Ўзбекистонда давлат мулкини хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди

Бугун Ўзбекистон расмий матбуотида “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун эълон қилинди. Бу мазкур қонун кучга кирди дегани.

Қонунга кўра, мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. У ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин. Мол-мулкдан фойдаланиш фуқароларнинг, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги керак.

Хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Мулкдорга мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш муддати белгиланишига йўл қўйилмайди.

Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.

Хусусий мулк бўлган мол-мулк национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади.

Мулкдор хусусий мулк бўлган мол-мулкини национализация, мусодара ва реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади.

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдор билан келишувга кўра тегишинча туман, шаҳар, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Ер участкасини олиб қўйиш ва уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Давлат органлари уйнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг кўчирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда (имзо қўйдириб) хабардор қилиши шарт.

Олиб қўйилаётган ер участкаларидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ана шу мол-мулк бевосита олиб қўйилишидан олдинги пайтдаги ёки олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулкнинг қийматига таъсир кўрсатган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.

Ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга бузиб ташланаётган мол-мулкнинг ўрнини қоплаш, бузиб ташланаётган уйнинг мулкдорига турар жой бериш, бузиб ташланаётган уй ўрнига якка тартибда уй-жой қуриши учун фуқарога ер участкаси бериш, ер участкаси ва бошқа мол-мулк олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам низони кўриб чиқишда ҳал этилади.

Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.

Ушбу Қонун кучга кирганидан кейин хусусийлаштирилган мол-мулк бўйича хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек суд томонидан ташаббус билан чиқишга йўл қўйилмайди.

SHARE