аэропортнинг  одамлар жуда кўп тўпланадиган жойига келар ва “қўриқчи”ни бартараф этиш учун ўзига қулай пайт пойлар ва ўз бомбасини портлатган бўлар эди!?  Бу эса самолёт портлатишдагидан ҳам кўпроқ  одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин эди, бунинг устига “аэропорт хавфсизлиги” ҳеч ким бехавотир бўлолмайди, дегани экани мутлақо равшан эди. Метро бекатларида симтўрлардан бошқа ҳеч қандай тўсиқ бўлмагани учун террорчига бекатни портлатиш ёш бола қўлидан ширинлигини олиб қўйишдан ҳам оддийроқ эди. Террорчилар учун савдо марказларини портлатиш осон кечган бўлар эди. Машиналарга тўла кўча ва катта йўлларга гавжум пайтларда мих тўла яшиқларни ағдариб, шаҳарнинг энг муҳим транспорт йўлларини батамом тўсиб қўйиш осон-ку. Ҳурматли ўқувчи, мени террорчиларга йўл  кўрсатишда айблашдан олдин, айтинг-чи, наҳотки, бу ғоялар 11 сентябрдаги террорчилик хуружини уюштирган ташкилотларнинг “калла”ларига келмаган, деб ўйласангиз?

Аммо ҳеч нарса содир бўлаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам ФҚБ модел самолёт ёрдамида Американи портлатишни режалаштирган одамни ҳибсга олади, холос.

Бунга шунчалик кўп америкаликларнинг ишонаётганлари мени ҳақиқатан ҳам қаттиқ ранжитади. “Террорчиликка қарши уруш” бошлаган янги консерваторларнинг деярли барчаси ҳимояга эга эмаслиги, Буш ва Чейниларнинг махфий хизматлар воситасидаги ҳимояси эса ўта заиф экани ҳақида ҳам бир мулоҳаза юритинглар. Агар Америка ҳақиқатан ҳам террор хуружлари муаммосига,  айниқса, 11 сентябрдагига ўхшаш касбининг усталари томонидан уюштирилган ҳужумларга дуч келганида,  ажойиб бир кунда (ёки кечада) Буш ва Чейнилар билан бирга  барча янги консерваторлар бир соатда даф қилинган бўлар эди. Пол Вулфовиц, Доналд Рамсфельд, Конди Райс, Ричард Пёрл, Дуглас Фейт, Жон Болтон, Вилям Кристол, Либби, Эддингтон ва ҳоказо каби янги консерваторлар ҳеч қандай ҳимоясиз, мутлақо қўрқмай яшаётгани Америкада ҳеч қандай “террорчилик фитнаси” йўқлигига ишончли далил бўла олади.

Энди, аэропорт и самолётлардаги “пойабзал бомбаси”, “шампун шишасидаги бомба” ва “калта иштондаги бомба”лар каби фитналар ҳақида бир ўйлаб кўринг. Мутахассислар (АҚШ ҳукумати ёллаган суюқоёқ мутахассислар эмас, балки ҳақиқий мутахассислар) айтишича, бу фитналар куракда турмайдиган уйдирмалардир. “Пойабзал бомба” ва “калта иштон бомба”лари дегани рангли мушаклар учун ишлатиладиган порох бўлиб чиқади, улар билан ҳатто тунука банкани ҳам портлатиш мумкин эмас.  Гўё самолёт ҳожатхонасида тайёрланган суюқ бомба эса, мутахассислар томонидан ғирт уйдирма, деб баҳоланди. Бу сохта фитналардан мақсад нима?

Эсингизда бўлса, “калта иштон бомба”си воқеасидаги террорчи паспорти бўлмаса ҳам самолёт бортига мутлақо расмий равишда ўтган. На МРБ (Марказий Разведка Бошқармаси, русчаси ЦРУ), на ФҚБ ва на бошқа ташкилотлар паспортсиз йўловчининг қандай қилиб халқаро авиарейс самолётига ўтиришга муваффақ бўлганини текшириб ҳам ўтиришмади. Ана шу барча сохта фитналарнинг мақсади – фуқароларнинг қўрқиш даражасини янада ошириш ва миллий хавфсизлик хизматининг собиқ “қироли”  Майкл Чертофга Транспорт хавфсизлиги бошқармасига порно-сканерларни (кийимдаги одамни яланғочлаб кўрсатадиган мослама) сотиб, мўмай пул топиш имконини яратишдир. Мана шундай сохта “террорчилик фитна”лари натижасида  бирон бир америка фуқароси, ҳатто юқори лавозимни эгаллаб турган ва махфий маълумотлардан воқиф шахслар ҳам пойабзали,  курткаси, белидаги тасмасинии ечмай, порно-сканердан ўтмасдан ёки қўпол тарзда тинтиб кўрилмай тижорий авиакомпания самолётига чиқа олмайдиган бўлди.

