Тоҳир Содиқов: “Машҳурликдан “томимиз кетиб қолган”

Сурат bormoq.com сайтидан олинди. Муаллиф: Илҳомжон Кенжаев

Уларни ёрқин юлдуз, дея аташга асос бор эди. Радиодан бор-йўғи бир марта янграган «Нега ундай қилдинг сен?» ва «Мне кажется» қўшиқлари уларни бутун республикага машҳур қилди. Тоҳир Содиқов, Баҳодир Пўлатов, Жавоҳир Зокиров, Хусан Содиқов, Тоир Одилов, Тофик Мордухаев — улар чиндан ҳам ёрқин юлдузлар эди… «Болалар» эди улар!

«Телевидениега биринчи марта… кийимимни олиш учун кирганман»

«Биринчи звено, огонь!» — важоҳат билан қичқирди жингалак сочли болакай. Анҳорга калла ташлаган беш-олтита бола зум ўтмай бўш шишаларни кўтариб чиқишди. Ўрдадаги «Пивохона» аллақачон болалар учун даромад манбаига айланиб бўлганди. Тоҳир ва унинг дўстлари — саккизинчи синф болалари ўша «Пивохона»дан сувга отилган бўш шишаларни йиғиб, дўконга топширарди. Қарабсизки, тушлик ҳам тайёр! Ахир битта шишанинг пулига «Буратино» билан ватрушка (сузмали парамач) берарди-да! — Синфимиздаги болалар билан аҳил эдик. Биргалашиб, тўда-тўда бўлиб юрардик, бошқалар бизга яқинлашолмасди. Энг яхши кўрган маршрутимиз: маҳалладан пиёда истирохат боғини кесиб ўтиб, телевидениенинг ёнидан «Панорама» кинотеатригача борардик. У ерда музқаймоқ олиб, ўша пайтдаги машҳур «Танцор диско» фильмига тушардик. Ҳатто қоровуллари ҳам бизни танирди, шунчалик «ўзиникилардан» бўлиб кетганмиз. Бешинчи синфдалигимда бир воқеа юз берган. Авваллари телевидение атрофи панжара билан ўралмаган, ёнида бассейн бўларди. Иссиқ кунда кинодан чиқиб, ўша бассейнда роса чўмилардик. Бир куни телевидение милиционери футболкам билан шортигимни олиб қўйган. Ўшанда телевидениега биринчи марта кирганман… кийимимни олиш учун.

«Йиғиштир гитарангни! Зотимизда артист бўлмаган!»

Тоҳир Содиқовнинг биринчи саёҳати Сомон бозоридаги эски ховлидан бошланган. 1973 йил 1 июлдан бошланган болалик йўллари Эски шаҳарнинг кўп қаватли уйлари орасида давом этди. Болалигида «шаҳар шу экан-да», деб кўп ўйларди. Негаки унинг учун ҳаммаси бир ерда жамланган. Ана, уйининг ойнасидан ҳам кўринарди: 41-ўрта мактаб, 1-сонли шаҳар шифохонаси, ҳарбий бўлинма, «Космос» кинотеатри, мактаб стадионидаги футбол майдончаси… — Бир куни тоғамнинг гитараси уйимизда қолиб кетган. Уни беркитиб қўйганман. Роса қидириб, топишолмаган. Шу билан гитара бизники бўлган. У пайтларда тақиқланган видеокассеталар бўларди. Ҳаммада Брюс Ли ва каратэни кўришга иштиёқ бўлса, менда мусиқага қизиқиш баланд эди. Жонли концерт ёзилган видеокассета орқали ким гитарани қанақа ушлаётганини, бармоқлари асбобнинг қаеридан ўрин олаётганини кузатардим. Бир-икки аккордни акамдан ўрганганман. Акам гитара чалишга иштиёқманд эди, аммо дадамга умуман ёқмасди. «Чалма буни, йиғиштир», дея синдириб, отворардилар. «Бизнинг зотимизда артист бўлмаган», дердилар. Эсимда, отамнинг оналари — раҳматли Саломат ойим дутор чалганлар. Дарвоқе, улар актриса Зайнаб Садриева билан бирга ўсиб, актёрликка бирга ҳаракат қилишган. Аммо бувимнинг тоғалари «саҳна аёл киши учун ярамайди», дея театрда ишлашига рухсат бермаган. Бувим учун актёрлик армон бўлиб қолгани учунми, дуторда жуда чиройли куйларни чалардилар… Биз — болалар тинглаб ўтирардик. Аммо негадир ўзбекчада ашула бунақа бўлиши керак эмас, деб ўйлардим. «Bad boys blue», «Bony’M», «Abba», «Attawan»лар тингланадиган вақтга тўғри келганмиз. Ўзимни мусиқасиз тасаввур қилолмасдим. Мени нима бошқарарди, билмадим, лекин гитара чалишга иштиёқим баланд эди…

