Оммавий ахборот воситаларида Ҳиллари Клинтоннинг Марказий Осиёга ташрифи хусусида нотўғри ахборот тарқади

Бугун бир қатор оммавий ахборот воситаларида АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон шу йилнинг 22-23 октябрь кунлари Тожикистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради, деган ахборотлар пайдо бўлди. Бундай ахборотни АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси тарқатган.

“Регнум” ахборот агентлигининг ёзишича, Тожикистонда АҚШ давлат котиби Эмомали Раҳмон ва ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан мулоқот олиб бормоғи, Ўзбекистонда эса мамлакат президенти, шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Э. Ғаниев (!!!) билан учрашиши керак бўлган. Ҳиллари Клинтон хоним, шунингдек, “General Motors Powertrain” двигателлар заводига ташриф буюриши хусусида ҳам ахборот берилган.

Ахборотдаги хатоликлар, қолаверса, ушбу ташриф кун тартибининг Ҳиллари Клинтон ўтган йилги ташрифи кун тартибига ўхшашлиги кўпчиликда савол туғдирди. “Ватандош” мухбири аниқлашича, аслида АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси бундан бир йил аввалги пресс-релизни оммавий ахборот воситаларига тарқатиб юборган ва орадан бир оз вақт ўтиб, мазкур ахборот рад қилинган.

SHARE