Яна ҳам оддийроғи: “аэропорт хавфсизлик хизмати” мусулмон террорчисини Американинг содиқ ватанпарваридан, АҚШ сенаторию, адмирал ёки МРБ оператив ҳодимидан ҳам фарқлай олмайди. Агар йўловчи саломатлиги туфайли ёки бошқа қандайдир сабабларга кўра самолётга рухсат этилганидан кўра кўпроқ дори-дармон, тиш пастаси, суюқ совун ёки озиқ-овқат олиб ўтиши керак бўлса, у олдинроқ транспорт хавфсизлик хизматидан (TSA) махсус рухсатнома олиши лозим.  «YouTube» видео хостинггига қўйилган бир видео кўринишда TSAнинг “гестапочи”лари ногиронлар аравасидаги бир аёлнинг унга зарур бўладиган махсус овқатини олиб, ахлатга ташлаб юборишади. Ваҳоланки, унда TSA берган рухсат қоғози бор эди. Бундай ўзбошимчалик билан қилинаётган  зўравонликка қаршилик кўрсатган ногирон аёлнинг қизи дарҳол ҳибсга олинади, ночор аҳволдаги аёлнинг ўзини ногиронлар аравасида аэропортда ёлғиз қолдиришади. Мана шулар бугунги Американинг аҳволи.

Нодон ўнглар оддий фуқароларга бўлаётган ҳужумларни “тинч аҳолини террор хуружларидан ҳимоя” қилиш, аслида эса кўриб турганимиздек таги йўқ “хавфлар” баҳонаси билан оқлашади.

Бугун бирорта ҳам америкалик хавфсиз ҳолатда эмас. Мен Вакиллар Палатасининг ҳарбий мақсадлар учун пул ажратиш бўйича қўмитасининг собиқ хизматчисиман. Бу нарса менинг яхшигина хабардорлигимни кўзда тутарди, чунки Америка қуролланиш дастурига оид барча маълумотлар билан танишишга рухсатномам бор эди.  Қўмита бош иқтисодчиси бўлганимда АҚШнинг мудофаа ва ҳарбий бюджети маълумотлари билан танишиш рухсатномасига эга бўлдим. АҚШ молия вазирининг ёрдамчиси бўлганимда ҳар куни МРБ йиғилиши чоғида президентдан кўрсатма олишим баробарида жуда катта махфий маълумотлар билан танишишга ижозат олгандим. Молия муассасасидан кетганимдан сўнг, президент Рейган мени ўта махфий ҳисобланган МРБ томонидан Совет иттифоқи имкониятларини ўрганиш қўмитасига тайинлади. Кейин мен Пентагонда маслаҳатчи бўлдим. Махфий маълумотларни кўриш учун менда барча имкониятлар бор эди.

Ва менинг ўта махфий маълумотлардан юксак даражада хабардорлигим, Президентнинг мени масъул вазифага тайинлагани ва сенат уни тасдиқлагани, АҚШ ҳукумати олдида ишонч қозонганимга қарамай, аэропорт полициячиси мени террорчидан фарқлай олмайди. Агар мен модел самолётлар йиғишга қизиққанимда ёки урушга қарши норозилик намойишларида иштирок этганимда, шубҳасиз, мени ҳам ҳибсга олган бўлишар эди.

Йигирманчи асрнинг сўнгги чораги ва йигирма биринчи асрнинг ўн йили ичида давлат тизимларидаги хизматларимдан сўнг, ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, америкаликларнинг, камчиликларини истисно қилганда, барча ютуқлари йўқ қилинганига ишонч ҳосил қилдим. Улар ўрнига ягона етакчи (гегемон)  бўлишнинг ёвуз ҳирси ва катта бойликни ғамлаш иштиёқидан  осмонўпар бинолар барпо қилинди.

