“Ўзбек қуёшининг чин оталиги…”

С. Advantour.com

Олижаноблик, самимийлик, бунёдкорлик, меҳр-оқибат халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Бу хислатлар асрлар оша элни-элга, дилни-дилга боғлаб келмоқда. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад шундай ёзади: «Ўзбек халқи шундай табиатга эгаки, унинг меҳр дарёсидан бир қатра сув ичган одам бу халққа бир умр муҳаббат қўяди. Бизнинг заминимиз шундай муқаддас заминки, бу тупроқ тафтидан баҳраманд бўлган киши бир умр ўзини қарздор сезади, унга садоқатли бўлиш бурчини ҳис қилади».

Бугунги кунда юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар дейсизми, сайёҳлар дейсизми — барчаси она заминимиз саховати, миллий қадриятларимиз, ўзига хос фазилатларимиз хусусида ҳайратланиб гапиришади. Бироқ, ўзбекнинг кимлигини билиш, уни ҳис этиш учун халқнинг орасида яшаш, қўлни-қўлга, дилни-дилга бериб меҳнат қилиш лозим.

Ўзбек халқининг бағрикенглиги, инсонийлиги кўплаб кишиларнинг ҳаёт йўлини ёритди. Мисол учун, шоир Мақсуд Шайхзода ёш пайтларида Тошкентга келади. Ўзбекистон заминидан кўп яхшиликлар кўрган Шайхзода умрининг охирига қадар ўзбек адабиётининг равнақи йўлида тер тўкиб, адабиётимиз хазинасини ўзига хос жўшқин шеър ва достонлар, драма ва таржималар, публицистик ва адабий-танқидий мақолалар билан бойитди.

«Халқимизнинг меҳнат қаҳрамонлиги, кураш ва жанг, озодлик ва дўстлик, бахт ва алам, юртнинг гўзал манзаралари ва инсоннинг маънавий жамоли менинг қаламимга ошно ва дилимга мазмун бўлиб келди», деб ёзади адиб. У ўз тақдири ўзбек заминига боғланганидан мамнунлигини шундай сатрларда ифодалайди:

 

Умрим бино бўлди Озарбайжонда,

Кечди болалигим у гул маконда…

Лекин шоирликнинг нозик толеи

Кулди Сирдарёнинг ҳавзаларида.

Ўзбек қуёшининг чин оталиги

Акс этди мастава косаларида.

Ўзбек водийсида отимни сурдим,

Азиз йўлдошлар-ла ўтолдим, юрдим.

Йўқ, мен тақдиримдан эмасман хафа,

Шоирлик унвони бахтимдан туҳфа!..

Ўзбек халқи уруш даврида кўплаб халқларнинг вакилларига бошпана берди. Энг оғир дамларда ҳам бир бурда нонни баҳам кўрди. Корейслар, немислар, турклар, поляклар, греклар, қрим-татарлар ва кўпгина бошқа халқлар вакиллари бу ерда ўзларининг иккинчи ватанларини топдилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари учун эса Ўзбекистон она Ватандир. Чунки, улар шу ерда туғилган. Шу ерда ўқиб, обрў-эътибор топган, халқимизнинг меҳр чашмасидан баҳраманд бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритиб, уларнинг тинч-осуда ҳаётига зомин бўлгани билан инсоният тарихида жароҳатли из қолдирди. Мамлакатимизнинг мард ўғил-қизлари нафақат урушнинг ўт-оловли майдонларида жанг қилди, балки фронт ортида ҳам ғалаба учун тинимсиз меҳнат қилди. Ўша йилларда ўзбек халқи фронт ҳудудларидан эвакуация қилинган 250 мингдан ортиқ турли миллат фарзандларини ўз бағрига олди, уруш туфайли етим қолган болаларни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялади. Миллионлаб рус, украин, беларусь ва бошқа миллат вакиллари Ўзбекистон замини тимсолида ўз уйларини, ўз қондошларини топдилар.

Қрим-татар халқининг атоқли фарзанди, Украина қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Февзи Ёқубов шундай дейди: «Жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳақида гапирганда, одатда, Юнонистон ва Италиянинг фанга, Буюк Британия ва Франциянинг маданиятга, Германия ва Американинг техникага, Япония ва Швециянинг технология тараққиётига қўшган ҳиссаси кўп тилга олинади. Агар бу рўйхатни давом эттириб, эзгулик, осойишталик, яқинларга меҳру муҳаббат туйғулари борасида гапирадиган бўлсак, албатта, биринчи қаторга Ўзбекистонни ёзиш зарур. Агар бу бебаҳо инсоний қадриятлар масаласида халқлар ва мамлакатларга баҳо бериладиган бўлса, шубҳасиз, энг юксак баҳога ўзбек халқи ва Ўзбекистон сазовор бўларди».

Миллатлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик бугунги Ўзбекистон ҳаётининг, халқимиз миллий маънавий қиёфасининг энг гўзал тимсолларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Бинобарин, андиша, мурувват, меҳр-оқибат, ибо ва ҳаё, мулозамат деган сўзларни бошқа бир тилга таржима қилиш маҳол. Халқимизнинг инсонийлик фазилатларини ўзида намоён этадиган бундай атамаларга юзлаб мисоллар келтириш мукин.

Дунёга буюк фарзандларни берган, тафаккур зиёси билан инсониятнинг қоронғи кечаларини чақмоқдай ёритган, киндик қони томган заминни ҳурматлайдиган, ўз Ватанига бутун борлиғини бахш этишга ҳамиша тайёр турадиган, қадоқ қўллари билан тупроқдан олтин ундираётган бундай халқнинг обрў-эътибори ва ҳурмати доимо сарбаланддир.

Лочин ВОҲИДОВ

SHARE