Олимпиадачилар Тошкентда кутиб олинди

 

«Газета.uz»/PressPhoto.uz

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси  ўрин олган самолёт Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Аэропортда спортчиларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Аэропортда олимпиячиларни расмий кишилар, уларнинг яқинлари ва журналистлар кутиб олишди. Спортчилар миллий чолғу асбобларимиздан янграган куй-қўшиқлар, гуллар билан қарши олинди ва улар миллий чопонлар кийдирилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Собиров Ришод, Тигиев Сослан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони,  Атоев Аббос “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан,  юртимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш ишига қўшган улкан ҳиссаси, Олимпиада ўйинларида юксак натижаларга эришгани учун Таймазов Артур  “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан  мукофотланди.

Шу билан бирга, 3 карра Олимпиада чемпиони, Лондонда бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларининг олтин медал соҳиби Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Артур Таймазовга янги Chevrolet Malibu автомобилининг калити топширилади. Олимпиаданинг бронза медалларини қўлган киритган Аббос Атоев, Ришод Собиров ва Сослан Тигиевларга Chevrolet Lacetti автомобиллари совға қилинади.

SHARE