Шеъриятнинг буюк йўлчиси. Бугун Рауф Парфи таваллуд топган кун

(Улуғ шоир Рауф Парфи ижодига бир назар)

ХХ аср ўзбек шеърияти чинданам юксак санъат ва жасорат намунасидир. Чўлпону Ойбек, Ғафур Ғулому Усмон Носир, Эркин Воҳидову Абдулла Орипов, Шавкат Рахмону Усмон Азим, Хуршид Даврону Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиеваю Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзаеваю Хосият Рустамова ва ҳоказо яна ўнлаб мана шундай шоирлари бор адабиёт қандай қилиб елка қисиб туриши мумкин? Албатта Ҳамид Олимжону Асқад Мухторнинг ўз йўли бўлганидек, Омон Матчону Баҳром Рўзимуҳаммаднинг, Абдували Қутбиддину Азиз Саиднинг, Эшқобил Шукуру Асқар Маҳкамнинг, Фахриёру Раҳимжон Раҳматнинг ҳам ўз шеърий дунёқараши мавжуд. Улар қаердадир бир бирларига ўхшаб кетиши мумкин, лекин моҳият-эътибори билан бирови бошқасидан яққол ажралиб-фарқланиб туради. Шу маънода ҳақиқий шеърият мухлиси ўқувчи сифатида, ўзбек поэзияси тадқиқотчиси олим сифатида омадлидирлар. Ана шундай шоирлар қахкашонида тағин битта шоир борки, санъаткорлигу ҳақпарастликда, жафокашлигу фидойиликда ҳар ким ҳам у билан басма бас келолмайди. Унинг учун шоирлик ТИРИКЧИЛИК ЭМАС, ТИРИКЛИК, Борлик ва Йўқлик, Аввал ва Охирдир!

Шеърият ибтидо, шеърият охир…

деб ёзади шоир сўнгги шеърларидан бирида.

Шеърга,Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балки яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошию ёр- биродарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унчалик ҳам кўп бўлмаган. Шуларни ўйлаганда хаёлимга негадир “лоп” этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ, ҳам девона Машраб келади. Кейин… кейин хаёлим унда – Рауф Парфида тўхтайди… Садағангиз кетай, гапларим эриш туюлмасин. Эҳтимол, сиз шоирни ҳаётда мендан кўра кўпроқ билишингиз, у билан шаҳарнинг турли қаҳвахонасию ошхоналарида пайдар пай улфатчилик қилиб, шоирнинг кўнгил сирларидан, шахсий ҳаётидан мўлроқ хабардор бўлган бўлишингиз мумкин. Ҳатто орангизда шоир билан бирга, бир хонада яшаб, унинг инсон сифатидаги бутун қудрату ожизликларини кўп бор синаганлар ҳам бордир. Лекин барибир, Рауф Парфи деган шоирдан, унинг энг теран, энг нозик, энг муқаддас кўнгил розларидан, гўзал ва оғриқли орзу умидларидан ҳиссий маълумот бергувчи энг зўр, энг ишончли сирдош бу – унинг ўлмас шеърларидир! Чунки шоир ғоят самимий инсон эди. Шахсий ҳаётининг эътиборли жиҳатларини, ўзигагина эмас, ўзгага ҳам қизиқарли бўлиши мумкин бўлган пичоққа илингулик неки қирраси бор, – магарки, улар аввало, шоир қалбидан ўтган, уни ларзага солган эса, – ҳамма ҳаммасини сўзга ишониб топширгувчи эди:

Мени таъқиб қилар шоир деган ном,
Чиқмаган шеъримга садақа олдим.
Асло тарк этмади қурмағур Илҳом,
Неки ундан ўтди, Худога солдим…

Мана энди Рауф Парфи уни яқиндан таниган кишиларга ҳам яна да таниш, яна да тушунарли туюлган бўлса ажаб эмас. Чунки шоирни бутун умр Илҳом, Сўз, Шеър,Ҳақпарастлик, Гўзаллик… таъқиб этди ва уни ўз ҳолига қўймади: шахсий ҳаётини, кундалик турмушини, бир эркак, бир ота, бир инсон сифатидаги фароғатини маҳв этди. Лекин шоир – бу дунёдаги энг ҳассос, энг тез яраланувчи қалб эгаси бўлган санъаткор – ўзи йўқотган неъматларга ҳамиша эҳтиёж сезиб яшади ва уларни ўзгалардан қидириб чирпанди. Бунга муқобил равишда шоирни Сўз таъқиб қилишдан чарчамади. Натижада Рауф Парфининг шахсий ҳаётида топиш-топишиш билан топилганни тинимсиз йўқотиш алмашиб келаверди:

