ДТМ қоидаларини бузган 3500 нафар абитуриент имтиҳонлардан чиқариб юборилган

Ўзбекистонда шу йилнинг 1 август куни амалдаги тартиб-қоидаларни бузган 3500 нафар абитуриент давлат тест имтиҳонларидан чиқариб юборилган.  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Б. Исмоилов сўзларига таяниб, 12news.uz сайти ёзади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2012/2013 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 56 607 нафар ўғил-қиз қабул қилинган бўлса, уларнинг 19 340 нафари давлат грантида ва 37 267 нафари шартнома бўйича таҳсил олмоқда.
Ўзбекистон Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бу йил мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларига кириш мақсадида ҳужжат топширган ёшларнинг сони 432 мингдан ортиқ бўлган. Бу Ўзбекистон абитуриентлари орасида олдинги йилларга солиштирганда рекорд кўрсаткичдир.

Шу ўринда жорий йилда тест ўтказиш билан боғлиқ бир қатор қоидалар такомиллаштирилганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Масалан, тест пайтида нафақат шпаргалка ва мобиль алоқа воситасидан фойдаланиш, балки уларни аудиторияга олиб кириш ҳам абитуриентни имтиҳондан четлатишга асос бўлди. Тест жараёни давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, абитуриентларга ёрдам берса, у тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, тест синовидан четлаштириши мумкин эди.

Суратлар PressPhoto.uz /Gazeta.uz дан олинди

SHARE