Таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг “Жинлар базми” романи. III қисм.

Ўлоқдан бирор ҳафта ўтар-ўтмас Ҳаким-қушбегидан яна чопар келди: “Падари бузрукворингизнинг жон қуши дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилди. Аркнинг ундур дарвозасини берк тутгандек бу хабарни ҳам ҳануз сир тутяпмиз. Фурсатни ғанимат билиб, черик ила Бухорои шарифга чобук қатъи манозил айлагайсиз!” – дея. Тадорик кўрилган эмасми, уч юз навкар ила Насруллоҳ Бухоро томон юзланди.
Аммо ойни этак билан ёпиб бўлармиди. Амир Хайдар ҳарамининг шўру-шайни ила хабар гузарма-гузар бутун шаҳарга тарқалди. Амирнинг тўнғич ўғли Ҳусайн-тўра андин воқиф ўлғач, ўз навкарлари ила Арк томон шошилди.
Ҳаким-қушбеги, Арк дарвозасини берк тутиш ваъдасини Насруллоҳ-тўрага бермаганми, ул зот аскари билан Бухоро томон силжиганини билгач, Ҳусайн-тўра унинг исёнкор тарафдорларини ўқу-милтиққа тутди. Лекин булар Арк деворлари тагига етишган, Ҳусайн-тўра эса ўз маҳрамлари ила ўзларини Арк ёнидаги пул зарбхонасининг панасига олишганди.
Шу учур Ҳаким-қушбеги буларнинг бошига Арк деворларидан тошу-ғўлалар ёғдириш буйруғини қилди. Тошлардан бири келиб Ҳусайн-тўра бошини ёрди. Қонга буланса-да, тўра шаштидан қайтмади. Қайтага жароҳатланган шаҳзодани кўриб, халойиқ жунбушу уштулумга келди. Басталигу чеплар оша, энди булар ўқу тошбўронга ҳам қарамай, Арк дарвозасига ёпишдилар ва ерга сочилган тошлар ила уни уриб синдиришди.
Томчи сув кетидан фаврак, фаврак кетидан оқим, оқим кетидан сел келганидек, бир заҳоти оламон Аркка сизди, ёпирилди, босиб кетди. Яраланган шаҳзода Ҳусайн Аркка амирсимон кириб борди. Бузғунчи Ҳаким-қушбегини қидиришди, ҳеч қаердан топишолмади. Ўшанда бир пайт, тўпчи Ражабнинг олинган калласи қўлида, Ҳаким-қушбеги Амир олдига ўзи чиқиб келди. “Бир қошиқ қонимдан кечинг, ғафлат уйқусида қолибман, мана бу кўрнамак эса сиз Хумоюн ҳазратларига Арк дарвозасини очиш ўрнига ўт очибди!” – дея, кўплаб тавозеълар қилди. Ҳусайн-тўра унинг гуноҳидан кечиб, марҳум отаси йўлида ўз вазири қилиб тайинлади.
Эртасига Ҳусайн-тўрани Амир қилиб тахтга кўтаришди, бироқ тахтни эгаллаганидан сал ўтмай, Амир Ҳусайн бир номаълум касалга чалиниб, масиҳонафас табибларнинг муолажа уринишлари зое кетиб, салтанати уч ойга етар-етмас дунё омонатини қўлдан бой берди. Насруллохон баковулини ҳадъя тариқасида саройга юборган эди, “Маргимушини ҳам ўзи билан олиб кетибди-йўв бу аблаҳ!” – деб ўйлади ўзича у, яна черигини Бухоро томон тортар экан…

