Сурия инқирози: қуролли тўдалар ёки «мухолифат»нинг асил башараси очиляптими?

nbcnews.com

Сурияда давом этаётган қонли тўқнашувлар борган сари жиддийлашиб, жаҳон ҳамжамияти учун бир қатор саволларни ўртага ташламоқда. Аввало, Сурияда Башар Ассад сиёсатига қарши кураш олиб бораётган қуролли тўдаларнинг истиқболда нечоғли мустақил ва «Ғарб хоҳлайдиган» даражада давлат барпо этиши шубҳа остида қолмоқда. Чунки қуролли тўдалар томонидан амалга оширилаётган сўнгги хатти-ҳаракатларда уларнинг «террорчилардан қоладиган жойи йўқлигини» кўрсатмоқда.

Гап шундаки, яқинда қуролли тўда вакиллари ёки ғарб матбуоти тили билан айтганда «мухолифат вакиллари» қўлга тушган асирларни деворга қарата жойлаштириб, Калашников автомат қуролидан ўққа тутганлиги намойиш этилган видео-ролик кенг жамоатчилик эътиборига тушди. ББСнинг ёзишича, ўлдирилганлардан бирининг шахси аниқланган. Маълум бўлишича, у Башар Ассад режимига хизмат қилувчи қуролли гуруҳ етакчиларидан бири бўлган.

Ушбу хатти-ҳаракат юзасидан бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ташкилотлар расмий баёнот беришга «мажбур бўлишди». Чунончи, бош қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган «Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси» ташкилоти мазкур қирғинни кескин қоралаб, «жиноят» деб баҳолаган. Human Rights Watch ташкилоти вакили эса асирларни ўққа тутиш “ҳарбий жиноят ҳисобланишини” қайд этган.

Умуман, турли гуманитар ташкилотларнинг бундай баёнот билан чиқишини бир қанча омиллар боғлаш мумкин. Аввало, Ғарб жамоатчилиги (сиёсий доиралари) Башар Ассадга қарши курашаётган қуролли гуруҳларга ишончи йўқлигини намойиш этаётган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Ғарб сиёсатчилари шу йўл орқали кенг жамоатчиликни “ўз ҳавотиридан” хабардор қила туриб, Башар Ассадга қарши ўз фаолиятини давом эттиришни кўзлаётган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, Сурияда Ассадни ағдариш керак, дея турли резолюцияларни ишлаб чиқаётган давлатлар учун бундай баёнотлар етарли мушкуллик туғдириши тайин.

Маълумки, Суриянинг тижорат марказларидан бири бўлган Апеллода бир неча кунки жиддий жанглар бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда Сурия ҳукуматига қарши кураш олиб бораётган ҳарбий тўдаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “ташқаридан” жуда катта ресурслар йўналтирилмоқда. Буни қуролли тўдалар ҳозирги кунда энг замонавий ўқотар қуроллар билан таъминланганида ҳам кўриш мумкин. БМТнинг Суриядаги доимий вакили Саусан Гошехнинг бугун Associated Pressга берган интервьюсида таъкидланишича, қуролли тўдалар турли оғир қуроллар, хусусан, танклардан ҳам фойдаланмоқда. Бунинг ўзи ҳам вазиятнинг анча чигаллашиб бораётганини кўрсатиши билан бир қаторда, “кўринмас кучлар”нинг фаол ишлаётганидан даракдир.

Албатта, халқаро ҳамжамиятнинг Сурия инқирози чуқурлашишидаги “роли” жуда катта бўлиб, шу кунгача 17 мингга яқин одамнинг ҳалок бўлишида улар Сурия ҳукумати ва қуролли тўдалар билан бир хил жавобгардир. Чунки айрим давлатлар томонидан можародаги томонларнинг биттаси қўллаб-қувватланаётгани, ҳукуматни халқаро ҳамжамият олдида беобрў қилиб, қуролла тўдаларга мададкор бўлаётганини бошқа нарса билан изоҳлаб бўлмайди.

Сурия ҳукуматини ушбу можаронинг илдиз отишида оқлаб бўлмайди. Вазиятга тезкор жавоб бермаслик, ижтимоий муаммоларнинг йиғилиб қолгани, сиёсий ислоҳотларга катта эҳтиёж борлиги инқирознинг янада чуқурлашишига хизмат қилмоқда.

Хўш, истиқболда нима бўлади?

Фикримизча, Сурия инқирози яқин кунлар, балки йиллар ичида ҳал этилиши шубҳа остида қолмоқда. Чунки ҳар қандай халқаро аралашувга, яъни ҳоҳ қуролли тўдаларни, ҳоҳ ҳукуматни қўллаб-қувватлаш бўлсин, БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида эришиб бўлмайди. Курраи заминнинг ярми Ассад режимини қоралаб, қуролли гуруҳларга ёрдам берса, яна ярми Ғарбни айблаб, Башар Ассадга хайрихоҳ бўлиб тураверади. Фақат сурияликлар, айбсиз, тинч аҳоли мана шу инқироз бўлишда давом этаверади. Аслида, энг катта фожеа ҳам шунда.

SHARE