Ва ниҳоят iPhone 5 намойиш этилди. Тезкор, лекин сенсациясиз

Дунёдаги капиталлашуви бўйича энг қиммат компания — Apple бугун ўз смартфони — iPhoneнинг бешинчи авлодини тақдим этди. Компания вице-президенти Фил Шиллернинг сўзларига қараганда, матоҳ тўлалигача ойна ва алюминийдан тайёрланган. iPhone 5 бундан аввалгиларига қараганда бирмунча юпқа ва енгилдир. Унинг қалинлиги 7,6 миллиметр, оғирлиги 112 граммни ташкил этади.

iPhone 5да 4 дюймли Ретина экрандан фойдаланилган бўлиб, бир қатор иловаларни ўзида мужассам этган. У iPhone 4 дан фарқли равишда LTE тармоғини қўллаб-қувватлайди, аммо бундай операторларнинг махсус рўйхати кўрсатиб ўтилган. Мазкур уяли телефон қурилмаси А6 процессорида ишлаб, унинг тезлиги икки баравар ошган. Аппарат кутиш режимида 225 соат, видео қурилмалар ишлаган ҳолатда 10 соат, 3Gга уланган ҳолатда гаплашиш шароитида 8 соат ишлаш қувватига эга. Унинг асосий камераси 8 мегaпикселни ташкил этади.

АҚШда мазкур авлоддаги iPhone матоҳлари оператор шартномалари асосида 16 гигабайт хотира билан 199 доллар, 32 гигабайтлиси 299 доллар ҳамда 64 гигабайтлиси 399 доллар деб белгиланган. Ушбу маҳсулот дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатида 240 дан зиёд операторлар шартномалари билан сотувга 14 сентябрдан чиқарилади.

Бу соҳа мутахассислари янги матоҳ ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, гарчи аппарат ишлаш тезлиги анча юқори ва ҳажми бироз катта бўлса-да, “вов” дейдиган даражада сенсация қилмаганлигини таъкидлашмоқда.

SHARE