«Улуғбек Қодиров ижтимоий тармоқлар қурбони бўлди»

Улуғбек Қодировнинг MySpaceдаги ягона расми. The New York Times

Американинг Алабама штатида федерал судья Ўзбекистонлик Улуғбек Қодировни АҚШ президенти Барак Обамани ўлдиришни режалаганликда айбдор деб топди ва уни 188 ойга қамоқ жазосига ҳукм этди.

Улуғбек Қодиров учта айблов бўйича, яъни президентни ўлдиришга таҳдид қилганлик, қуролга эгалик қилганлик, шунингдек, террорчиларни моддий қўллаб-қувватлашни амалга ошириш бўйича айбларини ўз бўйнига олган.
АҚШ президенти ҳаётига суиқасд билан таҳдид қилганликда айбланган Улуғбек Қодиров жорий йил февраль ойида ўз айбларини тан олган.

Терговчилар Улуғбек Қодиров Обама ҳаётига суиқасд қилишни мақсад қилиб, бу йўлда террорчилар билан мулоқотга чиққанлигини қайд этишган. The Washington Post газетасининг ёзишича, Улуғбек Барак Обама 2012 йилги президент сайлови кампанияси туфайли жамоатчилик билан кўпроқ учрашиши натижасида юзага келадиган имкониятдан фойдаланиб, уни ўлдириши ҳақида муҳокама қилган.

Улуғбек Қодиров суд эшитуви давомида ўз қилмиши учун кечирим сўраган. У ўз айбларини тан олгани учун ҳам бир умрлик қамоқ жазосидан қутилиб қолган эди.

Прокурор ёрдамчиси Майкл Уизонант “Бу суд иши ёшларимиз интернетда кўраётган пропаганда ва нотўғри ахборотдан қанчалик радикаллашиб бораётганини кўриш мумкин бўлган ўта муҳим мисолдир”, деб қайд этган.
Судья Каллон суд қарорини эшиттира туриб, “биз ўзларини тарғиботга бағишлаган барчага жиддий сигнал жўнатишимиз керак: жазо жиддий бўлади”, деб қайд этган.

“The Associated Press”нинг ёзишича, Қодиров Улуғбекнинг адвокати Ленс Белл интернетти ёзғиради. Негаки Алабамага тиббиёт йўналишида таҳсил олишга йўл олиб, бу йўлга кириб кетишини бошқача изоҳлаб бўлмайди. “Мен уни қурбон демоқчимасман, лекин у социал медиа даражаси қурбонидир”, деб қайд қилади адвокат.