Сўз мени таъқиб қилар
Чирқиратиб ўйиб кўксимни…

Шоир кўксини чирқиратиб ўйган сўз баъзида унинг бошини силайди, руҳини иситади:

Сўзнинг гулханида руҳим исинди…

Яхшилик ва ёмонлик, вафо ва жафо… Рауф Парфи ҳаётида навбатма навбат келиб турганидек, Сўзнинг завқи ва жабри ҳам тахминан шунга яқин бўлган: у гоҳ ҳеч тузалмайдиган ярага айланиб, шоирга чексиз азоб берган:

…Сўнгги Унут сўзин дарёси оқар,

Ундан-да сўрайман, Шеърият надир?!
Лаззатга ғарқ ботиб, кунга қарайман
Ҳеч тузалмас Яра, у Сўздир ахир…

Эҳтимол, яқин йигирма ўттиз йил берисида ҳеч қайси шоир сўзга бунчалар аҳамият бермагандир, ҳаёти мазмунини, тириклиги маънисини Илоҳий каломга боғлаб, уни шунчалар илҳақлик билан кутмагандир, ниҳоятида ўзини унга – Сўзга лойиқ топмай, адоқсиз қийноқлар исканжасида адолар бўлмагандир:

Улар Ким?! Мен Сўзни севдим. Мен – хароб,
Лойиқманми Сўзга, билмадим, нетай?..
Ҳорғин йўловчиман, манзил-да сароб.
Итдек изғидим мен. Мен энди кетай.
Деворга бошимни уриб бўзладим,
Аллоҳга сиғиниб, бўзлаб сўзладим…

Сўзга, ёрга, майга, санъатга, ҳақпарастликка… мана шу янглиғ мубталолик бора бора кишини дунёнинг ғалвали икир чикирларидан, ҳеч қачон тугамайдиган битмайдиган ғийбату фитналаридан, оғриқларидан, озорли юмушларидан, борингки, дунёнинг ўзидан ҳам совутиб олади. Кўнгил ва Дунё ўртасига ўтиб бўлмас девор тиклайди, кечиб бўлмас чоҳ қазийди. Дарҳақиқат, ёр васлига зор ошиқнинг бутун фикру ёди ёр дийдорида бўлиши баробарида бундан бошқа ҳамма нарсалар унинг учун ҳаромдир. Не ажабки, Рауф Парфи деб аталмиш шоир сиймосида юқорида саналганларнинг барчаси жамулжам бўлгандек: у ҳам сўзга санъатга, ҳам май ва ёрга, ҳам Оллоҳга ошиқ эди. Менингча, айнан шу сабабдан ҳам нозик қалбли шоиримизнинг юрагига қўл билан ушлаш мумкин бўлган Дунёнинг ялтироқ матоҳини барпо қилиш сиғмагандир. Эҳтимол, шунинг учун ҳам донғи дунёга кетган машҳур шоир бўлишига қарамай, ўз шахсий ҳаёти, кундалик турмуши устида жиддийроқ бош қотиришга ҳам ҳоли келмагандир. Ахир, биргина ёрга ё санъатга ошиқликнинг нима эканини биз оз-моз биламиз, лекин буларнинг ҳаммаси бир жойга – бир инсон қалбига тўплансалар, бунинг нима ва қандай куч эканини ҳеч қурса тасаввур этишимиз мумкинми? Ватан ишқи, ҳақиқат ташналиги, ёр савдоси, санъат ва сўзга муҳаббат… буларнинг барчаси Рауф Парфи бир умр ўз шеърларида тараннум этиб келган ўзак ва муқаддас мавзуларким, шоир феномени моҳиятини ҳам шу ердан қидирмоқ жоиз. Эҳтимол, мавзуларнинг ҳаммаси шоирнинг биргина Оллоҳга бўлган муҳаббати – ягона ишқининг турли туман тажаллисидир. Ахир, Яратганнинг хислати ҳамма жойда ва ҳар кимда акс этиши ҳақидаги гап кечаги асрнинг олифта назарияси эмас, балки инсоният ақлу ҳушини топиб, ўз қисмати устида фикр юрита бошлагандан буён мавжуд ва шу кунгача ҳеч бир дин, ҳеч бир ҳалқ инкор этмаган ҳақиқат ку!

