“Қора бозор”да доллар нархи тушмоқда

http://www.sodahead.com

Ўзбекистонда норасмий равишда олиб бориладиган валюта олди-бердиларининг 1 АҚШ долларининг қиймати кескин тушган. “Қора бозор”да шу кунларда 1 АҚШ доллари 2650 сўмгача тушган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич ҳафта аввалида 2900 сўмга қадар баҳоланаётган эди.

“РИА Новости” ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, доллар курсида бундай кескин ўзгариш Асакада  “GM-Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг миллий валютада сотувга чиқарилгани билан бевосита боғлиқдир.

Ушбу масалага яқин манбаларнинг айтишича, енгил автомобилларнинг миллий валютада сотишга рухсат берилиши доллар қийматини ошириш билан бир қаторда, доллар йиғиб қўйганлар учун автомобиллар таннархининг қимматлашишига ҳам сабаб бўлган. Улар долларнинг қадрсизланишидан зарар кўришган.

“Қора бозор” вакилларининг фикрича, долларнинг бундай арзон нархи узоқ давом этмайди. Тез кунларда у эски қийматига қайтиши мумкин. Улар ҳозирда валюта харид қилиш фойда келтиришини қайд этишмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1 АҚШ долларининг Марказий банк томонидан ўрнатилган қиймати 1917,64 сўм қилиб белгиланган.