Тарихий факт. Юнонларни лол қолдирган ўзбек футболи

Ўзбек футболининг фидойиси, Геннадий Красницкий.

Грекларни лол қолдирган ўзбек футболи

Ҳар сафар ўзбек футболи тарихига оид китобларни титкиласам, мозийдаги футболчиларимизни “тўп ўйини”да дунёда бировдан кам бўлмаганликлари ҳақидаги фактларга дуч келаман. Мухлислар, юрт шон-шуҳрати учун майдонда “жонини” бериб футбол ўйнаган ўғлонларни ўсиб келаётган ёш футболчиларимизга ҳар қанча ўрнак қилиб кўрсатсак кам. Ҳа, уларга тан бермай иложимиз йўқ.Улар ҳозирги ўйинчилардек зўр шарт-шароитларда ўйнашмаган , катта миқдордаги пулларга эмас мухлислар олдидаги “бурч” билан виждон олдида шартнома тузар эдилар. Бугунги мақолам ўзбек заминида ўсиб-улғайиб ҳалқаро ўйинларда Лотин Америкаси ва Европани “манаман”-деган жамоаларини енгган йигитларимиз тўғрисида.

1965-йил. Грециянинг номдор “Паниониос” клубининг 75 йиллиги муносабати билан Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси Эллада юртига икки ҳафталик сафар уюштиради.

Август ойининг 17 куни самолёт бортига ўтирган ўзбек чарм тўп усталари сеҳрли Афина томон йўл оладилар. Футболчиларимизни греклар аэропортда жуда катта тантана билан кутиб олишади. Турне давомида “Пахтакор”чиларни юбиляр “Паниониос”, Солоники шаҳрининг “Арис” ва Афинада Грециянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “АЕК” клуби билан бўладиган ўйинлар кутиб турар эди.

Топишмоқ “гол”
Ва ниҳоят, 21 –август соат 20:30. “Караискаки” стадионида ўйингоҳга тўлиб-тошган грек мухлислари ҳайқириқлари остида майдонга “Паниониос” ва “Пахтакор” футболчилари кириб келишади. Матч футболчиларимизнинг хужумлари билан бошланади. Пахтакорчилардан Б.Абдураимов, Х.Рахматуллаев, С.Мелкумов, В. Тожиров ва Г.Красницкийлар кетма-кет майдон эгалари дарвозабонини қийин аҳволга сола бошлайдилар. Биринчи таймнинг ўрталарида ҳимоячилар таъқибидан қочиб кетган Красницкий йигирма икки метрлардан дарвоза томон кучли зарба беради. Мана шу ерда воқеа шундай тез ривожланадики, зарбадан сўнг тўп дарвозага кирган ёки кирмаганлигини ҳеч ким англай олмай қолади. Ҳатто, ўйин ҳаками Гарукалис ҳам нима бўлганини тушунмай, мезбонлар дарвозабонига ўйинни эркин зарба билан бошлаш кераклигини кўрсатади. Шунда трибунада ўтирган томошабинлар норозиларча хуштак чалиб, тўпалон кўтарадилар.

Ҳакам ўйинни тўҳтатиб, ёнига ёрдамчилардан бирини чақиради( ўша пайтларда, матч кечаси электр ёритгичлар ёрдамида ёритилган ҳолда ўтказилса, тўрт нафар ён чизиқ ҳаками тайинланар эди) ва у билан маслаҳатлашиб, майдон марказидан ўйин бошлаш лозимлигини кўрсатади. Аниқланишича, Красницкий томонидан тепилган зарба аниқ бўлган экан. Тўп дарвозага кириб, унинг устуни ва тўри оралиғидаги тешик орқали чиқиб кетган . Ким билади дерсиз, Красницкийни “кучли зарба соҳиби” дейишарди, балки, тўп худди Лотин Америкасида бўлгани каби зарба кучи билан тўрни ёргандир… Буниси бизга қоронғу. Оқибатда, мана шу урилган гол ўйин тақдирини ҳал қилган. “Паниониос” ўйинчилари матч давомида ўзларининг кучли техник ва жисмоний қобилиятларини намойиш қилсаларда мағлуб бўладилар.

Салоникидаги қарама-қаршилик

Ўзбек футболининг фидойиси Тўлаган Исоқов ҳужумда.

Паниониос билан ўйиндан сўнг Греция нашрлари ўзбек футболчиларининг нақадар маҳоратли эканликлари, навбатдаги “Арис” клуби билан бўладиган ўйинда Салоникли ўйинчилар грек футболи обрўсини туширмаслик учун жиддий ўйнашлари лозимлигига урғу берилган мақолалар билан тўлиб кетади.

“Арис” билан бўлган ўйинга пахтакорчилар бош мураббийи Якушин биринчи матчдаги таркибни ўзгартирмаган ҳолда туширади- Пшеничников, Зокиров, Штерн, Науменко, Суюнов, Мухин, Тожиров, Раҳматуллаев, Мелкумов, Красницкий, Абдураимов.

Ўйин ҳар иккала жамоа томонидан эҳтиёткорлик билан бошланади. Биринчи таймнинг ўрталарида грек футболчилари ўйин тизгинини қўлга олишга ҳаракат қиладилар. Улар томонидан уюштирилган хавфли ҳужумлар шиддатли тус олади. Кўп ҳолларда жамоани дарвозабон Пшеничниковнинг маҳоратигина қутқариб қолади.