Рауф Парфи шеъриятини такрор такрор ўқиб, шунга амин бўламанки, шоир ҳуда-беҳуда нарсалар тўғрисида иложи борича ёзмасликка ҳаракат қилган. У шундай мавзуларни қаламга олганки, чуқурроқ мушоҳада этилса, аксарияти одамнинг инсонлик тарафига дахлдор бўлиб, руҳоний маърифатни уйғотишга қаратилгандир. Шунда бирдан “лоп” этиб бир фикр хаёлингизни чулғаб олади: атрофингизни куну тун ўраб турган ва ҳамиша мулоқотда бўлиб юрганингиз одамлар ҳали фақат одамлар экан ҳамда бунга сизнинг ўзингиз ҳам дохил экансиз. Шоир эса одамларнинг одамлигича қолиб кетишини истамайди. Уларнинг инсон даражасига ўсиб чиқишини, инсон бўлишини жуда катта куч билан хоҳлайди, шунга эҳтиёж туяди. Шунинг учун ҳам очиқ кўзлар билан ухлаб юрган одамларга ўз шеърларидан камон ясаб, ўқ-найза отади, токи уйғониш ҳодисаси содир бўлсин, одам Инсонга айлансин!

Инсонлик фитрати уйғонгунча то
Ич, ҳақнинг қонини юҳо жомида.
Чорасиз Ҳақиқат, ул илоҳий нур,
Абад қолиб кетмас ваҳшат домида!

Худо одамни одам қилиб яратди. Унинг фитратига инсонлик уруғини сепди ва шу ерда ишни якунлади. Бундан буёғи эса аввало, ота онага, жамиятга ва ниҳоят, одамнинг ўзига ҳавола этилди. Ота она, жамият ва одамнинг саъй ҳаракатлари билан одам Инсонга айланиши мумкин. Буни ғарбда илмий истилоҳ билан индивид ва шахс деб аташади. Ҳар қандай одам индивид, лекин ҳар қандай индивид шахс эмас, дейди улар.

Демак, одамийзод ҳали ўз орзусига эришгани йўқ. Ҳали унинг онгли, улғайган ҳаёти энди-энди бошланиб келаётир. Буни тушуниб етиш ва ҳар бир одам (индивид) Буюк Уйғонишга аввало, ўзини ўзи уйғотиб, кейин ўзгаларнинг уйғонишига ёрдам бериб ўз ҳиссасини қўшмоғи жудаям муҳим. Зеро, шоирнинг ўзи ҳам сизга, менга, унга – ҳаммамизга умид билан мурожаат қилади:

Қачон уйғонадир халоскор Даҳо?

