“VATANDOSH” яна Миржалол Қосимовни танлади!

Жазирама ёз фаслининг илк ойи футбол баҳсларига бой бўлди. Бутун дунё футбол мухлислари Украина ва Польша майдонларида бўлиб ўтган Евро-2012 баҳсларидан завқ олишди.

Шунингдек, айрим қитъалар, жумладан, Осиёда ҳам ЖЧ-2014 саралаш учрашувлари бўлиб ўтди. Умуман олганда, ўтган ойда мухлислар зерикиб қолишмади.

Июнда мамлакатимиз ишқибозлари ҳам кўплаб қизиқарли учрашувларнинг гувоҳига айланишди. Жумладан, миллий терма жамоамиз ЖЧ-2014 4-саралаш босқичи доирасида Эрон ва Ливан термаларига қарши майдонга тушди, мамлакатимиз ёшлар термаси (U-22) Непалда Осиё биринчилиги йўлланмаси учун кураш олиб борди ва қийинчилик билан бўлсада, мақсадига эришди. Миллий чемпионатимизнинг 3та (10-12-турлар) тур, шунингдек, 3 ва 5-тур доирасидаги кечиктирилган иккита, 13-турнинг яна иккита ўйини, Ўзбекистон кубогининг 1|8 финали дастлабки баҳсининг қолдирилган ўйини бўлиб ўтди. Биз ўтган ойнинг энг яхшиларини аниқлашда эътиборимизни шу учрашувларга қаратдик.

Июнда таъкидлаб ўтганимиздек, бош жамоамиз иккита учрашув ўтказди. Аммо ўша ўйинларда биз кутган натижалар қайд этилмади. Ўз майдонимизда ўтказилган баҳснинг сўнгги дақиқаларида тўп ўтказиб юбориб, форслардан мағлубиятга учраган бўлсак (0:1), Ливанда гуруҳ аутсайдери билан дуранг қайд этдик – 1:1. Эронликлар билан кечган учрашувдан сўнг терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамов истеъфога чиқарилиб, ўрнига Миржалол Қосимов тайинланганлигидан ҳам мухлислар хабардорлар албатта.

Худди ўтган ойдаги каби бу сафар ҳам “Vatandosh” газетаси таҳририяти  «Бунёдкор» устози Миржалол Қосимовни 2012 йил июнь ойининг  лауреати, деб топди. Ўтган ойда «қалдирғочлар» 4та ўйин ўтказиб, уларнинг учтасида ғалаба қозониб, битта дурангни қайд этишди. Айниқса, принципиал аҳамиятга эга бўлган «пойтахт дербиси»да «Пахтакор» устидан қозонилган ғалаба (2:0) ва ўз майдонида унча-бунча клубга очко бермайдиган «Нефтчи»ни Фарғонада мағлубиятга учратиш катта аҳамиятга эга (2:1). «Шўртан» билан бўлиб ўтган Ўзбекистон кубоги нимчорак финалининг дастлабки баҳси доирасида ҳам Миржалол Қосимов шогирдлари 2:0 ҳисобида ютуққа эришиб, кейинги босқичга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишди. Бироқ гарчи клубдаги натижалари ижобий бўлса-да, ўтган ойда миллий термамиз «рул»ини ўз қўлига олган Миржалол Қўшоқовичнинг бош жамоамиздаги натижасини қониқарли, деб бўлмайди. Чунки Байрутда терма жамоамиз анча кучсиз бўлган ливанликларни мағлубиятга учрата олмади. Аммо кейинги баҳсларда бош жамоамиз Қосимов қўл остида ижобий натижаларни қайд этади, деб умид қиламиз.

SHARE