Темур Мусоқов: “Отам режиссёр бўлмаганида мени кинога таклиф қилишмасди”

Суратда “Қўрғошин” фильмидан лавҳа. актерлар Темур Мусоқов ва Бобур Йўлдошев

Галдаги меҳмонимиз режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг ўғли, актёр ҳамда режиссёр Тимур МУСОҚОВ. У билан суҳбатни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, режиссёр Исамат Эргашевнинг ўғли, «ntt» телеканалининг «Мусиқа вақти» дастури муаллифи ва бошловчиси Дилшод ЭРГАШЕВ олиб боради.

Дилшод ЭРГАШЕВ: — Элга танилишга режиссёрнинг ўғли бўлишлик ёрдам беради, деб ҳисоблашади. Бу борада суҳбатдошимга берадиган саволларим бор. Кўрамиз, бу жиҳатдан қанчалик ўхшаш эканмиз?

— Мен ҳеч қачон режиссёрнинг ўғли эканлигимдан фойдаланишни олдимга мақсад қилиб қўймаганман. Сиз ўзингизни отасининг режиссёрлигидан фойдаланган актёр деб биласизми?

Режиссёрнинг ўғли эканлигимдан юз фоиз фойдаланганман. Бу мен учун катта имконият эди. Агар отам режиссёр бўлмаганида мени ҳеч қачон кинога таклиф этмасликлари мумкин эди. Имконият бор экан, нега фойдаланмаслигим керак?!

— Демак, болаликдан актёр бўлишингиз аниқ эди. Шундайми?

— Йўқ! Аслида ҳеч қачон актёр бўлишни олдимга мақсад қилиб қўймаганман. Режиссурага ҳам тўсатдан келиб қолганман. Дипломатия институтининг кириш имтиҳонидан йиқилгач, бекор юрмай деб, санъат институти тайёрлов курсига қатнадим. Бир йил ичида у ерда кўп дўст орттирдим. Кейин шу йўналишда кетишим ўз-ўзидан аниқ бўлди. Ўқиш жараёнида «Осмондаги болалар» фильмида суратга тушиб, Бахтиёр образида одамларга танилдим. Гоҳи кўчада мени кўриб қолиб, «ана Бахтиё-ёр» деб турган одамларга кулиб қўйишимга тўғри келарди. Бу ўзимга ҳар доим ҳам ёқавермасди.

— Машҳурликка интилмаган экансиз-да?

— Эътибордан жуда шодланган эмасман. Умуман, диққат марказида бўлиш — мен учун эмас. 6 ёшимдан буён суратга олиш майдончаси ҳавосидан нафас оламан. Билсангиз, мен учун актёрлик фаолиятидан кўра режиссуранинг лаззати бошқача туюлади. Актёрлик ва режиссурадан ташқари шахсий бизнесим ҳам бор.

— Қайси йўналишдаги бизнеслигини билсак бўладими?

— Кинематографияга боғлиқ эмас.

«Осмондаги болалар» фильмида тўрт қадрдон дўст битта қизни деб бир-бири билан уришиб қолади. Ҳаётингизда шу каби севги учбурчаги учраганми?

— Учраган. Аммо бу туйғу болаларча беғубор эди. Уни деб биронта дўстим билан муштлашганимни эслай олмайман.

— Суратга олиш жараёни ва оилада отангизнинг сизга муносабати бошқа-бошқами?

— Ўша-ўша… Қайтага бир пиёла чой устида танқид ва баҳслар кўп бўлади. Отам — менинг устозим, лекин шахсий ҳаётимда қайси вазиятда қандай йўл тутишим кераклигини белгиламайди.

— Демак, у киши уйда режиссёр эмас, шундайми?

— Албатта.

— Оилада ким хўжайин?

— Отам. Шунга қарамай, бир майдонда жойлашган иккита уйда ҳар қайсимиз ўз ҳудудимизни бошқарамиз.

— Россия кинофильмларидан бирида асосий қаҳрамон ролини ижро этган актёрнинг тили чучук бўлгани учун унга бошқа биров овоз берган экан. Сизда ҳам шу каби ноқулайликлар туғилганми?

— Бунақаси кўп бўлган. «Осмондаги болалар» фильмининг иккинчи қисмида суратга тушиш учун озишимга тўғри келган. Бундан ташқари, она тилим бўлган ўзбек тилида яхши гаплаша олмайман. Онам рус миллатига мансуб, ўзим рус мактабида ўқиганман. Маҳалладаги ўзбек дўстларим доим талаффузим нотўғрилигига кулишарди. Ўзбек тилида бемалол гаплаша олмаганим сабаб ролларимга бошқалар овоз беради. Бу кўп мураккабликлар туғдиради. Масалан, кадр йирик планда бўлса, жумлаларни мослаб тушириш керак.

— Яъни суратга олиш жараёнида ўзбек тилида гаплашмайсиз?..

— Матн каттароқ бўлса, гаплаша олмайман. Шунинг учун тушунсам-да, жумлани оғзаки айтишга уяламан.

— Сизнингча, актёрлик қийинроқми ёки режиссёрлик?

— Режиссёрликнинг масъулияти каттароқ. Актёр берилган сценарийга биронта қўшимча кирита олмайди. Қолаверса, актёр суратга олиш ишлари тугаганидан кейин енгил тортади, режиссёр эса фильмнинг яхши-ёмон чиқишига жавобгар.

— Ҳар бир режиссёрнинг ўзига хос «имзоси» бўлади, дейишади. Масалан, Зулфиқор Мусоқовнинг кинофильмлари ўйлантирувчи бўлса, сизнинг «Осмон яқин» фильмингиз томошабинда тушкун кайфият уйғотади.