Туб бурилиш

«Йўқ, нега энди улар?! Ахир аввалроқ мен ушбу услубни, мусиқани тушларимда кўрганман-ку!..» Бехосдан отилиб чиққан савол Тоҳирга узоқ вақтгача тинчлик бермади. 1988 йилда «Тонгги почта» кўрсатувида «Ласковый май» чиқиши билан Тоҳир Содиқов уларнинг «касали» бўлди-қолди. «Ласковый май» худди ундан ниманидир олиб қўйгандай эди! Айнан шу хол унинг ижод қилишига кучли туртки берди. Ўша пайтгача бир-иккита қўшиқ ёзилган эди-да! Баҳодир Пўлатов билан мактабда дискотекалар уюштиришарди. Тоҳир гитара чалиб, ҳам бирга қўшиқ айтарди, ҳаракатлари кучлироқ хисобланган Баҳодир эса ди-джейлик қиларди… — Агар мендан «Тошкентдаги биринчи ди-джей ким?» деб сўрашса, қўрқмасдан Баҳодир Пўлатов дердим. Саккизинчи синфдан бошлаб у билан бошқа мактабларга гастролларга чиқардик. У пайтда гуруҳ деган тушунча йўқ эди. Мусиқа қўямиз-у, бир томондан Баҳодир гапириб туради, мен куйлардим. Кейин Жавоҳир Зокиров қўшилди. Аввалига Жавоҳир менга ғалати кўринган: сочлари узун, кийимлари ғалати. Лекин одамлар билан тез чиқишиб кетадиган экан, у билан ҳам дўстлашиб кетдик. Мен, Баҳодир Пўлатов ва Жавоҳир Зокиров «великолепная тройка» бўлволиб, қаттиқ ишлашни бошладик.

«Сен саҳнага чиқмайсан!»

«Профессионал шоу-бизнес билан шуғулланадиган қариндошларим бор, келинглар, гуруҳ очамиз», — деган Жавоҳир Зокиров аввало Руслан Шариповни назарда тутган эди. Танишишга орзуманд болалар ўзида йўқ хурсанд. Негаки бу вазият улар учун қўлдаги қарталар дея тасаввур қилинган эди. Ҳа, чинданам буни омад деса бўларди. Зеро, ҳали «Болалар»га айланмаган болаларнинг «ижодини» эшитиши биланоқ таниқли хонанда, бастакор, «Байт» гуруҳи раҳбари Руслан Шариповнинг этлари жимирлаб кетади. «Мне кажется, что нет…» қўшиғини эшитган Руслан зудлик билан болаларни чақиртиради. Биринчи учрашувдаёқ Руслан Тоҳирга қараб, «Жавоҳир билан Баҳодир саҳнада куйлайди, сен эса студияда овоз ёзасан, саҳнага чиқмайсан. Саҳна учун ёқимтой болалар керак», дейди. Шу пайт Наргиза Зокирова, «ақлинг жойидами?! Ҳали кўрасан, ҳамма қизлар мана шу йигитнинг орқасидан югуриб юради», деган экан. Ҳаммаси шундан сўнг бошланди! 1989 йилда «Болалар»нинг биринчи альбоми сотувга чиқади. 1990 йилда давлат имтиҳонларига тайёрланиш ўрнига «Болалар» гуруҳи «Халқлар дўстлиги» (ҳозирги «Истиқлол») саройида концерт беради. Аммо «Халқлар дўстлиги»даги бу концерт «Болалар» учун биринчи ва охиргиси эди. Негаки, мухлислар анчагина жазавали бўлиб чиқди. «Болалар»нинг концертига келган ёшлар гўёки ақлдан озгандай саройнинг ойна ва ўриндиқларини синдириб ташлайди. Аммо ёшинг эндигина ўн олтига етиб, пиллапоялар сени ўзи томон чорлаётганда, ғам-ғуссага не ҳожат?! «Болалар» гуруҳи иштирокчилари ҳам бу ҳол учун ҳечам сиқилмади, чунки ўша пайтда «Болалар»боп «Юбилейный» спорт саройи бор эди. «Болалар» кунига учтадан концерт ўтказарди. Уларнинг ҳаёти асосан иккита сўздан иборат бўлиб қолди: концерт, гастроль… гастроль, концерт…

