Ўзбекистон ФИФА рейтингида 7 поғона пастлади

 

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси – ФИФА терма жамоаларнинг сентябрь ойи учун рейтингини эълон қилди.

Август рейтингида икки поғона юқорилаб, 63-ўринга кўтарилган Ўзбекистон терма жамоаси янги рейтингда етти ўринга пастда ва айни вақтда 70-поғонадан жой олган. ФИФА расмий сайтининг ёзишича, янги рейтингга олти қитъада бўлиб ўтган жами 54 ўйин натижалари ҳам таъсир кўрсатган. Маълумот ўрнида, август ойида Миржалол Қосимов қўл остидаги Ўзбекистон терма жамоаси Иордания терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси умумий рейтингда пастлаганига қарамай, Осиё терма жамоалари орасида ҳали ҳам кучли бешликда бормоқда. Ўтган ойдаги каби бу сафар ҳам Осиёда олтинчи бўлиб турган Хитой терма жамоаси бир ой ичида 9 ўринга пастлаб, айни вақтда 78-поғонани Ироқ билан бўлишиб турибди. Осиё қитъасидаги кучли тўртликда ўзгариш бўлмаган: Япония (23), Австралия (25), Жанубий Корея (27), Эрон (54). Қайд этиш жоиз, рўйхатдаги сўнгги икки терма Ўзбекистоннинг ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичидаги рақиблари ҳисобланади.

Саралашдаги Ўзбекистоннинг бошқа икки рақиби – Қатар ҳамда Ливан терма жамоалари сентябрь ойи рейтингида фақат юқорига кўтарилишган. Қатар терма жамоаси икки ойлик ўзгаришсиз ҳолатдан сўнг бу сафар 6 ўринга юқорилаб, 92-поғонани банд этган бўлса, август рейтингида кўтарилиш бўйича ўзига хос натижа кўрсатган Ливан бу сафар 3 ўринга юқорилади ҳамда жаҳон миқёсида 124, Осиё мамлакатлари орасида 16-ўринни эгаллаб турибди.

Жаҳон рейтингининг юқори ўнлигида катта ўзгаришлар кузатилмаган: Испания ҳамон пешқадам, ундан кейинги ўринларда Германия ҳамда Англия терма жамоалари боришмоқда. Ягона ўзгариш сифатида 5-ўриндаги Португалия билан 4-ўриндаги Уругвайнинг ўзаро жой алмашганини қайд этиш мумкин. Рейтингда энг юқори кўтарилишни Бермуда ороллари терма жамоаси қайд этган бўлса (18 ўрин тепага, 102-ўрин), Литва терма жамоаси 31 ўринга пастлаб, ўзига хос антирекорд ўрнатди (116-ўрин).

SHARE