Бундай халаскор Даҳо бизнинг ҳар биримиз бағримизда ухлаб ётган бўлиши мумкин. Келинг, азиз ўқувчим, унга эътибор берайлик, у – бир уруғдирким, сиз билан биз шу уруғнинг ўсиб чиқиши учун ақлимиз, кўнглимиз ва ҳаёт тарзимиз иқлимини муносиб этайлик. Зотан, миллатнинг, инсониятнинг уйғоқлиги Сиз, Мен ва Унинг уйғонишидан бошланади… Ҳар қандай ибтидо интиҳони, ҳар қандай туғилиш ўлимни тақозо қилади. Одамзод буни яхши билади, билгани боис ҳам улар орасидан тийрак ақлга, ўткир қалб кўзига эга бўлганлари Бошланиш ва Якунланиш оралиғини муносиб босиб ўтишга интилади. Мазкур интилиш эса Инсон зиммасига қатор Вазифаларни юклайди. Рауф Парфи ўз чекига тушган Вазифани бутун масъулиятию шарафи билан идрок этган том маънодаги Жасоратли Шоир эди. Ҳайбаракаллачилик авж олган, адабиёт-санъат олқиш ва мақтовлар майдонига айлантирилган бир пайтда Рауф Парфи Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матчон каби шоирлар билан бир сафда туриб, 60 – йилларда шеъриятга Улкан Мунгни олиб кирди, санъат орқали одамларга овоз чиқариб йиғлаш, қайғу ва дардни ошкора яшаб ўтиш имконини қайтариб берди. Ва энг муҳими, Чўлпон жуда гўзал пардаларда бошлаб берган ХХ аср ўзбек шеъриятини Рауф Парфи юксак санъат нуқтаи назаридан энг баланд чўққиларга олиб чиқди… Худди шундан кейин ўзлигини англаб етган Шоир ўз зиммасига Тарих юклаган, Кишилик жамияти юклаган, Бурч ва Виждон юклаган, Ижтимоий сиёсий маданий Вазият юклаган, Миллий ғурур юклаган, борингки, бутун Инсоният тақдири учун қайғуриш Ҳисси юклаган Улкан Вазифани шараф-ла адо этиб бўлгач, умр ва курашлар адоғида бутун борлиғида тиклаб бўлмас бир ҳорғинликни, бўшлиқни ҳис этади ва… ва унинг миясида, вужудида, юрагида… ўлим соғинчи пайдо бўлади: «Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…” Бу курашлар майдонини, оғриқлар, азоблар бағри – бебақо дунёни ташлаб қочиш эмас, асло! Балки, бу – ўз қисмати чегараларини вақтида нозик илғаган Фаросатли Улуғ Инсоннинг ўзга ўлчамли оламга Жасорат билан талпинишидир:

Улуғ Тангрим, сени аччиқ соғиндим…

Улуғбек Ҳамдам

2006

***

БИТИКТОШ

Фирдавсий бир замон айтгани каби
Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
Фақат икки нарса қолур абадий —
Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган,
Беҳуда гап сотиб юрмаган улар.
Мана, минг йилларни опичлаб келган
Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

Вақт қуюнида не давру даврон,
Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
Бу — Турон аталган муқаддас армон.
Унга қарайману бир ҳис туяман.

Бу юртим тимсоли мангулик тошдир…
Юрагим тошига шеърим ўяман.

Харита

Кўзларимга нур сингари сингиб кетар
Юрагимнинг суврати — харита,
Етар.
Мен ҳали кўрмаган ороллар,
Мен ҳали билмаган ерлар, денгизлар,
Конларимда ором олар.
Қонларимни бузар.
Бунда кўринмайдир бир чайла,
Унда бақираётган бир одам…
Қалқир, қалқар ҳар бир ҳужайра
Кўзимга сачраган ярадан.
Шу парча қоғозни босиб
Ким қалбимни ғижимлар отар?!
Харита — Туркистон — нафасим,
Кўзимнинг иссиғи — харита.

ЮРАК


Гўё барибирдир яхши ва ёмон,
Юрак, сенга борар кўчалар очиқ…
Сачраб ёнарсану бўлмассан тамом,
Ўткинчи ғамларга аччиқма-аччиқ.
Юрак, йўлларингда турганман такрор,
Роса сайраганман сенинг тўғрингда.
Ким билар, ақлимга келдинг неча бор,
Неча бор сўзладим сенинг йўғингда.
Балки алдаганман ваҳима ютиб,
Сен ҳам ташвишларга солгансан балким.
Бугунчи дегайман ўзимни тутиб:
Сен ҳақсан, барибир, менинг юрагим.
Шул осмон остида кезгаймиз ҳали,
Мантиқ ахтаргаймиз изғиб изма-из,
Даркор бўла қолсанг йиқилғил майли,
Фақат йиқилмасин шўрлик дунёмиз.
Изн бер, ҳайқирай иймоним ҳаққи
Кўкларга термулиб солайин уввос.
Мен фақат Туркистон аталган ёрқин
Бир бутун юртимни истайман холос.
Гарчи тутқунман-ку эркин сеҳрингга,
Унда собит турар мақсуд—манзилим.
Қолиб кетмасайдим сенинг меҳрингдан,
Қолиб кетмасайдим йўлда узилиб.
Ажойиб диёрсан, қалбим, на чора,
Шодлик ва ҳасратнинг маскани санда.
Овоз бер, айтарманми эшитиб зора
Еслаб қўярлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Айтгил, зорингни бир кун, юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
Юлиб қўярманми қоғоз юзига?!
У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни тўкардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.

 

 

SHARE