АҚШ иқтисодиёти ўсиш суръати пасаймоқда. Бу Обамага қимматга тушиши мумкин

АҚШда жорий йилнинг иккинчи чорагида, кутилганидек, иқтисодий ўсиш кўрсаткичларида пасайиш кузатилди. АҚШ савдо вазирлигининг бугун тарқатган ахборотида келтирилишича, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш кўрсаткичи 1,5 фоизни ташкил этган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, биринчи чоракда ЯИМ 2 фоизга ўсган эди.

Иқтисодий сиёсат институти тадқиқотчиси Жош Байвнснинг Reuters ахборот агентлигига айтишича, бу кўрсаткич сиёсатчиларни чуқур мушоҳадага чорлаши керак. Чунки “иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмас экан, бугунги кундаги ишсизликнинг юқори даражасини ҳал қилиб бўлмайди”, деб қайд этди мутахассис.

Айрим мутахассислар иқтисодиётнинг бундай суръатда ривожланиши Барак Обамага иккинчи муддатга сайланишни савол остида қолдиришини қайд этишмоқда. Ўз навбатида, жорий йил АҚШда истеъмол харажатлари жуда секин ўсаётганлигини таъкидлаш жоиз. Одамларнинг келажакка ишонч билан қарамаётгани бунда асосий омил бўлмоқда. Чунки америкаликларнинг ўз маблағларини омонатларга йўналтириши 4 фоизга етди. Шу билан бир қаторда, меҳнат бозори ҳам кучсиз бўлиб қолмоқда. Чунки жорий йилнинг июнь ойида ишсизлик кўрсаткичи 8,2 фоизни ташкил этди.

АҚШ иқтисодиётининг секин суръатлар билан ўсишига қарамасдан, Ernst&Young рейтингига кўра, молиявий институтларнинг фаолият юритиши ва риск нуқтаи назаридан Америка дунёдаги 144 мамлакат ичида энг яхши кўрсаткичга эга. 23 та йўналиш бўйича тузиб чиқилган рейтингга кўра, АҚШ биринчи ўринни эгаллаган. Экспертлар Америкада технологик тараққиётнинг юқори кўрсаткичи ва давлат томонидан иқтисодиётнинг тартибга солинишини АҚШнинг энг кучли жиҳати сифатида эътироф этишган. Ушбу рейтингнинг биринчи ўнталигида Ғарбий Европанинг айрим мамлакатлари, шунингдек, Сингапур, Гонгконг, Хитой ҳамда Жанубий Корея ўрин олган.

SHARE