Таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг “Жинлар базми” романи. II қисм.

Abdulla Qodiriy

Абдулланинг ўз қиссасини кеч кузда ғайбдан пайдо бўлган бир бошча узумдан эмас, улоқдан бошлаганича ҳам бор экан.
Янги йил арафаси, 31-нчи декабр куни уйига бостириб кела, Янги йил кутамиз деб турган бола-чақанинг доду-войию оби-дийдасига қарамай, ўртадаги байрам дастурхонини ағдар-тўнтар қилиб, Абдулланинг китобу-қоғозларини тинтувига киришишганида, ана ўша улоқ саҳнаси бир кечиб ўтди Абдулла хаёлидан. “Чўх!” – дейишни кутган от эдим, энди бу чавандозлар ўзимни тақимларига босишади чоғи, – деб ўйлаган эди ҳамки, лаин очарвоҳлар икки қўлига икки кишан солиб, икки қўлидан судраганича, ҳовлида кўтарилган қиёмат оралаб, дарвоза тагидаги олонда турган учқур машинага улоқтиришди.
Ҳадраларга етганда атрофларда Янги йил мушаклари отилгани, радиокарнайлардан Янги йилнинг лахтак-лахтак табриклари янграётгани Абдулланинг қулоғига чалингандек бўлди. Аттанг, бугун Темир йўлчилар саройига бориб, болаларига Янги йил совғаларини уйда яшириб қўйган эди-да! Ҳар бир бордонда Москвадан келган ширинликлару болаларга энг ёққани – биттадан сап-сариқ норинж бор эди-я! Хотини Раҳбар-бону, болаларини юпатгач, бўйсаралаб, совға халталарини бўлишармикан? Ё йиғи-сиғида эсидан чиқиб қолармикан?
Абдулла бундан ўн бир йил авал қамалиб чиққанлиги учунми, на саросима, на ғулғулага тушган эди. Боёв кўнгил ғалаёнга ўшанда учраб, ўшанда куйиб бўлган. Ҳозир эса ачингани – Янги йилсиз қолган болаларию қиш бадамида узилган иши.
Ташқаридан анбуҳ карнай-сурнаю ноғораларнинг ғат-ғатию гиж-бадабанги қулоғига чалинар экан, қўлида кишани ҳар силкинишдан занг урганида тўймисан тўйни эсларди у.

1235-нчи ҳижрия, Сунбула ойининг ўрталари каллаи саҳардан карнаю сурнай овози доруламон пойтахти Хўқанднинг паст ҳавосини осмону фалакка кўтарган. Жарчиларнинг ҳайқириқлари бу кун Амирул-муслимийн Умар ибн Олимхон – Ғозихўжа қизи Пошшахонни ўз никоҳи шарийяларига олишларини шаҳар фуқарою фузалосига эълон этмоқда. Саройдан эса машшоқу муғаннийларнинг мунгли хиргойилари тарала бошлаган. Ўрдада халойиққа ош, саройда аҳли хосга зиёфат, бир эмас, уч кунга байрам…
Бу тўй Амирул-муслимийнинг биринчи тўйи эмас, шу боис Амирнинг ўзи ҳам, халойиқ ҳам уч кунлик хашамат тараддудида ўз тадоригини кўрмоқда. Гулчилар саройга даста-даста гул ташиган, қандолатчилар қозонларидан узулмай холваю новвот, пашмагу хўрозқандлар пишириш билан машғул, ўрислардан асирга тушган икки мушакбоз тўпларни уртуксизлантириб, аввалдан тайёрланган ранг-баранг мушаклар учун улкан лўпчиқлар ила тозалашмоқда.
Амирул-мўминийн эса шаҳару-қалъаларни забт этишдан олмаган нашъасида усрукланиб ўтирибди. Ўн сакиз минг оламда тенги йўқ ўн саккиз ёш гўзал қиз бу кеча унинг никоҳига тушажак. Ҳазрат айтмиш:

Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажабки сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.

