Ўзбекистонда Chevrolet Cobalt тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун Тошкентда “GM Uzbekistan” Америка — Ўзбекистон қўшма корхонасининг яна бир янги енгил автомобили – Chevrolet Cobalt седанининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Компания вакилларининг сўзларига қараганда, янги Cobalt шу турдаги автомобиллар орасида етакчига автомобиллардан бўлиб, бунинг учун барча чоралар кўрилган.  Бетакрор дизайни ва замонавий хавфсизлик тизими билан Cobalt автомобил ишқибозлари учун жуда қулай.

Ушбу моделдаги автомобиллардан йилига 120 мингдан зиёд ишлаб чиқарилади ва уларнинг камида 50 фоизи МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

Янги седанни ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ Асака заводида амалга оширилади. Эҳтиёт қисмларни етказиб бериш билан эса ҳозирда мавжуд 15 та ва янги иш бошлаган яна 3 та корхона шуғулланади. Шунингдек, автомобилга АҚШ билан яна бир қўшма корхона — «General Motors Powertrain Uzbekistan” заводида ишлаб чиқарилаётган янги тежамкор 1,5-литрли, 105 от кучига эга бўлган ва 100 км.га ўртача 6,2 литр ёқилғи сарфлайдиган DOHC двигателлари ўрнатилади.

Chevrolet Cobalt харидорларга икки турда –  5 босқичли механик узатма ва 6 босқичли автомат узатмада тақдим этилади. Бундан ташқари хавфсизликни таъминлаш учун седан корпуси юқори сифатли металлдан ишланган бўлиб, ABS (тормоз тизими антиблокировкаси) ва ҳимоя ёстиқлари билан жиҳозланган.

Суратлар Ўзбекистон миллий ахборот агентлигига тегишли бўлиб, uzdaily.uz сайтидан олинди

SHARE