— Бу фильмимдан кўнглим тўлмаган. Аслида у умид бағишлаши, одамларнинг руҳиятини кўтариши керак эди. Тўлдирилмаган жойлари кўп. (Ҳижолат билан) Фикримча, ундаги камчиликлар тўлиқ режиссёрнинг гарданида. Бу фильмим учун уяламан.

— Режиссёр сифатида ўзингизга четдан бир назар солинг. Қайси образга муносиб типажсиз: салбийми ёки ижобий?

— Тўлачаман, юзларим ҳам дўмбоқ. Ижобий образга кўпроқ мос келсам керак.

— Тўладан келган одамларнинг салбий хусусияти бўлмайди, демоқчимисиз?

— Юз тузилиши чўзинчоқ одамга нисбатан дўмбоққина бўлганлар ижобий ҳис уйғотади.

— Қўшилмайман. Актёр Бобур Йўлдошевнинг юзларида кулгичи борлигига қарамай, кўпинча разил кимсалар ролини ўйнайди.

— У разилларни аъло даражада ўйнашини инкор этмайман, қайтага ижобийга нисбатан салбий роллари яхшироқ чиқади.

— Ўзингизга таъриф бера оласизми?

— Жуда тез қизишаман, кечиримлиман… Давом эттираверсам, нокамтарлик бўлади.

— Албатта, буржингиз ҳамал-да! Бу бурж вакиллари ўз аксини кўриб, «бунчалар чиройлиман-а», деб ўйларкан…

— Ойнадаги аксимга жуда кам қарайман. Охирги марта қачон сочимни тараганим ҳам эсимда йўқ. Чунки кўпинча сочимни тагидан олдириб юраман.

— Инсоннинг феъл-атвори қандайлигини тановул қилишни ёқтирган таомига қараб ҳам билса бўларкан. Ҳозир ноодатий тест ёрдамида буни аниқлашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

— Қизиқ…

— Мол ёки қўй гўштидан пиширилган таом, товуқ гўшти, пицца ва гамбургерлар, шўрвалар, музқаймоқ, кремли ширинликлар… Қай бирини ёқтирасиз?

— Биттасини танлашим шартми? Ҳар бирини белгилаб чиқсам-чи?

— Энг ёқтирганингиз?

— Товуқ гўштини танладим.

— Шунақами? Хафа бўлиш йўқ… Товуқ гўшти солиб пиширилган таом «онасининг боласи» учун айни муддао. Улар учун уй шинамлиги биринчи ўринда туради. Ота-онасига жуда боғланган бўлишади. Сиз шунақамисиз?

— Қисман тўғри, аммо «онасининг боласи» деган иборага қаршиман. Онамни жуда яхши кўраман. Лекин ота-онасининг талабига биноан танлаб, каштачилик тўгарагига қатнайдиган бола бўлмаганман.

— Менимча эса «онасининг боласи» бўлишнинг ҳечам ёмон томони йўқ. Аслида бу — онаси билан ҳар бир ишда маслакдош, рафиқасини айнан онасидагидек хислатлари учун эъзозлайдиган эркак.

— Рафиқамнинг қиёфаси онамникига ўхшаш, феъли эса буткул бошқача.

— Ўзаро яхши чиқишишадими?

— Дўстларимда баъзи мураккаб вазиятларни кузатганим учун аввалданоқ ошхоналарини бўлак қилдирганман. Уйда синглим ҳам бор, Ҳаммаси уч аёл бир ошхонада бўлганидан бошланади-да!

— Болаликдаги шўхликларингиз учун ота-онангиз жазолашармиди?

— Энг катта жазо дўстларим билан алоқани чеклаш бўлган. Эсимда қолган шўхлигим: «Бомба» кинофильмини суратга олиш жараёнида катта пичан уюмини ёқиб юборганман. Қизиғи, дадам ўзимга ҳеч нима бўлмагани учун катта жарима тўласа-да, «хайрият тирик қолибсан-ку», деб уришмаганди.

— Отангизга ўхшаш жиҳатларингиз борми?

— Кўп. Асабийлик, жиззакилик, баъзида қўполликкача етиши мумкин бўлган томонлари менда ҳам бор.

— Оилада зиддиятлар бўлиб турадими?

— Кимда бўлмас экан?! Рафиқам билан тортишганимиз «бир-биримизни севамиз», дегани…

— Севгингиз кучлими? Яъни баҳслар ўткир бўладими?

— Узоғи билан ярим кун гаплашмаслигимиз мумкин. Лекин уйимизда ликоплар учмайди (кулади). У билан бир институтда ўқиганмиз, тўсатдан муҳаббат юрагимизга чўғ ташлаган.

Маълумот
Рафиқаси Наталья овоз режиссёри бўлиб ишлайди.

Қизи Камилла 4 ёшда.

Фильмлари: «Яратганга шукр», «Осмондаги болалар», «Қўрғошин», «Наҳотки сен», «Ватан», «Ой остида ҳовли» кинофильмлари ва «Сержантлар» сериали.

Режиссурада «Ота» кинофильмидаги ишидан кўнгли тўлган.

Хулоса

Дилшод ЭРГАШЕВ: — Санъатда ютуққа эришиш учун истеъдоддан ташқари омадли бўлиш ҳам муҳим экан. Суҳбатдошимнинг омади шундаки, у отасининг тимсолида йўлга солувчи устозини ҳам топган. Шунга қарамай, болаликдан суратга олиш майдончаси ҳавосидан нафас олиб ўрганган Тимур оддийликни йўқотмаган.

Лойиҳа координатори: Нигора СОЛИҲОВА.
Фотомухбир: Юлия КЛЕМЕНОВА
Манба: darakchi.uz