Букмекерлар Барак Обаманинг ғалаба қозонишига ишонишмоқда

Шу кунларда қизғин паллага кирган АҚШ президентлиги учун сайлов кампанияси таваккалчиларга қўшимча даромад манбаи бўлмоқда. Гап шундаки, Буюк Британиядаги букмекерлик конторалари АҚШнинг навбатдаги президенти ким бўлишини топганлар учун ҳам ставкалар қабул қиляпти.

Эътиборли жиҳати, Британия тотализаторлари Барак Обаманинг ғалаба қозонишига шубҳа қилишмаяпти. Шунинг учун улар Обамага 2/5, Митт Ромнига 15/8 ставкада тўловлар қабул қилишмоқда. Бу букмекерлар Обаманинг ғалаба қозонишига 70 фоиз ишонаётганидан далолатдир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, социологик тадқиқот марказлари ўтказаётган сўровлар ҳам Барак Обаманинг ғалаба қозонишига ишонч билдирмоқда. Чунончи, Pew Research Center томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, сўровда қатнашганларнинг 51 фоизи Обамани қўллаб-қувватлашади ёки уни прездентлик сайловларида қўллаб-қувватлашга мойил. Ўз навбатида, респондентларнинг 41 фоизи Митт Ромнини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. Ушбу рақамлар июлдаги сўровнома натижаларига яқин бўлиб, Pew Research Center томонидан 2012 йил январида ўтказилган охирги саккизта сўровнома якунлари бўйича Обама доимий равишда 4 дан 12 та фоиз пункти билан етакчиликни сақлаб келяпти.

SHARE