Ўзбекистон ташқи ишлар вазири миш-мишларга чек қўйди

    Сурат wikipedia.orgдан олинди

    Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг ҳеч қандай базаси ёки шунга ўхшаш объектлари очилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси юзасидан қилган маърузаси чоғи маълум қилди, деб ёзади kun.uz сайти.

    Ташқи ишлар вазири, шунингдек, “бирор бир ўзбэк аскари Ўзбэкистон ҳудудидан ташқарида хизмат қилмайди”, деб таъкидлаган.  У, айниқса, сўнгги пайтларда турли оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлаётган турли миш-мишларга ҳам нўқта қўйди.

    Бундай аввалроқ, АҚШ давлат  котиби ёрдамчиси Роберт Блейк журналистлар саволининг АҚШ Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларини рад этган эди.

    Россиянинг “КоммерсантЪ” газетасининг шу йил 23 август  сонида эса Ўзбекистон ҳудудида тезкор ҳаракат қилиш маркази очилиши ҳақида ахборот пайдо бўлган. Газетанинг ўзининг “аноним” манбасига таяниб хабар беришича, ушбу марказ 2014 йилдан сўнг Афғонистондан Америка ҳарбийларининг асосий қисми олиб чиқиб кетилгач, юз бериши мумкин бўлган вазиятларда ҳаракатларни мувофиқлаштиришга хизмат қилиши керак бўлган. Бу ахборот расмий Вашингтон томонидан инкор қилинди. “Қўшма Штатлар  Ўзбекистон билан ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа бирон-бир мамлакати билан ҳам тезкор ҳаракат қилиш маркази очиш юзасидан музокара олиб бормаган, бу бўйича таклифлар ҳам бермаган”, дея АҚШ давлат департаменти вакили баёнот берди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг мазкур баёноти эса ушбу масалага ҳам нуқта қўяди.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Сенати маъқуллаган Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

    SHARE