* * *

Хаёл йўллари ажиб. Қаердан келди буниси, танадаги жароҳатлариданми, ё анави Винокуровнинг дағдағасиданми? Ё балки лоямут гуржи пошшони эслаганиданми? Ахир Янги йил кечаси чирқиллаб қолган болаларини ўйлаётган эдию Абдулла.
Чиндан ҳам отаси айтмиш, жин босар экан, ёзувчи одамни. Ишга киришдингми – зикру хаёлинг ана ўша тўқимада, қолгани – фақат алахсиш, фақат чалғишдек туюлар экан. Ўтган ой ичида анча-мунча қоғозларни қоралаб қўйди Абдулла, айтмовдими: “Шу қиш узлат қилиб ўтирсам, қиссани ёзиб битказаман” – деб. Афсус, ишнинг белига от тепди. Анави анди татар топган қўлёзмасини уйдаги биттаю битта жомадонга босиб, ўзи билан олиб келди. Ўқирмикан барини? Эскичага кўзи ўтармикан? Ё яна ўзининг қора кўзларидан ёллаб, уларга ўқитармикан?
Нега ахир узум ғужумидан бошлагани йўқ, боғбонлар ҳаётидан бир асарча деб қўя қолармиди. Ҳали бунисини ҳам унинг бўйнига қўйишса керак. Хаёл йўллари ажиб.
Мана, боягина ҳам Умаршоҳнинг биринчи тўйи ҳақида ўйлаётган эди. Андижон ҳокими Раҳмонқулибек ҳижрий 1220-нчи сана, ўз исмат пардаси ортидаги қизи Моҳларойимни Амир Умархонга узатгани ҳақида ёзиб битирганларини, қуда-андачилик машмашасию, тўй-тугун дабдабасини хаёлидан кечирганди. Аммо негадир бу тўйдан хаёллари иккинчи тўйга кўчиб кетди. Недан бу? Недан ёзаётган чоғинг ҳам бир нарсаларни мўлжаллайсану, бир сўзми, бир жумла баҳона мутлақо айрича саҳнага ўтиб кетасан. Хаёл йўллари ажиб.
Бадану руҳ оғриғини тахайюлига белаб, улоқтирилган ерида ўзини уйқулатмоқчими Абдулла? Ё йиллар давомида орттирган одати – бошини ёстиққа қўйиб: “Ётдим тинч” дуосидан сўнг хаёл жиловини озод қўйиб юбориши бу ерда ҳам, муздек ва зах цемент устида ўз кучини кўрсатяптими… “Ётдим тинч”ни ўқигани йўқку ахир…

Амир Умархоннинг биринчи тўйини эринмай ёзган эди Абдулла. Давлат саройидаги жамшидий базм барпосинию, ўйин-кулги ва шодлик садосини. Иқбол ноғораси овози осмоннинг зумрад гумбазини тутишинию, масрурлик овозаси одам аҳли қулоғига етишини. Қувонч бодаси шодлик қадахида кўпирганинию, муғаннийлар навоси юракларни шавқу-завқ ила ўпирганини…
Шу боис иккинчи тўйга бошқа услуб қидирган эди. Бояда иккинчи тўй саҳнасини хаёлидан кечирган экан, лоп этиб топгандек ҳам бўлувди. Нима эди-я у хаёл?
Ҳа, учинчи сафар Амир Умархон Ғози-хожа хонадонига совчи қилиб шайхулислом Маъсумхон-тўра ҳазратларининг ўғиллари одамохун Муҳаммадҳакимхон-тўрани юборди. Ҳакимхон айни пайт Амирнинг жияни бўлиб, маҳрамларидан эди, ўзгалардан қизғонса-да, Амир совчиланган қиз чиройини ўз жиянидан қизғонмади. Орадан не гаплар, таҳдиду-ваъдалар ўтди, фақат совчиларнинг ўзларию, оқ қошларини тер босгану дами ичига тушиб кетган Ғози-хожага маълум. Қандай бўлмасин ўт билан ўйнаб бўлмаслигини тушуниб етган Ғози-хожа чор-ночор бошини розиликда ирғабди.
Ўша саҳарнинг ўзидаёқ Муҳаммадҳакимхон-тўра ул бокира қизни ўз қўшига келтириб, Амир Умархоннинг сингли бўлмиш Офтоб-онасига топширибди. Қиз чиройидан ёқасини тишлаган совчи йигит ўз онасига ушбу байтни айтибди.

Бутеки зи дидани он шаклу рафтор,
Бибандад зоҳиди сад сола зуннор.

Санамки, кўрганда ул шаклу-рафтор,
Юз яшар зоҳид ҳам тақади зуннор.

Бечора қиз ўзининг эски кўйлагида экан. Амир Умархон ўз қайлиғини кўргани келиб, уни шоҳона атласу ҳарирларга ўратгач, бу кўйлакни табаррук қатори канизларга бермоқчи бўлишса, буларнинг бари у кўйлакдан ижирғанган экан.
Лекин бу ҳам эмас эди Абдулланинг хаёлидан боя лип этиб учган учқунча. Нима эди-я у?
Шу топ бирданига қамоқ сукунатини ёриб, девсимон Винокуровнинг сурсимон овози панжараю деворларга қоқилди: “С Новым годом, бляди!”

Давоми бор