Ҳай-ҳай не ошублар ила ани қўлга киритди. Эндигина ёзилган ғазалида битилмиш:

Ғамингдин, эй пари рухсора, жони нотавоним бор,
Қилурға ранги ҳижронинг қиличин қатра қоним бор…

Бир куни Амир Умархон Шаҳрихонга ўз синглиси Офтоб-ойимдан хабар олгани борганида, у даргоҳда Шаҳрихон хонининг оқила ва покиза хотини ҳам хозир экан. У Амир арзига ушбу сўзларни қилди: “Ҳазрати олийлари хотирларида бўлса, Ўратепадан Сайид Ғози-хожани ўз ғазабларига дучор этиб, кўч-кўрони билан ушбу вилоятга сургун қилиб эрдилар. У зот ҳозир шу ўлтирган уйимиз орқасидаги бир кулбада хору-зорликда кун кечирмоқда. Аммо ул зотнинг Ойхонпошша отли бир қизи борки, унинг чиройини тавсиф этишга сўз ожиз, тил соқов, қалам синиқдур. Шоир айтмиш:

Оразин кўргач кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғач қуёш.

Ул қилвир хотин қизнинг таърифини зиёда қилдики, Амирул-мўминийн орада таъмами ё ғараз бор деган гумонга борди, бироқ барча тарқагач, Умархон ўз сингли Офтоб-ойим билан қолганида, ул маликаи айёр негадир янгидан ўрганган Шаҳрихон шевасида: “Ҳа, тузук, бу қизди мен ҳам кўрғонман-да, бети – синмаган сопол ой, кўзлари – тун бошида ярақлаган Чўлпон, бели – болчи арининг белидек ингичка, думбаси қум уюмидек оғир”, – деб болалигида бирга тинглаган “Минг бир кеча” тавсифларидан келтирган заҳоти, Амирнинг юраклари дарз кетди. Эртак айтмиш, энди чегачига эҳтиёж унинг бутун вужудини қамради…
Бир эмас икки дафъа Ғози-хожанинг уйига совчи юборди, иккала сафар ҳам йўқ жавобини эшитди. Бирида: “Бу мастурамизни қариндошлардан бирига унаштириб қўйганмиз, яқин орада тўй қилишга умунганмиз” – деган эса, иккинчи кез Ғози-хожа ўз аламини очиқроқ ифода этибди. “Мен ғурбатда юрган бир айбаки ғариб бўлсам. Амирул-мўминийннинг бу саъи-корлари на адолат юзасидан, на дину-диёнат жиҳатидан ақлга тўғри келади. Агар зўрлик билан олмоқчи бўлсалар, яна ўзлари биладилар!” – деб, хотинларнинг йиғи-сиғисини қўшиб, совчиларни қайтарган экан.
Лекин…

Шу пайт ичи қоронғи машина таққа тўҳтаб, Абдулланинг хаёлини узди. Манзилига етиб келишибди-да… Нималарни ўйлаётган эди боягинда. Ҳа, қандили ўчган уйдаги болаларига улашилмаган бешта қуёшранг норинж ҳақида… Аттанг-а! Йўқ, навқирон ёшлигида ёзган бир ҳикояси бўлгич эди. Отасининг бир ваҳимали саргузашти ҳақида. “Жинлар базми” деган… Отасига ўхшаб Абдулланиям жин босдими?
Эшиклар шарақлаб очилди-да, ташқарида осуда ёғаётган лайлак қорни ҳар томонга тўзитиб, ҳайқириқ янгради: “Кадыри, выходи!”. Тўрт тарафи қоп-қора олабаргоҳ бино билан ўралган ҳовлида одам оёғи босмаган покизаю беғубор кўм-кўк қор ётарди…

