Ўзбекистонлик Марат Бикмаев «Актобе»ни Европа лигаси иккинчи босқичига олиб чиқди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси -Марат Бикмаев.

УЕФА тасарруфига кирувчи ва нуфузи жиҳатдан Европа чемпионлар лигасидан кейин иккинчи ўринда турувчи Евролигада иккинчи босқич иштирокчилари аниқланди.Биринчи босқичда Қозоғистоннинг «Актобе» клуби иккин ўйин натижасига кўра Грузиянинг «Торпедо» Кутаиси жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Аҳамиятли томони, Қозоғистон клубининг ҳам сафарда, ҳам ўз майдонидаги голларига Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Марат Бикмаев муаллифлик қилди.

Сир эмаски, «Актобе» сафида Бикмаевдан ташқари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна икки нафар футболчиси – Тимур Кападзе ва Александр Гейнрих ҳам тўп суради. Грузин клубига қарши қўшни республикада бўлиб ўтган жавоб ўйинида мазкур триодан Александр Гейнрих ҳаракат қила олмади. Ҳужумчида кичик жароҳат борлиги сабаб, мураббийлар уни майдонга туширишмади. Тимур Кападзе ва Марат Бикмаев эса ўйинни асосий таркибда бошлашди. Кападзе учрашувни тўлиқ ўтказган бўлса, ҳар икки ўйин қаҳрамони Марат Бикмаев 87-дақиқада ўз ўрнини бошқа жамоадошига бўшатиб берди. Бунга қадар Бикмаев 75-дақиқада ўйиндаги ягона голга муаллифлик қилганди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Кутаисида бўлиб ўтган дастлабки ўйинда 1:1 ҳисобида қайд этилганда ҳам Марат Бикмаев ўз номини таблога ёздириб қўйганди.

Европа лигасининг иккинчи босқичида «Актобе» Молдованинг «Милсами Орхеи» клубига қарши кураш олиб боради. Иккинчи босқичдан эътиборан шунингдек Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Одил Аҳмедов ҳаракат қиладиган Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби ҳам мусобақага қўшилади. Гуус Хиддинк шогирдлари бу босқичда Венгриянинг «Гонвед» жамоаси билан рақобатлашишади. Дастлабки ўйинлар 19 июлда бўлиб ўтса, жавоб беллашувлари 26 июлга тайин қилинган. УЕФА қарорига кўра «Анжи» халқаро майдондаги уй учрашувларини Раменскоедаги «Сатурн» стадионида ўтказади. Боиси Европа футболи иттифоқи Маҳачқалъада ўйин ўтказиш хавфсизлик талабларига жавоб бермайди деб топди.

Манба: Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот ҳизмати ҳабарномаси.

SHARE