Сценарийни ким ёзиши керак ёхуд савиясиз кинолар каердан келяпти?

Сценарийни ким ёзиши керак ёхуд савиясиз кинолар каердан келяпти?

Ўзбек киноси маъно-мазмуни ва аҳлоқий тарбияси билан мухим ахамиятга эга бўлиб келган. Ҳар бир яратилган кино асар тарбиявий аҳамияти билан халқ маънавиятини оширган. Боиси фильмлар сценарийси буюк ёзувчиларимиз ва драматурглар қаламига мансуб бўлиб инсонлар тафаккури равнақига хизмат қила олган. Аҳамиятлиси, мазкур фильмлар томошабини фақат ёшлар бўлмаган. Кинотеатрга ёпирилиб келган халқ орасида оқсоқол отахонлардан тортиб, кекса онахонларгача учрата олгансиз. Бугунги киносценарийларнинг саёзлигига асосий сабаб нима? Балки бу саволнинг берилиши табиийдир. Чунки томоша қилган фильмингиз титраларига яхшилаб қарасангиз, ғоя муаллифи, сценарий эгаси, продюссери, режиссёри ва ҳатто бош қаҳрамон ижрочиси ҳам бир киши. Бўлар бўлмас сценарийлар асосида катта экранга чиқиб кетаётган картиналарни ким, қайси ташкилот назорат қилади? Наҳотки, томошабин талаби, деб бир хил мавзудаги сценарийлар асосида фильм суратга олавериш тўғри бўлса? Энг қизиғи, биз сценарий деб атаётган диалоглар тўпламини адабиёт қоидалардан хабардор бўлмаган кишилар қоралашяпти. Энг долзарб мавзу ва ҳатто халқ дардини ёритувчи ғоя сценарий асосини ташкил этган бўлса-да, агар у адабиёт қонун-қоидаларига амал қилинмай ёзилган бўлса «Ўзбеккино» миллий агентлиги ижодий таҳрир комиссияси томонидан бекор қилиниши мумкин. Бу хусусда жавоб бериш керак бўлган шахслар кўп, бироқ жавоб бера оладиганларни топиш мушкул…

“ Ёзувчилар кўп, бироқ киносценарий ёзиш…”

Ҳотам Файзиев., Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, оператор: 

— Яхши сценарий ҳамма замонда муаммо бўлиб келган. Бугун мукаммал сценарий ёзадиган сценаристлар саноқли. Мустақилликдан олдин суратга олинган фильмларнинг аксарининг сценарийси рус сценаристларига тегишли бўлган. Бироқ улар ҳам ўзбек ёзувчиларимизнинг асарлари асосида ёзишган. Ёзувчилар кўп етарли даражада, бироқ киносценарий ёзишни ўзига яраша машаққати, қонун-қоидалари бор. Киносценарийни дуч келган инсон ёзиб кета олмайди, ниманидир қоралаб, суратга олгани билан бу сценарий ёздим, дегани эмас. Ҳаттоки, оператор ёки режиссёрнинг сценарий ёзиши ҳам ажабланарли ҳол эмас. Агарда ўша инсонда яхши иқтидор ва кучли тасаввур бўлса уддасидан чиқа олиши мумкин, бу ижодкорнинг маҳоратига боғлиқ. Бу иш уники, деб ажратиб қўйиш керак эмас.

Ҳар ким ўзининг ишини қилсин!”

Зулфиқор Мусоқов, режиссёр:

— Сценарийси саёз фильмларнинг яратилишига асосий сабаб пул! Чунки бугун фильм яратаётганларнинг кўпи профессионал сценаристларга асар ёздириб, пулини кетказгандан кўра ўзлари ёзишни маъқул кўришади. Баъзи ҳолларда очиқдан-очиқ бошқа фильмлардан кўчиришади, бу жиноят! Тижорат фильмлардаги бадиийликка путур етказадиган нарса пул кетидан қувиш. Камроқ пул сарфлаб, кўп маблағ топиш уларнинг асосий мақсади, ваҳоланки, улар бадиийликнинг «б” ҳарфини ҳам билишмайди. Томошабиннинг савиясини ошириш, ўзбек киноси мавқеини кўтариш уларга қизиқ эмас. Қандай қилиб улар уялмасдан ўзларини сценаристман, режиссёрман, деб эълон қилишади, мен ҳайрон қоламан. Ҳали бадиий кенгашгача етиб бормаган ўнлаб сценарийлар бор. Ҳар битта инсон ўзининг ишини қилиши керак. Агар мен профессионал сценарист, режиссёр бўлмаганимда бу ишга қўл урмасдим.

