Боннда бўлиб ўтган дунё халқлари халқаро маданият фестивалида Ўзбекистон ҳам иштирок этди

Боннда бўлиб ўтган дунё халқлари халқаро маданият фестивалида Ўзбекистон ҳам иштирок этди

Боннда ҳар йили ўтказиладиган дунё халқлари маданияти халқаро фестивали Германия Федератив Республикасининг собиқ пойтахти маданий ҳаётидаги ўзига хос ва ноёб воқеалардан бири ҳисобланади. Жорий йилда ушбу халқаро маданият байрами жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган 50 минг нафардан зиёд меҳмонни ўз атрофига жамлади, деб хабар қилади “Жаҳон” АА. Республикамизнинг мазкур маданият фестивалидаги иштироки мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси ҳамда Германия — Ўзбекистон дўстлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг гўзал ва ўзига хос кўринишда безатилган алоҳида павильони ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Бу нуфузли анъанавий халқаро анжуманда Ўзбекистон вакилларининг ҳозир бўлиши Германия жамоатчилиги, жумладан, Бонн шаҳри аҳолиси ва меҳмонларини ўзбек халқининг ноёб ҳамда ўзига хос тарихий-маданий мероси ва улкан сайёҳлик салоҳияти билан таништириш учун яна бир бор қулай имконият яратди. Айниқса, халқимизнинг қўли гул ҳунармандлари томонидан яратилган турфа хил амалий санъат маҳсулотлари пештахтаси ҳамда мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-баранг ахборот материаллари анжуман қатнашчилари ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

— Мен Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро сингари кўҳна ва эртакмонанд шаҳарлари, бой маданиятга эга бўлган ўзбек халқи ва унинг меҳмондўстлиги ҳақида кўп эшитганман, — деди Кёльн шаҳридан келган Кристиан Бердт “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида. — Ўтган йили Ўзбекистон бўйлаб сафар қилишга муяссар бўлган дўстларим билан бир неча маротаба учрашдим. Улар мамлакатингиздан, илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақаладиган маданиятлар ранг-баранглигидан катта таассуротлар олиб қайтишганини айтишди. Бугунги тадбир чоғида кўрганларим эса дўстларимнинг таассуротларини ёдимга солди. Бу ерда ўзбек халқи маданияти ва унинг асрий анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман.

Сайёҳ сифатида Ўзбекистонда бўлиб қайтган Зильке Граберт (Бонн шаҳри) ҳам ўз сафари таассуротларини ўртоқлашар экан, уч ҳафта давомида Буюк Ипак йўлининг машҳур шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент ҳамда Фарғона водийси бўйлаб жуда сермазмун саёҳатдан баҳраманд бўлганини қайд этди. — Қуёшли ўлкангизнинг кўп қиррали маданиятини, бой ва ўзига хос урф-одат ҳамда анъаналарини ўз кўзим билан кўришга муяссар бўлдим, — деди у. — Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларидаги замонавий ўзгаришлар бамисоли узукка кўз қўйгандек бир манзарани ҳосил қилган. Юртингиз бағридаги тарихий-меъморий ёдгорликлар жаҳон цивилизациясининг том маънодаги ноёб мероси ҳисобланади.

SHARE