“Отнинг ўлими — итнинг байрами” ёхуд “МТС—Ўзбекистон”нинг ёпилиши бошқа мобиль компаниялар фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда

 “Билайн” савдо белгиси остида фаолият юритадиган “ВимпелКом”нинг 2012 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда топган даромади  89 млн АҚШ долларини ташкил қилди, бу ўтган йилнинг худди шу давридагига нисбатан 35 фоиз кўпдир. Бу ҳақда компания матбуот хизмати ахборот тарқатди.

Компаниянинг абонент базаси ҳам изчил кўпайган. Унинг йиллик ўсиш кўрсаткичи 31 фоизни ташкил қилиб, мобил интернет фойдаланувчиларининг сони рекорд кўрсаткич — 53 фоизни ташкил қилди. Шундай қилиб иккинчи чорак якунлари бўйича Ўзбекистонда “Билайн” мобил алоқа компанияси абонентларининг сони 7 031 000 кишини ташкил қилди.

“ВимпелКом”нинг иккинч чоракдаги бирлашган даромади 5,7 миллиард АҚШ долларига етди, ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан бу 4 фоиз ўсди, деганидир.

“Иккинчи чорак компания учун жуда унумли бўлди: биз нафақат бозордаги позицияларимизни мустаҳкамлашга, айни чоғда операцион фаолият самарадорлиги дастурини муваффақиятли жорий қилишга ҳам эришдик. Шубҳасиз, бу “Билайн”га Ўзбекистонда келажакда ҳам инвестицияларини оширишга кўмаклашади”, – дея чорак якунларини шарҳлайди “UNITEL” МЧЖ бош директори Андрей Сафронюк.

Эслатиб ўтамиз, “МТС—Ўзбекистон” компанияси фаолиятида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари мазкур компаниянинг ёпилишига, пировардида, унинг 9 миллион атрофидаги абонентларининг “Билайн”, “Юсел”, “Ўзмобайл” ҳамда “ПерфектумМобайл” компаниялари ўртасида тақсимланишига тўғри келган эди. Бу компаниялар хизмат сифатига ўз таъсирини кўрсатиб, аҳолига сифатли ва тезкор мобиль алоқа хизматларини тақдим этиш имкониятларини пасайтириб юборган эди.

SHARE