Каролин Ламм: “Ўзбекистонда меҳнат кучи катта тайёргарликка эга”

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.Ғаниев ҳамда Америка—Ўзбекистон савдо палатаси раиси К. Ламм

Ўзбекистон — Америка Савдо палатаси раиси Каролин Ламмнинг сўзларига қараганда, шу йилнинг 16 август куни Тошкентда АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг йиллик иккитомонлама маслаҳатлашувлари бўлиб ўтади. Ушбу тадбирлар доирасида,яъни 17 август куни АҚШ — Ўзбекистон йиллик бизнес форуми ҳам ташкил этилади.

«Бўлажак форумда икки давлат ҳукуматлари аъзолари икки томонлама алоқаларни ривожлантириш муаммоларини муҳокама қилишади. 17 август куни бизнинг компанияларимиз йиллик бизнес маслаҳатлашувларида иштирок этади. Мен икки томондан ҳам расмий шахслар қатнашадиган мазкурга тадбирга 50 нафардан ортиқ йирик Америка компанияларини бошлаб бораман», деб қайд этди Ламм хоним.

«Ипак йўли» янгиликлар лентасининг ёзишича, ҳукуматлараро маслаҳатлашувларда АҚШ делегациясига АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк раҳбарлик қилади. «Бўлажак форум, менимча, палата аъзолари учун ниҳоятда фойдали бўлади. Биз ҳар доим форумни икки давлат, АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари етакчиларининг сўзларини эшитиш билан бошлаймиз. Шундан сўнг бизнинг аъзоларимиз барчаси сўз олиб, Ўзбекистонда бизнесни қандай ривожлантириш, Ўзбекистон маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан фикр алмашади. Бу, ҳақиқатан ҳам, икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда қўл келади», деб қўшимча қилади АҚШ—Ўзбекистон савдо палатаси раиси Ламм хоним.

Ламм хоним сўзларига қараганда, форум доирасида йирик компаниялар ўртасида аниқ шартномалар ҳам имзоланиши мумкин. Чунончи, дунёдаги атом энергетика корхоналарини уран моддаси билан таъминлашда катта тажрибага эга NUKEM Inc. компанияси ва “Навоий” кон-металлургия комбинати ўртасида битим имзоланиши мумкин.

Бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Америка — Ўзбекистон савдо палатаси фаолияти 1993 йилда йўлга қўйилган бўлиб, у икки давлат ўртасида савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келади. “Биз келгуси йилда палатанинг 20 йиллигини кенг нишонлаймиз. Биз ташкил топганимиздан бери Ўзбекистонга муваффақиятли тарзда инвестиция киритиб келаётган компаниялар аъзомиз ҳисобланади. “NUKEM”, “FMN Logistics”, “GE”, “GM”, “Lockheed”,  “Boeing”, “Caterpillar”, “Case New Holland” шулар жумласидандир. Энг муҳими, сўнгги йилларда бу рўйхат тобора кенгайиб бормоқда”, деб қайд этади палата раиси.

Ўзбекистон АҚШ инвесторлари учун кенг йўналишда имконият яратиб бермоқда. Ўзбекистон энергетика тизими шулар қаторида. Ўзбекистон олтин, уран ва бошқа рангли металларга эга бўлган табиий ресурсларга жуда бой. Бундан ташқари, кўп жиҳатлар борки, бизнес учун жозибалидир. Масалан, Ўзбекистонда меҳнат кучи катта тайёргарликка эга.

Ламм хоним Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг истиқболларига тўхталар экан, икки томон ҳам катта имкониятларга эга эканлигини қайд этади. Ўзбекистон тарафи чет эл инвестициясини жалб қилиш ва уни қўллаб-қувватлаш бўлса, АҚШ томонидан буни имкон қадар қўллаш талаб этилади. Палата икки давлат ҳукуматлари ўртасида Икки томонлама инвестиция тўғрисидаги шартномани АҚШ ҳукумати мамлакат бизнеси манфаатлари йўлида тезроқ имзолаши ва ратификация қилишга жиддий чорлаб келади.

SHARE