Таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг “Жинлар базми” романи. V қисм.

Абдулла Қодирий

Жинлар Базми 5 кун

Қоронғу туннинг билмам қай бир қисмида Абдулла лўқ-лўқ қақшаган баданини кўтариб, бурчакда қорайган ёстиққа ташлади; бадани оғриққа тўла эса-да, негадир юраги енгил тортди. Қайси муждадан экан буниси?  Айёру қувча Сайид Нозимхон дадаларига сотиб қўйдими, ё Саҳобадан қайтаётгач, Эски-Новқатдаги қариндошлари билан хабарлашган Сайид Ғози-хожа маслаҳатини пишириб келдими, баҳарҳол боғу-роғ ишларини битирган Сайид Қосим-йигит буларнинг кўнгилларини ярим қилиб, уйига кетганида, ота тўнғич қизини пешгоҳда ўз олдига чақирди-да, гапни Одам Атою Момо Ҳаводан бошлаб, аста-секин кўнгилларидаги муддаоларини изҳорладилар:
– Сайид Қосим-хожа яхши йигит, тагли-тугли, ўзимизнинг сайидлар авлодидан. Қўли гул йигит, экин чопишгаю, гувала теришга бирдек эпчил. Ана, томорқани ҳам қўралаб қўйибди. Устига-устак ўқимишли йигит, оталари Сайид Қодир-қози Хўқанддан ҳужра олиб бериб, зиёда ўқитиш ниятида эканлар. Мен ҳам қариб қолдим, кўзларим назла, қўлларим гириҳ, ёнимга кирадиган бир маҳрамим йўқ, қани шўрлик онангиз роҳатингизни кўрса эди… – деб, тусмоллагандек бўлдилар.
Бўроз Ойхон-пошша аввалига оталари уни синаяптимикан деган хаёлга борди. Бироз йиғлаб ҳам олди:
– Отажон! – деди, – дўхтари заифангизни афу этинг, мен гуноҳкор – сизга яхши қаролмадим. Бир каштага алахсидим, бир қозонга. Энди зинҳор ундай қилмайман, онажонимдан ўрнак олсам бўлмасмиди…
– Йўқ, – деди Сайид Ғози-хожа, – ундай деманг, онам қизим, мен қариб, ақлимни еб қўйибман. Ўзим эмас, сизни ўйлаб айтган гапим эди. Қуръони Каримнинг “Ал Ҳужурат” сурасида Аллоҳ таоло айтибдурким: “Йа айюҳаннасу, инна ҳалакнакум мин закари ва унса ва жаалнакум шуубан ва қабална таарафу. Садақаллоҳу азийм!” Бу дегани, “Эй, инсонлар, чиндан ҳам биз сизни эркак ва аёл қилиб яратдик, ва бир бирингни билингиз деб, халқу-қавмларга бўлдик!” Эркаку аёл орасидаги никоҳ Пайғамбаримиз суннатидир, мана сизнинг ҳам бўйингиз етиб қолган, деб шу андишага борган эдим… – деди маюс овозда Сайид Ғози-хожа…

Ойхон-пошшанинг пирпираган лаблари ҳатто: “Ихтиёрингиз!” – дейишга ҳам бормади, у фақат қуйи солинган оғир бошини ирғаб қўйди холос.
* * *