“Томошабинни дидсизлаштиришга хеч кимни хаққи йўқ”

Феруза Нодирова, киношунос:

— Ўзбек киносидаги ижодий жараёнлар ҳақида гап кетганда муаммо сифатида сценарий масаласи кўндаланг қўйиляпти. Ҳар бир фильмнинг адабий асоси сценарий, қачонки сценарий пухта, пишиқ, бақувват бўлса у бирон бир мавқега эришиши мумкин. Сценарий саёзлиги борасидаги фикрлар хусусий киноасарларга тегишли. Давлат бюджетига олинаётган филмларда сценарийларга катта аҳамият бериляпти. Бу картиналар томошабинбоп бўлмаса-да, савия жиҳатдан дунё талабларига жавоб бера олади. Буни мен Собир Назармуҳаммедов, Нозим Аббосов, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов, Равил Ботиров фильмлари мисолида келтиришим мумкин. Саёз сценарийлар томошабин дидини ўтмаслаштириб юборди. Натижада, мушоҳада юритиб томоша қиладиган фильмларни кўрмай қўйишди. Пули бор одам хоҳлаган мавзусида фильм олиб кетавериши ярамайди. Ҳомийларга ҳам керакли талаблар қўйилиши лозим. Улар яратаётган фильм томошабин манавиятини ўстиришга хизмат қилиши даркор. Кинонинг биринчи вазифаси — тарбия! Таниқли актёрлар эвазига фильм эътиборни тортиб кетади, деган муносабат бўлиши керак эмас. Ҳомий енгил-елпи мавзуда фильм олиб, пулини ишлаб кетади. Энг кўп жабр чекаётган томошабин. Уларни дидсизлаштириб, маънавиятини ўлдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

“Сценаристман, дейишга уяламан!”

Шоира Ғиёсова, сценарист: 

— Бугунги кунда сценарий саёзлиги ҳақидаги фикрлар қулоғимга жуда кўп чалиняпти, бу ҳақиқат. Ўзим бир хилликдан қочиш тарафдориман. Вақтида мен ҳам ёзганман, бироқ у пайтларда талаб шунақа эди. Бугун эса одамларга давр қаҳрамони уларнинг тақдири қизиқ. Бир кишини ҳам сценарий ёзиб режиссёрлик қилишига агарда у профессионал бўлмаса мутлақо қаршиман. Фильмда ҳар бир ишни ўзининг устаси қилгани маъқул деб ўйлайман. Чунки ҳар бир ижодкорнинг қараши ҳар хил бўлади. Натижада картина бойийди. Бугун кўрганини қилиб кетавераман, деб ўйлайдиган “мард”лар кўпайиб кетган. Баъзан уларга қараб қўрқиб кетаман. Ўзим эса ҳалигача сценаристман, дейишга уяламан. Сценарий комедия жанрида ёзилган тақдирда ҳам унинг ўзига яраша «юк»и ва томошабинга айтадиган гапи бўлиши шарт!

“Ётоқ саҳнаси шарт эмас!”

Гулхумор Абдуллаева, актриса:

— Бугинги яратилаётган фильмлардаги ётоқ саҳналарига мутлоқо қаршиман. Ётоқхонасини катта экранга олиб чиқиш ва уни оммага намойиш этиш бизнинг ўзбек минтолитетига тўғри келмайди. Буни кўрсатишнинг бошқа йўллари бор-ку. Бадий асарда ёзилиши бошқа, уни экранлаштириш жараёни бошқа масала. Ҳар қандай сценарийни ҳам миллийлигимизга мослаб суратга олса бўлади. Яқинда 30 сериали «Фидоийлар” номли миллий сериалда суратга тушишни бошлагандим, тан олиб айтаман, сценарий пухта ёзилган. Бироқ сценарийнинг энг охирида ётоқ саҳнаси бор эди. Бошида режиссёр ёрдамчиси билан бошқачароқ қилиб суратга олишни келишгандик, аммо охирига келиб режиссёр айнан шу ҳолатда оламан, деб туриб олди. Кўнишмагач, суратга олиш майдонини ташлаб кетишга мажбур бўлдим.

