Ташқи ишлар вазирлиги: Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги мамлакатда болалар меҳнатига йўл қўйилмаслиги ҳақида маълум қилди. Агентлик сайтида жойлаштирилган ахборотга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 10 миллион нафардан ортиғи болалар ва ўсмирлардир.

Мамлакат қонунчилигига кўра, Ўзбекистонда шахсларни 16 ёшдан ишга ёллаш мумкин. 15 ёшга тўлган шахслар эса ота-онасининг бирон-бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёзма розилиги билан ишга жалб қилиниши мумкин. Бу халқаро ҳуқуқ нормалари билан ҳамоҳангдир.

Агентлик тарқатган хабарда қишлоқ хўжалигида, чунончи, пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, деб қайд этилади. Ўзбекистонда пахта нодавлат секторда, яъни фермер хўжалигида етиштирилади, уни йиғишда фермер хўжалиги оила аъзолари кўпроқ иштирок этишади.

Ўзбекистонда 16 ёшдан катта бўлган болаларнинг фермер хўжалиги ишида иштирок этиши оилавий корхонада оила аъзосининг меҳнати сифатида қабул қилинади ва бу халқаро ҳуқуқ нормаларига, шу жумладан, “Саноат ишларига болаларни ишга қабул қилиш ёши тўғрисида”ги Конвенция талабларига мосдир.

Агентликка кўра, Ўзбекистоннинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларига мувофиқ, коллеж ва лицейларнинг 16 ёшга тўлган ўқувчилари кўнгилли равишда ҳамда бўш вақтларида яшаш жойига яқин жойларда ўз ота-онаси ёки қариндошларига ёрдам бериш учун пахта теримига жалб қилиниши мумкин. Аммо бунда маҳалла қўмиталари, касаба уюшмалари ва ўқув муассасалари раҳбарлари уларга барча шарт-шароитларни яратиши, ичимлик суви ва озиқ-овқат билан таъминлашлари керак.

Ўзбекистон халқ таълими ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларининг қўшма буйруғи асосида махсус дастур тасдиқланган бўлиб, умумтаълим мактаб ўқувчиларини мажбарий меҳнатга жалб қилишга йўл қўймаслик бўйича доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, бир қатор халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларида болаларни мажбурий пахта теришга жалб қилиниши мумкинлиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлган эди.