Нуқтаи назар: Ўзбекистон нега АҚШга яқинлашмоқда ёхуд Россия матбуоти фиғонининг сабаби нимада?

    Маълумки, ўтган ҳафта Россиянинг “КоммерсантЪ” газетасида Ўзбекистон ҳудудида тезкор ҳаракат қилиш маркази очилиши ҳақида ахборот пайдо бўлган. Газетанинг ўзининг “аноним” манбасига таяниб хабар беришича, ушбу марказ 2014 йилдан сўнг Афғонистондан Америка ҳарбийларининг асосий қисми олиб чиқиб кетилгач, юз бериши мумкин бўлган вазиятларда ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

    Манбага кўра, Америка ҳарбийлари сони ва ҳали муҳокама қилининмоқда. Гўёки Афғонистондан олиб чиқиб кетиладиган ҳарбий техника ушбу марказнинг ҳарбий техникаси бўлиб хизмат қилади. “КоммерсантЪ” марказ ҳақидаги келишув НАТОнинг Чикагодаги саммитида доирасида оғзаки равишда эришилган, деб ёзади.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янада кучайиб бораётгани бошқа бир давлатлар оммавий ахборот воситалари томонидан турлича талқин қилинмоқда. Чунончи, бундан аввалроқ, Қозоғистоннинг “Литер” газетаси Американинг Қозоғистон зарарига Ўзбекистонга бундай катта  эътибор қаратиши Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг истиқболлари билан бевосита  боғлиқ, деб ёзган эди. Яъни АҚШ давлат  котиби ёрдамчисининг Тошкент сафари натижаси АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий база очилиши бўйича келишувга эришиш билан якунланиши мумкин. Аммо Ўзбекистон расмий ташриф билан келган АҚШ делегацияси раҳбари Роберт Блейк АҚШ Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этган эди.

    “КоммерсантЪ”нинг марказ ҳақидаги ахбороти ҳам расмий Вашингтон томонидан инкор қилинди. “Қўшма Штатлар  Ўзбекистон билан ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа бирон-бир мамлакати билан ҳам тезкор ҳаракат қилиш маркази очиш юзасидан музокара олиб бормаган, бу бўйича таклифлар ҳам бермаган”, дея 12news.uz АҚШ давлат департаменти вакилининг сўзидан иқтибос келтиради.

    Шу ўринда Ўзбекистон учун Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масаласи ўта муҳим устувор вазифалардан эканлиги сир эмас. Ўзбекистон НАТО шафелигида халқаро кучларнинг 2014 йилда Афғонистонни тарк этиши ҳақида қарорини унчалик ҳам қувонч билан кутиб олгани йўқ. Чунки НАТО кучлари Афғонистонда ўз миссиясини тўлиқ бажара олгани йўқ. Толибонлар ҳаракати ҳали-ҳануз мамлакат хавфсизлиги учун катта таҳдид бўлиб қолмоқда. Шундай бир шароитда Ўзбекистон учун жанубий чегара ҳудудларининг хавфсизлиги хусусида бош қотириш долзарб масалалардан ҳисобланади. Россия Федерацияси эса НАТОнинг Афғонистондан чиқиб кетишини олқишлаб, бунга тезроқ киришиш кераклигини таъкидламоқда. Бу ҳақда Россия Бош вазири ўринбосари Д.Рогозин бир неча бор айтиб ўтган эди. Хусусан, Россия Федерациясининг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги доимий вакили В. Чуркин Россия 2014 йилдан сўнг Афғонистонда НАТО кучлари амалиётларига билан боғлиқ муносабатларга аниқлик киритишни талаб қилишини таъкидлади. У ҳозирги НАТО кучлари Афғонистон ва бошқа қўшни давлатларда бошқа шаклларда ўз фаолиятини давом эттириши мумкинлигидан ҳавотирда эканлигини билдирган. Ўзбекистон бундай вазиятда ким билан яқин бўлиши ҳеч кимга сир эмас, албатта. Бу биринчидан.

    Иккинчидан, Россия Федерацияси Марказий Осиёни ўзининг таъсир доирасида деб ҳисоблаб келади. Шу боисдан улар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан ҳар қандай яқинлашувига яхши муносабат билдирмайди. Россиянинг Марказий Осиё бўйича муносабатлари “катта оғалар”ча бўлиб қолаётгани унинг ушбу минтақадаги таъсирини савол остига қўйиши шубҳасиз. Россиянинг минтақадаги давлатлар ўртасидаги низолардан ўз манфаати йўлида фойдаланиши, иккиёқлама сиёсат олиб боришга уриниши ҳам Ўзбекистонни ўз ташқи сиёсатини диверсификация қилишга, яъни етакчи давлатларнинг аксарияти билан ўта яқин ёки жуда узоқ бўлмаган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга, яъни эҳтиёткорроқ бўлишга ундамоқда. Лекин буларнинг барчаси Ўзбекистон ўз ҳудудида у ёки бу давлатнинг ҳарбий базаси ёки номи бошқача бирор марказини очади, дегани эмас.

    Учинчидан, яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кўриб чиқиши кутилаётган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди. Бундай стратегик аҳамиятга эга ҳужжатнинг айнан шу кеча-кундузда қабул қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Бу биринчи галда мамлакатнинг турли сиёсий ўйинларда иштирок этмаслик (ОДКБ) учун кафолат бўлса, иккинчидан, бугунги сиёсий қалтис бир шароитда мамлакат учун энг мақбул йўллардан ҳисобланади.

    Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ташқи сиёсати бўйича янги стратегия замирида мамлакат хавфсизлигини таъминлашда чет эл давлатлар ҳарбий ёки бошқа базаларига нисбатан ўта кескин муносабатлар билдирилмоқда. Ўзбекистон АҚШга Афғонистон масаласида яқиндан кўмак беради. Буни шу йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Америка Қўшма Штатлари Ҳукумати ўртасида Афғонистон Ислом Республикасининг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тикланишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларда Америка Қўшма Штатларининг иштирок этиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни ва персонални ҳаво йўли билан транзит ташиш тўғрисида битим имзолангани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу битим ва қолаверса, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси Ўзбекистон ҳудудида ҳар қандай ҳарбийлашган тузилмаларнинг очилиши хусусида гап-сўзларни шубҳа остига қўяди.

    Мурод ҒОФУРОВ

    SHARE