* * *

Қўлида кишани билан Абдуллани қоронғу бинонинг қоронғу зиналари бўйлаб қоронғу ертўласига судрашди. Ертўланинг бир хонасида темир катакка илинган жинчироқ остида бир барзангидек ўрис Абдулланинг чопони остига қўлини тиқиб, чўнтакларини кавлаб, сариқ чақагача бор пулини йиғиб олди-да, сўнг иштонига ёпишиб, ултон қамарини ечди. “Мана бунга имзо чек!” – деб бир парча қоғозни узатар экан, Абдулла қўлидаги кишанга имо қилган эди: “Ҳа, ёзувчишка, қичиган қўлларинг қисқарибди-да!” – деб тиззасига оғир ўтиги билан тепган эди, қимтилаб Абдулла чидаб бўлмас оғриқдан икки эгилди. “Тишла энди ручкани!” – деб ўшқирди бу бандибон жаллод.
“Қўй, Винокуров, – деб аралашгандек бўлди уйда тинтув қилганлардан бири, – келиши биланоқ ўлдириб юборма! Ҳали бу ифлосни сўроқ қилишим керак! Пока же в одиночку!” – деб буйруқ берди-да, анави онағар Винокуровни Янги йили билан табриклаб, ўзи уйга, оиласи билан байрамни кутгани кетишини айтдию маҳбусни Винокуров қарамоғида қолдирди.
Янги йил аламини олдими, ўшанда Абдулладан Винокурови, ё Янги йил қилиб аввалдан ичиб олган эканми, роса тепкилади, сўкди, урди маҳбусни ва чалажон ҳолатда, якка камерага ташлади. Бўғзига ёпишай деса – қўллари кишанланган, тишлай деса – номардлик, лабини қон қилиб тишлаганича Оллоҳга солди бу безанглаган маҳлуқни Абдулла…
Лўққиллаган оғриққа ҳам кўникса бўларкан: нафасингни оғриқ тўлқинларига мослайсан-да, бу мавжнинг авжини атайин кутасан, лекин адолатсизлик аламига чидаб бўлмайди, кучсизлик азобига бардош бериш қийин. Абдулла аввалига анавининг бағритошлигинию юрагини анор қилиб эзган бу оғриқни унинг ўрислигига йўйди, бироқ уйидан чиқаверишида афтидан андироқ татар терговчининг “ий”лаганроқ талаффузидаги гаплари эсига тушди: “Сини биз билябиз. Уртақларинг барлиғини бизгя йеткургянляр…”
Қамоқ борки қамоқда тепки емасдан қолмайсан. 26-нчи йили ҳам Абдуллани ўлардек тепкилашган. Унда ўзининг эгиз ўзбеклари. Лекин унда ҳам юрагини қон қилгани бу тепкилару муштлар эмас, ўзи ишонган, ўзи дўст деб тутинган қора кўзларнинг хиёнати бўлган эди. Ўшанда шу қора кўзларга қайта қараш ўрнига маҳкамадан тузукроғи уни отиб ташлашни сўраган эди. Ўшанда бебок ёшлик ғурурида на бола-чақасини, на Раҳбарини ўйлаган экан…
Бердимикан Раҳбар-бону болаларига аталган норинжларни? Эртага (ё аллақачон бугунми?) Абдулла болаларини Темир йулчилар саройига арча байрамига олиб бориши керак эди. Темир йулчилар саройида арчаларнинг ҳам энг каттаси, томошанинг ҳам энг сараси бўлгич эди. Ўтган йили болаларига айниқса одам гапига жавоб берувчи қирриқ итлар ёққан эди. Кейин бу ажойиб маҳлуқлар бир-бирини чанада басма-бас тортиб кетишган эди. Олиб борармикан Раҳбар болаларини, ё олиб борса-да энди қўйишмасмикан уларни? Эшик тагидан ҳайдармикин баттоллар, қамалганнинг болалари деб? Юраги бирам эзилди болаларини эслаб.
Бир куни ўзининг болалигида ерли рус мактабида ўқиятган чоғи ҳавас қилиб башанг янги шим, янги чопонда арча байрамига келаётганида мактаб қоровули Холмирза-тажанг эшик тагида тутиб олиб: “Сан ҳам копир бўлдингми?” – деб балдоқи билан бола болдирига аямай тушириб қолганида, буни кўрган адабиёт ўқитувчиси Георгий Евстигнеевич, чолнинг олдига келиб, тоза сарт тилида: “Ахир Исо ибн Мариямнинг милоди бу. Исо сенинг ҳам пайғамбаринг-ку!” – деб айтганини эслади Абдулла. Ўшанда янги шимию оёғи қонга буланиб, арча байрамининг ўрнига Георгий Евстигнеевичнинг извошчигида аввал касалхона, сўнг уйига қайтган эди у. Йўқ, саҳоватинг ҳам, разолатинг ҳам миллати бўлмас экан.
Ана, буларни барини гуржи бошқариб ўтирибди. Бирини гўштини бири еган…
Бу фикрда Абдулланинг алмойи-алжойи хаёллари яна олисларга учди…

Давоми бор.