Юлдузлик касали ва кутилмаган ҳалокат

— Ишонасизми, уйимнинг подъездидан чиқолмасдим, 50-60 та қиз тўпланиб турарди. Мен бечорада машина йўқ. Баҳодирга қўнғироқ қилсам, у ҳам «уйингга бормайман», дейди. Ўзининг уйидан чиқиш хам муаммо эди-да! Бунақа машҳурликдан «томимиз кетиб қолган», яхшигина юлдузлик касалига учраганмиз. Пул бор. Ҳар куни ресторан, ҳар куни янги оғайнилар, ҳар куни зўр-зўр машиналарда сайр қилардик. Хуллас, юлдузли ҳаёт бошланди. Мактабдан кейин икки марта ўқишга ҳаракат қилиб, киролмаганимга ҳам ачинмаганман. «Майли, муҳими яхши юришиб турган ишим бор-ку», деганман. 1993 йилгача «ҳаммаси яхши» деб ўйлардим… ва ҳалокатга йўлиқдим: мени машина уриб кетди. Шу билан мен учун ҳаммаси узоқ муддатга тугади. Кўзимни очсам, оёғим гипсланган, юзим шишган. Ана ўшанда юлдузлик касали йўқолди. Негаки тушундим, «бир» дейишга улгурмай, сен учун ҳаммаси тугаши, тамом бўлиши мумкин экан. Умуртқа, оёқ олтита жойидан синган… Ўшанда, ҳаттоки дўхтирлар, «бўлди, у юрмайди, ногирон», деб хулоса қилади. Бу ёғига 1995 йилгача фақат саломатликни тиклаш даври бўлдики, Тоҳир Содиқов ҳассага таянганича астойдил спорт билан шуғулланди. Ва ниҳоят, салкам икки йиллик танаффусдан сўнг Жавоҳир билан Баҳодир уни хасса таянган холида «Халқлар дўстлиги» саройининг саҳнасига олиб чиқади. — Томошабин шунақа ҳайқирган! Билдим, яна куйлашимни хоҳлашаяпти. Шифохонада ётишга етарлича вақтим бўлган. Худога шукр, қўлларим лат емаганди. Бошқа қиладиган иш бўлмагандан кейин ётган ҳолимда фақат қўшиқ ёзардим. Ана ўшанда «Ёшлигимда», «Асрагин мени» қўшиқларини ёзганман. 1995 йилдан кейин Руслан Шарипов «Болалар»дан узоқлашадию анча тажрибаси ошган Баҳодир Пўлатов гуруҳга продюсерлик қила бошлайди. Бир неча йиллар мобайнида «Юбилейный» спорт саройида кетма-кет ўтказилган аншлаг концертларнинг сабабчиси — Баҳодир Пўлатов. Қизиғи, «Болалар»дан аллақачон чиқиб кетиб, ҳуқуқшунослик соҳасида фаолият юритаётган Баҳодир Пўлатов ҳалигача «бизлар» деб гапиради. Негаки, ёшлигидаги энг ёрқин хотиралар мана шу гуруҳ билан боғлиқ. Биринчилардан бўлиб концертда декорация қуриш, поезднинг чиқиб келиши, экран қўйиш, бутун шаҳарга афиша ёпиштириш ғоялари Баҳодирники эди. Ўша пайтда яна бир инсон «Болалар» гуруҳининг ривожига беқиёс ҳисса қўшади, у ҳам бўлса Вагиф Зокиров. Ўн етти йил ичида яралган кўпдан-кўп шлягерлар у билан биргаликда ёзилган. Ўзига яраша феъл-атворга эга Тоҳир Содиқовнинг нафақат шлягерлар, балки видеоклиплар борасидаги фикри ҳам ўзгача. — Видеоклипларим кўп эмас. Нимагадир ҳалигача иши маъқул келадиган клипмейкерни топмадим. Менимча, агар клип муваффақиятсиз чиқса, ашулага зарар етказиши мумкин. Ашула фақат ашула бўлиб яшаши керак. Агар ҳар бир тингловчи ўз хаёлида ўзига ёққан воқеани тасаввур қилса, бу кўпроқ таъсир қилади. Номига клип олишнинг кераги йўқ.

Бир кўришда муҳаббат, ижод, мукофот…

Йигирма икки йил… Инсон умри билан қаричласак, бу катта муддат. Шу вақт оралиғида Тоҳир Содиқов худди отаси мисоли «бир кўришдаёқ муҳаббат» туйғусини бошидан кечиради. «Аёлимни бир кўришдаёқ севиб қолганман. Вагиф Зокировнинг уйига борганимда кўрганману дарҳол танишганман», дейди хонанда. Икки қиз — Гўзал ва Асал, шунингдек, истеъдоди ҳозирдан яққол намоён бўлаётган ўғли Арслон мана шу туйғунинг мевалари. Шу вақт оралиғида уни қачонлардир «касал» қилган «Ласковый май» яккахони Юрий Шатунов билан ўтказилган концерт ғоясини амалга оширди. «Келажак Рекордс» овоз ёзиш студиясига ташриф буюрган Юрий Шатунов келажакда Тоҳир Содиқов билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқчи эканлигини айтди. Продюсерлик бобида ҳам ҳаракатлари зое кетмади. Ёрқин мисол: Равшан Собиров ва «Божалар». Йигирма икки йиллик фаолияти мобайнида FM-радиолар, «Тарона…» тақдимотлари, M&TVA тақдимотидаги соврин ҳамда «Ниҳол» мукофоти унинг ҳаракатлари зое кетмаганини қайта ва қайта исботлайди. Тоҳир Содиқовнинг «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвонига сазовор бўлиши эса янги уфқларнинг очилишига туртки бўлмоқда.

Назира ИНОЯТОВА

Манба: Sugdiyona.Uz

 

SHARE