Ўзбекистонлик твиттерчилар мустақиллик байрамини трендга олиб чиқишмоқчи

gov.uz

Дунёдаги машҳур социал тармоқлардан бири — Твиттернинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари Мустақиллик байрамининг 21 йиллиги муносабати билан акция ўтказишни ният қилишмоқда. Твиттернинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари  #UZB21 сўзини хэштег қилиб, дунё бўйлаб трендга чиқармоқчи.

Твиттер фойдаланувчиларининг айтишича, улар 31 август куни Тошкент вақти билан соат 14-00дан социал тармоқда ёзилган твитга   #UZB21 сўзини хэштег қилиб, қўшиб ёзишади.

Хэштег — твиттерда маълум бир мавзудаги твитларнинг йиғиб, энг кўп муҳокама қилинаётган ёки ёзилаётган мавзу рўйхатини кўрсатиб туради. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўзбекистонлик твиттерчилар ўтган йили ҳам худди шундай акцияга қўл уришиб, гарчи жаҳон трендига чиқа олишмаган бўлса-да, русийзабон твиттерда трендга чиққанлиги айтилади.

Твиттерчиларнинг мазкур акциясига Ўзбекистонда gazeta.uz ва afisha.uz ахборот сайтлари қўшилиб, кенг жамоатчиликни мазкур тадбирга чорлаган эди.

“Ватандош” газетаси жамоаси ҳам барча фаол твиттерчиларни мана шу акцияда иштирок этишга ундаб қолади.

Твиттер — қисқа хабар алмашинувига асосланган социал тармоқ бўлиб, бугунги кунда унинг 500 миллион нафардан ортиқ фаол аъзолари бор.   Ушбу тармоқда фақат 140 та белгидан ошмаган хабарларни жўнатиш мумкин.

SHARE