Дўстларим ва ватандошларимнинг кўпи  урушқоқлик ва полиция давлатига айланган, даромад тақсимланиши бўйича бошқа ривожланган мамлакатлар орасида энг ёмони бўлган Американи таний олишмаяпти. Ўз мамлакатини дунёнинг ягона буюк давлати деб ҳисоблайдиган жуда кўп америкаликлар ва мамлакат фуқароларининг ҳарбий флотга ҳам, ҳарбий-ҳаво кучларию, ядро қуролига ҳам, узоқни нишонга олувчи ракетларга ҳам эга бўлмаган тарқоқ мусулмонлар томонидан қандайдир хавф борлигига ҳақиқатан ҳам ишонишлари ажабланарлидир. Дарҳақиқат, “аҳолига хавф” солиб турган бу мамлакатларнинг аксар фуқаролари, айниқса ёшлари Америкадаги мавжуд жинсий муносабатлардаги эркинликка кўнгил қўйишган. Ҳатто МРБ бошқариб турадиган Эроннинг “Яшил инқилоб” ташкилотидаги содда-лақмалар ҳам Вашингтон эллигинчи йилларда улар сайлаган ҳукуматни ағдариб ташлаганини унутган кўринишади. Мусулмон халқларга қарши ўн йилдан бери давом этаётган ҳақоратли ҳарбий амалиётларга қарамай ҳали ҳам кўплаб мусулмонлар Америкага ҳар хил балолардан қутқарувчи пуштипаноҳ сифатида қарашади. Чунки уларнинг “пешво”лари катта пулга сотиб олинган. Гўё президент Обама тарафидан берилган буйруқ асосида ташкилот пешвоси Усома бин Лодин (“йирик халқаро террористик ташкилот” уни қуролсиз ва ҳимоясиз қолдирганмиш) ўлдирилиб, “террористик хавф” бартараф этилгач, унинг ўрнига Вашингтон янги “ажина” – Ҳаққонийни ўйлаб топди. Жон Глейзер ва исми ошкор бўлишини истамаган МРБнинг расмий вакилига кўра, Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитасининг раиси Майк Маллен АҚШнинг Покистонга бостириб киришини режалаётганида Ҳаққоний гуруҳининг хавфлилигини жуда “ошириб”, Ҳаққоний – бу Покистон ҳукумати махфий хизматининг ҳаракатдаги гуруҳи, деган.  Энди эса адмирал Маллен ўзининг жа “ошириб” (ёлғоннинг миси чиққач) юборганидан воз кечяпти. Унинг ёрдамчиси капитан Жон Кёрбининг айтишича, Малленнинг уйдирма айбловларидан мақсад Покистон ҳукуматини Ҳаққоний қўзғолонини бостиришга мажбур қилиш эди. Бошқачасига айтганда, Американи турли ташвишлардан халос қилиш учун Покистон ўз фуқароларини қурбон этиши керак эмиш. Агар сиз Ҳаққоний тармоғи ҳақида маълумотга эга бўлмасангиз, ҳайрон бўлманг. Чунки 11 сентябр воқеаларигача “Ал-Қоида” ҳақида ҳам ҳеч нарса эшитмаган эдингиз.

АҚШ ҳукумати дунёга ҳокимлик қилишни ва ҳарбий саноатнинг янада кўпроқ фойда кўришини янгича услублар ёрдами билан кун тартибига киритиш мақсадида янги-янги ваҳимали тадбирлар ва фитналарни ўйлаб топяпти. Ўн йилдирки, Америка халқи, “буюк давлат”нинг халқи ҳукумат ёлғонидан қўрқиб мум тишлаганича пусиб ўтирди.  Америкаликлар аслида бўлмаган “террор хавфи” қаршисида қўрқувдан даҳшатга тушиб, ҳайратдан бармоқларини сўриб юришганида, Америка ҳукумати дунёнинг олти мамлакатида миллионлаб одамларнинг ҳаётларига зомин бўлди. Мавжуд исбот-далилларга кўра, америкаликларнинг мутлоқ кўпчилиги АҚШ аҳолиси ҳатто харитадан ҳам топиб бера олмайдиган мамлакатлардаги одамларнинг ваҳшийларча ўлдирилишига бутунлай бефарқ қарашди.  Дарҳақиқат, Америка бутун дунёнинг машъалидир, ҳаммага ва ҳар бир кишига намунадир.

Пол Крейг Робертс* (p-w-w.ru)

Абу Муслим таржимаси

Пол Крейг Робертс, АҚШ молия вазирининг собиқ ўринбосари, “Wall Street Journal” газетасининг собиқ муҳаррири, Жоржтаун университети стратегик ва халқаро тадқиқот марказининг сиёсий иқтисод фанлари профессори.

SHARE