Оддий маърузанинг глобал таъсири

Маълумки, шу кунларда Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясининг 67-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда 100 нафардан ортиқ давлат ва ҳукумат етакчилари, шунингдек, ташқи ишлар вазирлари ҳамда делегация раҳбарлари нутқ сўзлашади.  БМТ Бош Ассамблеясининг 67-сессиясида 170 дан ортиқ масала кўриб чиқилиши белгиланган. улар орасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, терроризмга ва жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш, инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалалари бордир.

Ушбу масалалар орасида Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажод, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу чиқишлари дунё оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Биньямин Нетаньяҳу ўз маърузасида Эрон ўз ядровий қуролини яратиши учун оз муддат қолганлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Эрон уранни бойитиши учун барча имкониятларга эга. Бу кетишда келаси йилнинг ярмига қадар ўз ядровий қуролига эга бўлиши мумкин.  Бунга жаҳон ҳамжамияти йўл қўймаслиги керак, деб қайд этади Исроил бош вазири.

Нетаньяҳунинг фикрича, Эрон томонидан уранни бойитиш 90 фоизга етказилиши жаҳон ҳамжамияти учун “қизил линия” бўлиши керак ва шундан сўнг жаҳон ҳамжамияти жиддий муносабат билдириши керак.

Биньямин Нетаньяҳу маърузасининг ўзи хос жиҳати шундаки, у кўпчиликнинг олдида қўлига плакат олиб, унга қизил пламастерда қизил чизиқ тортиб, “қизил чизиқ урушга олиб бормайди, балки унинг олдини олади”, деб айтди у. Унинг фикрича, жаҳонда тинчликка Эрончалик таҳдид солаётган нарса йўқдир.

Исроил бош вазирининг айтишича, расмий Теҳрон учун қўлланиб келинаётган санкциялар қарийб фойда бермаётир. “Бугун жуда кеч бўлди. Эрон ядро дастурида дам олиш куни йўқ”, деб таъкидлади у, жумладан.

Исроил бош вазири АҚШ билан тил топишишга умид билдирди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Биньямин Нетаньяҳунинг мазкур “Биби бомбаси” (Биньямин Нетаньҳуни “Биби” дейишади) картинаси замонавий нутқ санъатининг энг катта ютуқларидан бири сифатида қабул қилинди.

Исроил бош вазири номини ошкор қилмаган маслаҳатчисининг “Рейтерс”га айтишича, бу ғояни маслаҳатчилар кўп бора муҳокама қилиб кўришган.

 Бу оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилиниб, кенг жамоатчилик реакциясига сабаб бўлди. Пиар-мутахассисларнинг таъкидлашича, Исроил бош вазирининг мазкур картинани ўз нутқида ишлатилиши бошқаларнинг диққат-эътиборини жалб қилишдир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, БМТ тарихида нутқларда аудио ва визуал воситалардан фойдаланиш ҳолатлари илгари ҳам кузатилган. Масалан, 1962 йили Кариб инқирози пайтида БМТ Хавфсизлик кенгашида АҚШ махсус вакили суратларни ишлатади. 2003 йилда собиқ АҚШ Давлат котиби Колен Пауэлл БМТ хавфсизлиги кенгашида Саддам Ҳусайннинг ядровий, биологик ҳамда химиявий қурол борлигини ҳақида Америка назариясини картиналарда кўрсатган эди.  2009 йилда Муаммар Қаддофий БМТ Устави нусхасини қўлига олиб, йиртиб, БМТ Бош ассамблеяси президентига қаратиб отган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, БМТ Бош ассамблеяси нутқ сўзлаган АҚШ президенти Исроил позициясини қўллаб-қувватлаб,  Америка “Теҳрон ядровий қуролни қўлга киритмаслиги учун барча чораларни кўришини” маълум қилди.

SHARE