Нурсиз ўтган биринчи бўлимдан сўнг, иккинчи тайм пахтакорчиларнинг тўлиқ ташаббуси билан бошланади. Ўзбек футболчилари Салоникли мухлисларга ажойиб техник ва комбинацион ўйин намойиш қилиб берадилар. Трибуналарга йиғилган 30 минг мухлис уларни олқишлашга мажбур бўлади. Борган сари ўйиндан голнинг “ҳиди” кела бошлайди.

Ва ниҳоят, “Арис” жарима майдонига уч нафар пахтакорчи ёриб киради. Тўп билан Ҳамид Раҳматуллаев. У худди Красницкийга пас бераётгандек ҳаракат қилиб, ҳимоячиларни чалғитади ва дарвозани аниқ мўлжалга олади. Шу куни Ҳамид “хет-трик”ка эришади. Ўйин тугашига ўн минут қолганда ҳисоб 3-0. Матч шу тариқа якун топади. Энди ўғлонларимизни Салоникдан 50 километр узоқликдаги Афинада “турне”даги энг маъсулиятли Грециянинг вице-чемпиони АЕК билан бўладиган ўйин кутиб турарди.

Вице-чемпион билан тўқнашув
Ўша пайтларда АЕК ўйинчилари Греция терма жамоасининг асосини ташкил этган. Дарвозабон Петракис, ҳимоячилар Василиоу, Балопулос, Софианидис, хавбек Скевофилакс ва ҳужумчи Стаматидислар терманинг ўзаги эдилар. Пахтакорчилардан олдин бу юртга Испаниянинг машҳур “Реал” клуби ташриф буюрган бўлиб, матч 3-3 ҳисоби билан якунланган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ўша ўйинда АЕК 3-1 олдинга чиқиб олиб, ғалабани ушлаб қола олмаган. Айтишларича, ўйиндан сўнг “Реал” клуби эгаси испаниялик миллионер дон Бернабеу АЕК ўйинчиларидан бирига шартнома таклиф қилган ҳам экан. Буларни бари жамоани нақадар салоҳияти кучли эканлигидан дарак берарди.

Ўйин жуда чиройли ва мазмунли тарзда бўлиб ўтди. АЕК ўйинчилар мухлислар олқишидан илҳомланган ҳолда, биринчи дақиқалардан ҳужумга ташланишди. Улар мақсадлари фақат ғалаба қозониш эканлигини яширмас эдилар. АЕК Пшеничников дарвозаси олдида “тўфон” мисол ҳужумлар уюштирар эди. Ярим ҳимоячилардан ташқари қанот ҳимоячилари ҳам хужумга қўшилар эдилар. Лекин Пахтакорчиларнинг бирдам бўлган ҳимояси ва маҳоратли дарвозабони энг қийин вазиятларда ишончли ҳаракат қиларди. Секин-аста ўйин тенглаша бошлади.

Иккинчи таймда эса, энди тошкентликлар ташаббусни қўлга олишди. Биринчи таймни ўзидаёқ, пахтакорчиларни “нокаут”га учратмоқчи бўлган греклар анча чарчаб қолгандилар. Энди улар футболчиларимизни ортларидан югуриб улгурмасдилар, ўйинда аста-секин хатоларга йўл қўя бошладилар. Ҳужумчиларимиз томонидан уюштирилган “рейд”лар натижасида рақиб дарвозаси олдида бирин-кетин хавфли вазиятлар вужудга кела бошлади. Бир неча марта тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтади. Борган сари ғалаба қозинишга бўлган ишонч ортиб борарди.

Шундай ҳам бўлди. 55-дақиқада Абдураимовнинг якка ҳаракатлари дарвозани ишғол қилиниши билан якунланди. У учта ҳимоячини алдаб ўтиб, дарвозанинг пастки бурчагига кучли зарба берди. Мана шу гол матчда ягона бўлиб, қолди. Бу, Грециянинг футбол майдонлари бўйлаб ўтказилган қизиқарли турнега нуқта қўйган гол эди.

“Пахтакор”чиларнинг Ватанга қайтишларидан олдин “Паниониос” клуби улар шарафига зиёфат уюштирди. Тадбирда сўз олган клуб президенти жаноб Серафогуло шундай деди: “ Бизга клубимизнинг 75 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказиладиган турнега Пахтакор жамоаси юборилишини эшитиб, таажубландик. Чунки, биз бу жамоа кучли эмас, бизга етарлича қаршилик кўрсата олмайди, деб ўйлабмиз. Тан оламан “Пахтакор” бизни лол қолдирди. Ўзбек футболчилари билан яна кўпроқ ўйинлар ўтказилишини кутиб қоламиз.

Бу воқеаларга ҳам мана 47 йил тўлибди. Ўйлаймизки, ўзбек футболчилари жаҳон ареналарида яна ўз обрў-эътиборларини албатта тиклайдилар. Чунки, ҳалқимизнинг шундай ҳикмати бор- “Оққан дарё, яна албатта оқади”.

P.S. Аслида ушбу материални шу йил 11 сентябрь куни Кореяга қарши бўладиган ўйиндан олдин бермоқчи эдим. Лекин Лондонда бўлаётган спорт байрами тўлқинлантириб юборди. Мақоламни мухлислар байрам туҳфаси сифатида қабул қилсинлар( Э.Аванесовнинг “Зарубежные орбиты Пахтакора» китобидан фойдаланилди).

Элмурод Эрматов  тайёрлади.

Манба: www.uff.uz

SHARE