Ўша кўкламнинг охирида Ойхон пошша укалари билан Эски-Новқатга амакисининг уйларига бориб, бир ҳафта туриб келадиган бўлди. Буларни олиб кетиш учун Сайид Қосим-йигитнинг ўзи улови ила келди. Бомдоддан кейинги ғира-шира саҳарда Сайид Ғози-хожанинг дуосини олиб, булар йўлга чиқишди. Бардию похол устидан ёпилган уч қават кўрпача устида силкина-силкина, Асакаю Аравон қилиб, пешинларга қирғизларнинг Қора Кўчкан деган жойига кириб келишди. У ерда нонушта еб, қирғизларнинг тоза қимизидан симиришган эди, йўлнинг тоғ қисмини Ойхон-пошшанинг иккала укаси ҳам донг қотганича ухлаб кетишди. Икки томон адиру-тоғ, сой ёқалаб кетишар экан, Сайид Қосим-йигит от ҳайдаб ўтирган еридан орқага ўгирилмай ўзига сўзлагандек:
– Тоғ шаббодаси яхши-да! – деб сўрадими, ё, жўнгина, тўлиб кетган кўнглини бўшатдими, унга хомушликдан сиқилиб кетгану кимсасиз ялангликда чимматини юзидан олган Ойхон-пошша ҳам:
– Айниқса кўклам шаббодаси ўзгача, – деб жавоб берди.
– Буни мен анови куни ишком устида англаган эдим… – дедию соддадилликда Сайид Қосим-йигит ва бирданига тилини тишлаб қолди, чунки Ойхон-пошша ҳижолат тортганини ўгирилмасданоқ унинг оғир “уҳ”идан пайқади.
– Мен, ўлгур, ўшанда ушлай олмадим… – деб, ўкина бошлаган эди қиз, Сайид Қосим-йигит дарров гапни бошқа томонга чалғитти.
– Бу тоғларда одамнинг негадир ашула айтгиси келади-я…
Кўм-кўк адирлардан, пастда оқиб турган тиниқ сой сувларидан, ях ҳаводану бояги тоза қимиздан элиган Ойхон ҳам бош ирғаб:
– Ҳа, – дедию, қизлик ҳаёси тўсқин келдими: – Айтмайсизми, ака? – деб қўя қолди.
Сайид Қосим-йигит ҳам, ортиқча қистатмасдан, ўпкасини тўлдириб, умканларини шишириб, куйлай бошлади:

Арзимни айтай боди сабога…
Арзимни айтай боди сабога.
Кўзлари Чўлпон, зулфи паришон,
Сарви хиромон, дод-ей, қоши қарога.
Биздан дуолар бўлсин
Ул дилрабога…
Учди кўзимдин ул пари янглиғ,
Ташлади кетти, дод-ей, турли балога…
Қилдик икковлон бир аҳду-паймон
Ҳар ким ёмондур, ёрай, солдим худога…

Йигитнинг овози эшилиб-эшилиб, тоғ томон кўтарилаётган шабодага эргашгандек, юқори интилар, ашула авжига чиқиб борар экан, Ойхон ҳам ўзини тиёлмасдан, аста хиргойи қила бошлади…
Бу ашулага яна бири қўшилди. Қизнинг овози ҳам эркин ҳавода озодроқ янграр, буни сезган Сайид Қосим-йигит ашула тугар-тугамас:
– Энди сиздан ҳам эшитайлик, пошшам, – деб қолди.
Ойхон укаларига ялт этиб кўз ташлади-да, ҳали ҳам қимиз кучи босган уйқуда эканларига амин бўлгач, Сайид Қосим-тўра ҳеч қачон эшитмаган ғазални куйлай бошлади:

Овозим титрайдиё, аранг-аранг жон келсин,
Гулнинг ярми ранг бўлса, қолганига қон келсин.

Кеча кундуздан тошиб сим-сим оқди эрса ёш,
Кўзни куйдиргач Чўлпон кун бўлиб афғон келсин…

Қиз овози адир бағирларидаги лола-қизғалдоқлардек уятчангу нозик, айни пайт туновги ток шўраларидек гажакдору, ернинг сармаст қилувчи ширасидек кучли эди. Сайид Қосим-йигитнинг бу хаёлларини ғайбдан пайқагандек Ойхон бирданига:

Томга шоти қўйган ким, чангга ботгунча олманг,
Ё бизни хазон урсин, ё сизга боғбон келсин, –

деб куйлаганида, йигит бу ғазални ким битганини юрагининг ҳар зарби билан ўз-ўзига аниқ тасдиқлади.

Бир ўгрилиб боқишинг икки жаҳонга ўлим,
Иккисида тирилсам биридан нишон келсин…

Сайид Қосим тизгинларини деярли қўйиб юборган, чошгоҳнинг тоғ букури бўйлаб думалаган пастқам офтоб нурида орқасига ўгирилдию, чимматсиз қиз юзи эмас, қуёш нурларида чарақлаган маюс ой кўргандек бўлди.

Бу кунимга мих қоқиб кўнглимни асрай десам
Тилди кўнглимни бу кун, кетгали осон келсин…

Кошки бу сўзларни қиз эмас, Сайид Қосим-йигитнинг ўзи айтсайди… Қуёш, бир думалаб, тоғ кетида ярим бошини йўқотдию, қиз ҳам авжидан тушиб, оҳиста хиргойи тарзида ашуласини эшитилар-эшитилмас қилиб битказди:

Юрагимнинг яраси ямоқ-ямоқ бўлганда
Елвизакка ип боғлаб Ойхондек осмон келсин…

***

Давоми бор. 

SHARE