Ульяна Трофимова олимпиадада иштирок этган МДҲнинг энг чиройли қизларидан бири деб топилди

Лондонда бўлиб ўтган олимпия ўйинлари якунлари бўйияа “Интеграция” фонди NewsEffector мониторинг агентлиги билан биргаликда сўровнома ўтказиб, МДҲнинг энг чиройли спортчи қизлари рейтингини тузиб чиқди.

Stadion.uz сайтининг ёзишича, сўровномада Россия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Арманистон, Озарбойжон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан 17200 нафар киши қатнашган.

Биринчи ўринни бадиий гимнастика бўйича жамоавий кўпкураш мусобақасида қатнашган россиялик Каролина Севатьянова эгаллади.

Иккинчи ўринни ҳам Россия вакиласи Ксения Вдовина қўлга киритди. У аввалига 4х400 м. эстафета мусобақасига “заявка” қилинганди, кейинчалик эса мураббийлар уни алмаштиришга қарор қилишди. Шунга қарамай, у “Лондон-2012” машъаласи эстафетасида иштирок этди.

Учинчи ўринни эса олимпиадада кумуш медални қўлга киритган теннисчи Мария Шарапова эгаллади.

Ўзбекистонлик Ульяна Трофимова сўровномада олтинчи бўлди. Мусобақа олдидан ҳамюртимиз медалларга даъвогар сифатида эътироф этилаётган эди. Аммо баҳслар бошланишидан 5 кун олдин машғулот жараёнида у оёғидан жиддий жароҳат олди. Шунга қарамай, у ўз дастурини ўзгартирган ҳолда бадиий гимнастика мусобақасида қатнашди ва 20-ўринни эгаллади.

SHARE