“Ўзини ҳурмат қилган режиссёрлар…”

Дилфуза Мардонова “Ўзбеккино” Миллий агентлиги етакчи мутахассиси: 

— Давлат буюртмаси асосида яъни давлат бюджети ҳисобидан яратилаётган фильмларга асосан, профессионал режиссёр ва сценаристлар жалб қилинади. Маданият ва санъат соҳасидаги 13та кенгаш аъзолари ва фильм ижодкорлари иштирокидаги йиғилишда картина режиссёри ва драматургга таклифлар берилади. Биз ҳозирда ҳамкорликда ишлаётган «Санъат маъно», «Илк фильм», «Ёшлар ижодий» студиялари яратаётган фильмлар сценарийсини яхши дейиш мумкин. Ўзбекистонда суратга олинаётган ҳар битта фильмга агар «Ўзбеккино» томонидан рухсат берилмаса, у намойишга қўйилмайди. Хусусий фильмларни кўриб чиқиш учун ҳам алоҳида эксперт комиссия бор. Бунга бизнинг директор ўринбосари Жаҳонгир Қосимов бошчилик қилади. Уларнинг талаби албатта, давлат фильмлариникидан енгилроқ. Чунки хусусий студия фильмни ўз маблағига суратга олади. Баъзида шунақа ҳолатлар ҳам бўладики, фильм тайёр бўлиб қолай деганда кўриб чиқишингиз керак экан, деб сценарийни кўтариб келишади. Шу тарзда суратга олинган «Кундош» ва «Қитмир» деб номланган фильмлар эксперт комиссия томонидан ўтказилмади. Ўзини ва ижодини ҳурмат қилган режиссёр эртага суратга олган фильмни қайтариб юбормасликлари учун картина сценарийсини комиссияга албатта тақдим этади Бундай ҳолларга тушмаслик учун сценарийга киритилган ўзгаришларга амал қилишса, меҳнатга ҳам куйиб қолишмайди.

“Поп-корн еб томоша қиладиган филмлар…”

Ғофур Шермуҳаммад, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош муҳаррири, драматург: 

— Ҳозирги кунда «Ўзбеккино» миллий агентлиги тасарруфида хусусий студиялар сценарийларини ҳам кўриб чиқиш йўлга қўйилган. Шу пайтгача улар ўз билганича фильмларни тайёр ҳолда олиб келишарди. Энди эса ҳар битта студияга хат юборилган. Уларнинг аксарияти сценарийларини олиб келишни бошлашди ҳам. Менимча, энди киноижодкор ва «Ўзбеккино» экспертлари ўртасидаги тушунмовчиликлар сал бўлсада камаяди. Энг катта муаммо — хусусий студияларда профессионал драматургларнинг йўқлиги. Ачинарлиси эса кинодраматургиядан умуман хабари бўлмаган кишилар кино учун сценарий ёзиши. Биринчидан, ҳаваскорлар ижоди бадиий савияси жуда паст, воқеалар сохта, конфликтлар сунъий ва ялтироқ ҳаётдан иборат бўлиб қолган. Масалан «Шарқ Синема» ва Рустам Саъдиев фильмларида бу муаммолар кузатилмайди. Профессионаллар билан ишлашга ҳаракат қилиняпти. Бугун кўплаб ёшлар бизга ёзган сценарийлар билан мурожаат қилишяпти. Ўқуви бўлмагач, фақат ҳаваскорлик билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бугунги фильмларнинг кўпи ўйлаб, мулоҳаза қилиб эмас, поп-корн еб томоша қиладиган картиналарга айланиб боряпти…

Cухбатдошларнинг хулосасига кўра сўнгги йилларда ёзилган саёз ва талабга жавоб берадиган сценарийлар асосида яратилган филмлар руйхати…

1. “Ўтов” 1. “Бойвачча”

2. “Мен бу мен” 2. “Шаддот қиз”

3. “Нотаниш” 3. “Кичкина хўжайин”

4. “Қароқчилар”

Хусусий студияда суратга олинаётган фильмларнинг савиясини ошириш учун профессионал ёзувчи ва драматургларни жалб этиш даркор. Бугун катта экранда намойиш этилаётган фильмлар «Ўзбеккино» тасдиғидан ўтган, лекин агентликнинг маҳсулоти ҳисобланмайди.  Ҳозир кинотеатр заллари ёшлар билан тўляпти. Уларнинг эҳтиёжи учун фильм суратга олавериш ақлли ижодкорнинг иши эмас. Чунки асосий томошабин бугун уйда ўтирибди. Катта экранда бозори юришмаган, бироқ фестивалларда юқори поғоналарни эгаллаб келаётган картиналарни телевидение орқали намойиш этилганида одамлар севиб томоша қиляпти…

Озод РАВШАН таёрлади.

SHARE