Ўзбекистон Сенати Америка билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни ва персонални ҳаво йўли билан транзит ташиш тўғрисидаги битимни ратификация қилишни режалаштирмоқда

    Сурат Ўзбекистон ҳукумати порталидан олинди

    Шу йилнинг 30 август ўз ишини бошлайдиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билани Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ўртасида Афғонистон Ислом Республикасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларда Америка Қўшма Штатларининг иштирок этиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни ва персонални ҳаво йўли билан транзит ташиш тўғрисидаги  Битимни (Тошкент, 2012 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилади. Бу ҳақда “Тренд-аз” сайти хабар тарқатди.

    Мазкур битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 21 июнда қабул қилинган. Ушбу Битим ҳукуматлараро хусусиятга эга бўлган  икки томонлама халқаро шартнома бўлиб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2001 йил 20 декабрдаги Афғонистон Ислом Республикаси билан қўшни давлатларни Афғонистондаги Хавфсизликка кўмаклашувчи халқаро кучларга, жумладан Америка Қўшма Штатларига керакли ёрдамни кўрсатишга даъват этувчи резолюциясига мувофиқ тузилган.

    Ушбу Битим АҚШ Ҳукумати томонидан Афғонистоннинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳаво ҳудуди орқали юкларни ва персонални транзит ташишни амалга ошириш тартибини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси ушбу Битимни тузиш орқали халқаро ҳамжамиятнинг қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига салмоқли ҳисса қўшади.

    Битимга мувофиқ, транзит ташиш Ўзбекистон томони шу мақсадлар учун махсус ажратган Ўзбекистон Республикасининг ҳаво йўлаклари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига оралиқ равишда қўнмаган ҳолда амалга оширилади, транзитни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи бортда юзага келган авария ҳоллари ва/ёки форс-мажор ҳолатлар бундан мустасно. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси ушбу Битимга мувофиқ транзитни амалга ошираётган ҳаво кемасини қўнишга йўналтириш бўйича ўзининг суверен ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

    Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди Америка томони дипломатик каналлар орқали берган сўровга кўра, Ўзбекистон томони берган транзитга рухсатнома асосида ҳаво кемалари томонидан фойдаланилади.

    Битимга мувофиқ, Ўзбекистон томони, агар у юк, АҚШ ходимларини ва АҚШ пудратчиларининг ходимларини олиб ўтиш ушбу Битимнинг мақсад ва қоидаларига мос эмаслигини ёки Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлиги учун хатарли эканлигини аниқласа, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган бошқа ҳолларда, Америка томонидан ушбу Битимга кўра, сўралган транзит учун рухсатнома беришни рад этишга, уни бекор қилишга ёки берилган рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга ҳақли.

    Битим бир йил давомида ўз кучида қолади ва кейинги бир йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади. Томонлардан ҳар бири исталган вақтда ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиши мумкин ва камида 30 кун олдин ўзининг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисида бошқа томонга дипломатик каналлар орқали олдиндан ёзма хабарнома топширади.