General Motors Ўзбекистондаги фаолияти учун АҚШ давлат департаменти мукофотига сазовор бўлди

General Motors Ўзбекистондаги фаолияти учун АҚШ Давлат департаментининг юксак корпоратив стандартлари учун мукофотига савозор бўлди.

Хорижий мамлакатларда ишлайдиган Америка компанияларига аталган мазкур мукофот 1999 йилдан бери Давлат котиби томонидан топширилади. Бу йил 82 даъвогар ичидан энг яхшилари танлаб олинди. Даъвогарлар Американинг жойлардаги элчилари томонидан тақдим этилади.

Бу йилги ғолиблар орасида Chevron (Туркманистондаги лойиҳалари учун), General Motors (Ўзбекистонда), Esso (Анголада), Intel минтақавий ваколатхонаси (Вьетнам ва Малайзияда), Microsoft минтақавий ваколатхонаси (Тайланд, Ҳиндистон ва Мисрда), Rosalie Bay (Доминикада), Sorwathé (Руандада), Sustainable Mahogany Industries (Фижида) компаниялари бор.

Бу йилги ғолибларга мукофотни 28 ноябрь куни АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон тантанали маросимда топширади.

GM концерни Ўзбекистоннинг автомобилсозлик тармоғига 2008 йили кириб келган. Ўшанда «Ўзавтосаноат» АК билан ҳамкорликда Асака автомобиль заводи базасида GM Uzbekistan қўшма корхонаси ташкил этилган эди.

Шу пайтгача корхона томонидан Epica, Captivа, Lacetti, Spark, Malibu ва Cobalt русумидаги автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2011 йили GM ва «Ўзавтосаноат» Тошкентда двигателлар ишлаб чиқарадиган GM Powertrain Uzbekistan заводини ишга туширди. Бу ерда йилига 200 000 двигатель ишлаб чиқарилади.

Манба: ca-news.org

SHARE