Ўзбекистон — Қирғизистон чегарасидаги ҳодиса хусусида

Кеча Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги Булоқбоши қишлоғи яқинида жойлашган чегара ҳудудида отишма cодир этилган. Ўзбекистон томонидаги чегара ҳудуди Наманган вилояти Чуст тумани Ғова пунктида жойлашган.

Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитасининг расмий баёнотига асосланиб, 12news.uz сайтининг ёзишича, 2012 йил 17 июль куни соат 15-00да Наманган вилоятининг Чуст тумани Ғова пунктида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан Қирғизистон Республикасининг иккита «Хово» русумидаги юк машинаси тегишли ҳужжатларни текшириш учун тўхтатилади.

Баёнотга кўра, мазкур автомашиналар ҳайдовчилари тегишли ҳужжатларни кўрсатишни рад қилган ва ушбу машиналар ўтишига рўхсат берилмаган.

«Бўлаётган ҳодисани кўриб, Қирғизистон чегара ҳудуди аҳолиси ўзбекистонлик чегарачиларни қуршаб олиб, уларга таҳдид қилади ва қирғиз ҳайдовчиларини ўтказиб юборишни талаб қилади. Ўз навбатида, Қирғизистон Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғини раиси А. Усенбаев машина ҳайдовчиларига ўзбекистонлик чегарачилар устига ҳайдашга кўрсатма беради. Агар ўзбекистонлик чегарачилар қаршилик кўрсатса, Косонсой сув омборини портлатиб юбориш билан таҳдид қилган», деб хабар тарқатади Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати вакили.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон чегарачилари оломон орасидан чиқишга уринган, аммо қирғиз махсус “Бору” хизмати вакиллари ўқига дуч келишади. Уларнинг бу участкада нима сабабдан пайдо бўлгани ҳозиргача ноъмалум.

“Ўқотар қурол билан уюштирилган ҳарбий ҳужум натижасида Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ҳарбийси И. Ибрагимов ҳалок бўлган ва сержант И. Эшназаров оғир жароҳатланган”, деб қайд этади матбуот хизмати вакили. Унга кўра, бу қирғиз чегарачилари томонидан сўнгги вақтда  уюштирилган иккинчи ҳужумдир.

“Шу муносабат билан Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон Республикасининг тегишли идорасига ҳарбийлар ҳалокатига олиб келган бундай  очиқ-иғвогарона ҳаракатга жиддий эътироз билан мурожаат қилиб, мазкур ҳодисани ҳар томонлама тергов қилишга чақиради”, деб хулоса қилади матбуот хизмати.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, тарафлар ушбу масала юзасидан музокаралар олиб борди.