“Бунёдкор” стадиони Шакирасиз очилди

Тошкентда 2012 йил 28 сентабрь куни «Бунёдкор» спорт комплексининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус вакиллари ҳамда футболчи ва футбол ишқибозлари қатнашди.

Тадбирда Президент нутқ сўзлаб, ўзбек футболига омад тилади. “Бугун биз мамлакатимиз тарихида чуқур из қолдирадиган тарихий воқеа – ажойиб, бетакрор “Бунёдкор” спорт мажмуасининг очилиш маросимида қатнашяпмиз. Ушбу воқеанинг аҳамияти ва маъноси яна шундаки, ўзбек футболи ўзининг 100 йиллигини нишонламоқда”, деди давлат раҳбари.

«Бунёдкор» спорт мажмуаси ўз ичига 56 гектар майдонни эгаллаган 7 та замонавий майдон, болалар-ўсмирлар футбол мактаби, бассейн ва бошқа замонавий иншоотларни қамраб олган.

Кейин майдонга мамлакатнинг етакчи футбол клублари “Бунёдкор” ва “Пахтакор” майдонга тушди. Футболчилар қизиқарли ўйинни намойиш этишди. Тадбир ўзбек қўшиқчиларининг байрам концерти билан якунланди.

Тантанали воқеа якунида минглаб тошкентликлар мушакбозликни томоша қилиш имконига эга бўлишди.

Бундан аввалроқ, «Бунёдкор» стандиони очилиши ва ўзбек футболининг юз йиллик тадбирларида жаҳон эстрада юлдузларидан Шакира ёки Бейонс, шунингдек, Месси, Роналду, Бекхем сингари футбол усталари қатнашиши мумкинлиги хусусида миш-мишлар тарқаган эди.

Суратлар ЎзА мухбирлари Аъло Абдуллаев ва Сарвар Усмоновга тегишли. Gazeta.uz сайтидан олинди

SHARE